Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:23

Ё телевизор Президентни чалғитди, ёки Президент...


Одам – яхши сўз қули. Айниқса, ўзбек - қули. Айтилмади ана ўша яхши сўз. Дейилмади.


19 октябрдан бери бир нарса тинчлик бермайди.

Нега?

Нима учун индамади?

Бир оғиз қўшиб қўйса бўлмасмиди?

***

Бу саволлар бошқа саволни пайдо қилди.

Телевизорчи, телевизор?

Телевизор индармиди?

Телевизор кўрсатармиди?

Шу пайтгача кўзим тушмаганини сезиб қолдим.

Ҳар қалай, иложи борича қолдирмай кўрадиганим “Ахборот”да кўзим тушгани йўқ.

Балки бошқа махсус кўрсатувларда кўрсатишгандир.

Шунинг учун мамлакат ичидаги томошабинлардан сўрай бошладим.

Шаҳрисабзлик томошабинга асосий саволни бериш учун аввал аниқлаб олай дедим:

Озодлик: Ўзбекистон телевидениесини кўриб турасизми?

- Йўқ, кўрмайман. Мен иш билан. Келсам, кўрсам, ДВД кўраман. Бўлмаса, кўрмайман. Вақт йўқ, дейди шаҳрисабзлик суҳбатдош.

Телевизор кўрмаган одамга асосий саволни беришнинг ҳожати йўқ.

Асосий савол - мана бу, навоийлик томошабинга берган саволим:

Озодлик: Пахта мавсуми давомида ҳашарчиларни кўрсатдими, кўрсатмадими?

- Йўқ, кўрсатилгани йўқ, очиғини айтсам, дейди навоийлик суҳбатдош.

Лекин нишонлик томошабин теримчини кўрибди телевизорда. Вилоят телевизорида. Лекин кўрсатилган теримчи ҳашарчими-йўқлигини аниқ билмабди.

- Кўрсатади. Тақдирлаëтганларини кўрсатади.

Озодлик: Ҳашарчиларни-я?

- Теримчиларни кўрсатади-да. Ҳашарчи деганда коллеж, нималарнинг нималарини назарда тутаяпсизми?

Озодлик: Ҳа.

- Унча нима қилмайди, дейди нишонлик суҳбатдош.

Фарғоналик томошабиннинг жавобиям мужмалроқ бўлди.

- Илгари кўрсатмас эди. Тўғриси, эътибор бермайман. Фақат Россияни кўраман. Бор гап-да, дейди фарғоналик томошабин.

Самарқандлик томошабин синчковроқ чиқиб қолди:

- Ўтган йиллари талабаларни пахта полясида кўрсатарди. Оқшомлари ҳар хил концертлар уюштирганини кўрсатарди. Илғор теримчиларга совға-саломлар топширганини кўрсатарди-да ўзимизнинг Самарқанд каналидан. Бу йил бирорта бунақа кўрсатув кўрсатмаганми - умуман кўрмадим, дейди самарқандлик суҳбатдош.

Лекин телевизорларнинг ҳашарчини кўрсатмагани - 3,5 миллион тоннали улкан хирмон ҳашарчисиз терилди, дегани эмас.

Бугун гаплашганларимизнинг кўпчилиги, жумладан, қашқадарёлик томошабин ҳам, ёши 60 га яқинлашиб қолганига қарамай, ҳашарга чиқди.

Озодлик: Пахта тердингизми бу йил?

- Чиқдик.

Озодлик: Ҳашарчи бўлиб тердингизми?

- Ҳа.

Озодлик: Неча кун чиқдингиз?

- 10-15 кун чиқдим. Болаларим полний чиқди, дейди қашқадарëлик суҳбатдош.

Лекин бу томошабин бошқа миллионлаб юртдошлари каби тунов куни ўз Президентидан раҳмат эшитмади.

Президент тунов кунги табригида деҳқон, фермер ва мутахассисларни табриклади. Бироқ ҳашарчилар тўғрисида бир нима демади.

"Вой", дедим. "Қизиқ-ку", дедим.

Ва ўтган йилги табрикни топдим. У мана бундай бошланган:

“Азиз дўстлар!

