Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:04

Ҳокимият: Бухорода намунавий уйлар ўз муддатида битмайди



Бухоро вилоят ҳокимлиги расмийлари бунинг сабаби қурилиш учун эълон қилинган тендернинг кеч ўтказилгани эканини айтмоқда.


12 октябр куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси намунавий уйлар қурилишини кечиктираётгани учун Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажараётган Муҳиддин Эсоновга қаттиқ огоҳлантириш берди.

Вазирлар Маҳкамаси Эсоновдан ташқари жами 10 дан ортиқ ҳокимга ҳайфсан ва огоҳлантириш бериб, 2012 йилда қуриш режаланган уйларни 30 ноябрга қадар битказишни топширди.

Шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиёев назоратида бўлган қурилиш ишлари билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун, жумладан, Бухоро вилоятига боғландик.

Ҳокимиятдан олинган маълумотга кўра, бу вилоятда 2012 йилда битказилиши режалаштирилган 630 та намунавий типдаги уйдан бирортаси шу кунга қадар эгасига топширилмаган.

Вилоят ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг танқидидан сўнг қурилишларда кечаю-кундуз иш ташкил қилиниб, жами 13 мингдан зиёд ишчи уч сменада ишлаяпти.

Жумладан, Ғиждувон туманида айни кунларда давом этаётган 105 та уй қурилишида 876 ишчи иштирок этаяпти.

Ғиждувон туман ҳокимлиги ходимининг айтишича, қурилиш уч сменада ташкил қилинганига қарамай, уйлар Вазирлар Маҳкамаси белгилаган муддатда битмаслиги аниқ.

- Бизнинг режамизга кўра, 1-ноябр ҳолатида 50 та уй-жойни топшириш имкониятимиз бор. Яъни, 105 тадан 50 тасини. Қолганида ҳам иш тўхтаб қолгани йўқ. Фақат улар бир ой муддатга кечикиши мумкин. Уни ҳам декабрнинг 20-ларига тайëрлаб топширамиз деб турибмиз, деди исмини ошкор қилмаётганимиз суҳбатдош.

Ғиждувоннинг Ҳавзак қишлоғида қурилаётган 10 та уйнинг қурилишига маъсул бўлган прорабга кўра, уйларнинг 20 декабрга топширилиши ҳам кечикиши кутилаяпти.

- Яна 10 кун чўзилиши мумкин. Чунки қилинган сувоқлар ва кўчаларга ётқизилган асфальтларнинг қуриши кечикиши мумкин. Энди ҳаво совуб қолди, деди исмини ошкор қилмаётганимиз прораб.

Бухоро вилоят хокимлиги ходимига кўра, намунавий типдаги уйлар қурилиши мамлакатнинг барча жойида бирдай кечикаяпти.

- Қани айтингчи, қаерда битказилди?! Ҳамма жойда бирдек. Фақат Андижонда битказилди холос, деди хокимлик вакили.

Ғиждувон туман ҳокимлиги ходимига кўра, қурилиш ишларининг кечикишига Осиё Тараққиёт банки томонидан белгиланган тендернинг вақтида ўтказилмагани сабаб бўлган.

- Қурилиш ишлари озгина кечикди. Осиë тараққиëт банки талабларига асосан ўтказилиши керак бўлган танловлар кечикди озгина. Шунинг учун қурилиш ҳам кеч қолди. Янги талаб бўлгани учун июн ойларида ўтказилдида. Олдин баҳор ойларида бошланиб қурилиш муддати мана бугунги пайтда анча тугаб қолардида. Ҳозир янги талаб Осиë тараққиëт банки томонидан қўйилдики, танлов қилинглар. Танловлар ўтгани пайт биз учун кечда. Қурилиш муддати баҳордан кузгача бўлади. Энди шунинг учун ҳаракат қилаяптики ишчи кучини кўпайтириб ўз муддатида топшириш учун эгаларига, деди суҳбатдош.

Ғиждувонлик прорабнинг айтишича, намунавий типдаги уйлар аҳоли учун жуда қулай қилиб қурилаяпти.

- Шаҳарга қишлоқни яқинлаштириш мақсадида қилинаëтган нарса. Намунавий қуриб қўяяпти мана. Ташқарида коммуникацияси бор. Битта оила учун жуда ажойиб. 6 сотих ери бор. Ҳамма қулайликларга эга. Гази бўлади, водопровод мана киритиб қўйганмиз. Ҳаммаси намунавий бўладида. Ичкарида ҳам туалети бор. Ташқарида ҳам бор, деди қурувчи.

Шунингдек, унинг айтишича, янги уйларни фақат ўзига тўқ фуқароларгина харид қилаяпти.

- Улар орасида энди энг камбағали фермерлар дейиш мумкин, деди прораб.

1-ноябрда битказилиши режалаштираётган Ҳавзакдаги 4 хонали уйлардан бирини ғиждувонлик Мансурбек сотиб олган.

Мансурбек ҳозирда ўз уйига эга, янги уйни эса уч фарзандига атаб ҳарид қилганини айтади.

- Энди икки қиз, бир ўғлим бор. Уларнинг келажаги учунда бу уй. 97 миллион сўм бўлди. Уйнинг 63 миллион сўмини кредит қилиб берилаяпти. 7 фоизлик кредит расмийлаштирилган. Қолган 35 миллионини банкка тўладикда, деди янги уй эгаларидан бири Мансурбек.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йил охиригача Ўзбекистонда жами 8 минг 510 та намунавий типдаги уйлар қуриб битказилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG