Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:56

Яккабоғда ўқувчилар пахта тераяпти


23 октябр куни ҳуқуқ фаоллари томонидан ўтказилган мониторинг натижасида Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 70-мактаб ўқувчиларининг Бешкалтак қишлоғи далаларида пахта тераётганини аниқлаган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси раиси Елева Урлаеванинг Озодликка айтишича, Яккабоғ тумани Бешкалтак қишлоғи ҳудудида 70-мактабнинг бир гуруҳ ўқувчилари дарс пайти далада пахта тераётганига шахсан ўзи гувоҳ бўлган:

- Биз Яккабоғ тумани далаларида 70-мактаб ўқувчиларини учратдик. Улар билан гаплашганимизда 4-5-6-синф ўқувчилари эканини айтишди. Далада жуда кўп болалар пахта тераётган эди. Биз ўқувчиларни суратга олдик. Улар билан суҳбатлашиб, видео тасвирга ҳам олдик. Болалар уларнинг ёши 10, 12 ёшда эканини айтишди. Улар жуда ёш. Болалар дарс машғулотлари ўрнига пахта тераётганликларини айтишди, дейди Елена Урлаева.

Бешкалтак далаларида пахта тераётган ўқувчилар билан суҳбатлашиб, видеога олган журналист Малоҳат Эшонқуловага кўра, кейинчалик Яккабоғ милицияси улардан видео тасвирларни тортиб олишга ҳаракат қилган.

- Милиция ходимлари биз кетаётган машинани ўраб олишди. Улар ҳужжатларимизни текширишди. Кейин фото ва видео тасвирлар билан қизиқишган эди. Мен уларга қонун бўйича, расмий ҳужжат, сўров қоғози олиб келишларини сўрадим. Мен айтимки, фақат шундан кейин уларга қўлимдаги фото ва видео тасвирларнигина беришим мумкин. Кейин улар чалғиб турган пайт, биз кўчада кетаётган таксини тўхтатиб, “қочиб” кетишга улгурдик¸ дейди Малоҳат Эшонқулова.

Озодлик мухбири Яккабоғ туман Халқ таълими бўлими раҳбари Тоштемир Ҳушвақтов билан суҳбатлашганда, у тумандаги мактаб ўқувчилари орасида далага чиқиш ҳолатлари бўлаётганини инкор қилмади.

Тоштемировга кўра, ўқувчилар фақат дарсдан бўш пайти, ота-оналар томонидан пахта теримига жалб қилинаяпти:

- Дарсдан кейин ота-онасининг кўмагида чиққан бўлиши мумкин. Дарсни қолдириб ёки дарсдан кейин группа қилиб, пахтага олиб чиққанимиз йўқ. Агар 4 ёки 5- синфлар бўлса, улар тушдан кейин ўқийди. Балки ота-оналари олиб чиққан бўлиши мумкин. Энди қишлоқ жойини биласиз. Ота-она боласининг уст-бошини қилиши керак. Обунасини тўлаши керак. Шунинг учун ота-оналар болаларини олиб чиққан бўлиши мумкин, деди Тоштемир Ҳушвақтов.

Жорий йилда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига кўра, мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб қилиш қатъий тақиқланди.

Мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида ўқувчилар ўрнига уларнинг ўқитувчилари пахта тераяпти.

Ўқитувчиларнинг далага ҳайдалиши ортидан аксар мактабларда дарс машғулотлари қисқартирилди ёки бир қанча синф ўқувчилари битта синфда қўшиб ўқитилди.
XS
SM
MD
LG