Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:31

Ҳуқуқ фаоллари Париждан Тошкентга босим ўтказишни сўрамоқда


Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Париждаги учрашуви арафасида Франциядаги тўртта ташкилот "Тошкент инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши ва сиёсий маҳбусларни озод этиши керак", деган чақириқ билан чиқди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ACAT-France – Насронийлар ўлим жазосига қарши, FIDH - Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси ҳамда "Ўтюраклар клуби" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиусга очиқ хат йўллаб, 16 октябр куни Комилов билан бўлажак музокараларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳамда сиёсий маҳбусларни озод этиш масаласини кўтаришни талаб этганлар.

Франция ташқи ишлар вазирига юборилган мактубда Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган ўндан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва мухолифат фаоллари, журналистларнинг номлари келтирилган.

Озодликка чиқарилиши сўралаётган виждон тутқунлари орасида Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон, Солижон Абдураҳмонов, Ҳабибулло Оқпўлатов, Руҳиддин Фахруддинов, Аъзам Фармонов, Исроилжон Холдоров, Абдурасул Худойназаров, Насим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Ғанихон Маматхонов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саййид, Насим Расулов, Аъзам Турғунов каби номлар бор.

Ҳуқуқ фаоллари Европа Иттифоқининг Марказий Осиë стратегияси асосида Тошкент билан инсон ҳуқуқлари юзасидан олиб бораëтган мулоқоти иш бермаётгани, мамлакатдаги вазият фақат ëмонлашаëтганини айтадилар.

- Тошкент ҳукумати ва ЕИ расмийларининг Ўзбекистонда ўсиш кузатилгани борасидаги баёнотларига қарамай, бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳали ҳам абгорлигича қолмоқда. Шу сабабдан Комилов билан ўтказажак музокараларида француз расмийлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ва сиёсий маҳбусларни озод этиш масаласига асосий ўрин беришлари керак, - деди ACAT-France ташкилотининг Марказий Осиё дастури раҳбари Кристин Ларок.

Франция Ташқи ишлар вазири номига йўлланган очиқ хатга Ўтюраклар клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳам имзо чеккан.

- Мақсадимиз - Комилов билан бўлажак музокараларда фақатгина Афғонистон муаммоси, геополитик манфаатларни муҳокама қилиб қолишмасин. Биз уларга инсон ҳуқуқлари мавзуси ҳам кўндаланг тургани ва улар диктаторлик режимининг бир вакили билан ҳамкорлик билан муносабатда бўлаётганликларини эслатиб қўймоқчимиз, - деди Тожибоева.

Ўзбекистон расмий матбуотида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 16 октябр куни Парижда франциялик ҳамкасби Лоран Фабиус билан мулоқот чоғида икки томонлама алоқаларнинг долзарб масалалари, шунингдек, халқаро ва минтақавий муаммоларни муҳокама этиши ҳақида хабар берилган.
XS
SM
MD
LG