Энг аввало, сиз қадрдонларимни – заҳматкаш бободеҳқон ва фермерларни, сувчи ва механизаторларни, агроном ва селекционерларни, барча мутахассис ва мутасаддиларни ўз зиммангизга олган шартнома мажбуриятларини шараф билан адо этиб, юртимиз хирмонига 3 миллион 500 минг тоннадан ортиқ юқори сифатли пахта ҳосили етказиб берганингиз билан самимий табриклайман”.
(Президент Табрикномасидан олинган бу парчада раҳмат эшитганларни мен ажратдим)

Ҳашарчиларга:
мактаб ўқувчилари,
ўрта-махсус ва олий таълим ўқув юртлари талабалари,
ўқитувчи ва врачлар,
муҳандис ва технологлар,
фаррош ва ҳаммоллар,
катта ва кичик автобус ҳайдовчилари,
таксичилар,
савдогар ва ҳисобчилар,
дурадгор ва чилангарлар,
қассоб ва новвойлар,
уй бекаларию маҳалла оқсоқоллари,
ўт ўчирувчилару мелиса ва прокурорлар...
– борингки, “Ҳамма пахтага!” шиорига “лаббай” деб ҳам, демай ҳам куни далада ўтганларга бир оғиз “Раҳмат, оғайнилар!”, деб қўймади Президент.

Балки у кишининг ҳашарчиларга миннатдорчилиги табрикнома сарлавҳаси - “Ўзбекистон пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига” жумласидаги сўнгги “меҳнаткашларига” сўзи замирига сингдирилгандир?

Шундай бўлса – яхши.

Лекин бу оз кўринди. Алоҳида тилга олишини хоҳладик-да, энди!

Бироқ, томошабин-ҳашарчилар эътибор ҳам бермабди Президентдан раҳмат эшитмаганига.

Масалан, қашқадарёлик томошабин-ҳашарчи.

Озодлик: Президент кечаги табригида ҳашарчиларга раҳмат айтмади-да. Тилга олмади ҳашарчиларни.

- Республика бажарган табригидами?

Озодлик: Ҳа.

- Эътибор қилмабмиз, ака, дейди қашқадарëлик томошабин ҳашарчи.

Шаҳрисабзлик томошабин-ҳашарчи камтарларнинг камтари чиқиб қолди.

- Бизлар энди рабочий одам, дейди шаҳрисабзлик томошабин ҳашарчи.

Ҳа, энди, Президентнинг раҳмати шаҳрисабзлик камтар бир “рабоччи одам”га керак бўлмаса, бошқаларга керак!

Ахир одам – яхши сўз қули. Айниқса, ўзбек - қули.

Айтилмади ана ўша яхши сўз. Дейилмади. Ҳашарчи раҳматсиз қопкетди.

Ким айбдор?

Телевизор айбдор!

Агар Телевизор ҳашарчининг далаларда жавлон уриб пахта тераётганини ора кунда олти марта кўрсатиб турганида эди, Президент кўрган бўларди.

Нутқёзарларига “”Барака топгурлар, ҳашарчиларниям қўшиб қўйинглар табрикномага, уларниям бир бағримга босай”, деган бўларди.

Хўш, натижа нима бўлди?

Натижада мана бундай зарарли фикрлар пайдо бўла бошлаяпти. Масалан, фарғоналик томошабин-ҳашарчи айтгани каби.

- Менимча, нима десам бўлади, фермер аъзоси эмас-ку улар. Фермерда ишламайди. Шунақа бўлгандан кейин балки чиқарилиши ноқонунийдир. Тагида энди олиб қараса. Шунинг учун бўлиши ҳам мумкин. Чунки энди ишдан озод қилиш учун бир ердан буйруқ чиқиши керак бўладию. "Фалончилар озод қилинсин, пахта теримига жалб этилсин, иш ҳақи сақлансин", дейиши керак-ку кимдир. Шунақа буйруқ чиқмагандан кейин улар ҳақида расмий гап бўлмаса керак-да, дейди фарғоналик томошабин-ҳашарчи.
XS
SM
MD
LG