Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:11

Жалолободда тўққиз аёл очлик эълон қилди


Депутат Ташиев тарафдорлари митинги Жалолобод шаҳри марказий майдонида бўлиб ўтди
Депутат Ташиев тарафдорлари митинги Жалолобод шаҳри марказий майдонида бўлиб ўтди
Жалолобод шаҳрида Қирғизистон парламентининг ўтган ҳафтада ҳибсга олинган уч депутатини зудлик билан озодликка чиқаришни талаб қилиб тўққиз аёл очлик эълон қилди.

Бу маълумотни Озодлик радиоси қирғиз хизмати республика ички ишлар вазирлигидан олди.

8 октябр куни аёллар очлик эълон қилиши арафасида Жалолобод шаҳри марказида депутат Қамчибек Ташиев тарафдорларининг норозилик митинги ҳам бўлиб ўтди.

Жалолобод шаҳри марказида 8 октябр куни ўтказилган митингда, уюштирувчилар иддаосича 5 мингдан ортиқ киши қатнашди.

Мустақил кузатувчилар ҳисобича, тадбирга икки мингдан зиёд одам қатнашган.

Митинг маҳаллий вақт билан кундуз соат 3 ларда президент Атамбаевга мурожаатнома жўнатиш билан якунланди.

Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили Жусубали Торомаматовга топширилган ҳужжатда қамалган депутатларни озодликка чиқариш талаби битилган.

Мурожаатнома муаллифлари президентни агар жавоб бермаса, митинг давом эттирилишидан огоҳлантирган.

3 октябр куни Бишкек шаҳри марказий майдонида Қумтор олтин конини давлат тасарруфига ўтказиш талаби илгари сурилган митингда “Ата Журт” партияси лидерларидан бири, депутат Қамчибек Ташиев масъулиятни ўз зиммасига олишини билдириб, халқни ҳокимиятни босиб олишга чақирган эди.

Шундан сўнг митингчилар 3 октябр куни соат 13.30 лар чамасида парламент ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уйга бостириб киришга ҳаракат қилган.
Шундан сўнг Бош прокуратура Қамчибек Ташиевга ҳамда митингда қатнашган бошқа икки депутат - Садир Жапаров ва Талант Мамитовларга нисбатан Жиноят кодексининг 297- (Конституциявий тузимни зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий даъват этиш) ва 28-295 - (ҳокимиятни куч билан қўлга олиш) моддалари асосида жиноят иши очган ва улар 48 соатга ҳибсга олинган эди.

Кейинроқ суд уларни 2 ойга қамаш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Жалолободлик депутат Қамчибек Ташиевнинг юртдошлари у ҳибсга олинган куннинг эртасидан бошлаб митинглар ўтказа бошлади. Ўтган ҳафта охирида эса, улар Бишкек – Ўш йўлини тўсиб қўйди.

8 октябр куни Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси йўлнинг тўсиб қўйилиши билан боғлиқ жиноят иши қўзғади.

Бошқарма матбуот хизмати вакили Таалайбек Суусунбаевнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига билдиришича, тергов-суриштирув ишлари натижаларидан келиб чиқиб айбдор фуқаролар жавобгарликка тортилиши мумкин.

3 октябр кунги воқеалар билан боғлиқ равишда ҳокимиятни босиб олишга уринганликда гумон қилиниб, 7 октябр куни яна бир киши – Қирғизистоннинг собиқ ҳарбий прокурори, генерал-майор Кубатбек Кожоналиев икки ойга қамалди.

Тергов органларига кўра, Кожоналиев депутатлар Ташиев, Жапаров ва Мамитовлар билан ҳокимиятни босиб олиш тўғрисида тил бириктирган.

Кожоналиевнинг адвокати эса, журналистларга “унинг ҳукумат уйига бўлган ҳужумда иштирок этмагани, айби митингда модераторлик қилганигина” эканлиги тўғрисида гапирган.

3 октябр кунги воқеалар пайтида Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига қараганда, 12 киши тан жароҳати олган.
XS
SM
MD
LG