Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:12

Юртдошларини фоҳишаликда айблаб ўлдирган ўзбекистонлик қамалди


Москва шаҳар суди ўз юртдошларини “фоҳишалик”да айблаб ўлдиришда иштирок этган ўзбекистонлик Ҳусанбой Маҳкамовга 15 йиллик қамоқ жазоси тайинлади. Судда Маҳкамов ўзининг қотилликка мутлақо алоқаси йўқлигини билдирди.

Ўтган чоршанба куни Москва шаҳар суди Россия пойтахтида таксичилик қилиб юрган ўзбек муҳожири Ҳусанбой Маҳкамовни қотилликка алоқадорликда айблаб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган Москва шаҳар суд матбуот маркази раҳбари Анна Усачёва маҳкама давомида прокурор ўзбекистонликка 17 йиллик қамоқ тайинлашни талаб қилганини гапиради.

- Демак, у уч нафар юртдошини гўё “аҳлоқсизлиги” учун ўлдирганликда шериклик қилгани учун 15 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди. У 15 йилни қаттиқ режимдаги колонияда ўтказади. Ўлдирилган аёллар эса ҳақиқатан Ўзбекистон фуқаролари эди, дея маҳкама тафсилотларини маълум қилди Анна Усачёва.

Москва шаҳар судидан олинган маълумотга кўра, 2011 йилнинг 14 майида Москванинг Молдагулова кўчаси, 28-уйдаги квартираларнинг биридан уч нафар ўзбекистонликнинг мурдаси топилган.

Жиноят жойига етиб келган терговчилар одамлар ваҳшийларча пичоқлаб кетилганини гапиришмоқда. Москванинг Шарқий маъмурий округ бўйича Тергов қўмитаси бошқармаси вакили адлия майори Роман Сёмушкин ўлдирилганлардан бири эркак киши бўлганини аниқлаштирди.

- Жиноят жойини кўздан кечирганимизда уч одамнинг мурдаси топилди. Эркак киши 1987 йилда туғилган, бир аёл 1982 йилда туғилганини айтишим мумкин. Ўликлар кўп жойларидан пичоқ билан чавақлаб кетилган. Биз бу ҳодиса юзасидан “қотиллик” моддаси асосида жиноий иш қўзғатган эдик, дейди Тергов қўмитаси расмийси Роман Сёмушкин.

Тергов тахминлари бўйича, 23 ёшли Ҳусанбой Маҳкамов ўзининг яна иккита шериги билан бу аёлларни “мусулмончилик ақидаларига хилоф аҳлоқий юриш-туриши учун” жазолашга қарор қилган.

Маҳкамовга тегишли бўлган телефон ёрдамида бу аёллар билан учрашув жойи квартирада белгиланган ва унинг машинасида етиб келган жиноятчилар квартирадаги одамларга жами 57 маротаба пичоқ билан зарба берган, жарбланган аёллардан бирининг калласи кесилган.

Суд жараёнида прокурор суд раиси Михаил Откинга ўзбекистонлик аёллар фоҳишалик билан шуғулланиб келганини тасдиқлаган. Изқуварлар Маҳкамовнинг қотиллик содир этилган кунда унинг телефонидан қилинган қўнғироқлар биллинги орқали аниқлаган ва 2011 йилнинг 16 июнида қўлга олган.

Суд давомида давлат қораловчиси Маҳкамовнинг тергов бошидан ўз айбига иқрор бўлмагани, бироқ кейинроқ полиция ходимларига қотилларни олиб боргани ва уларга “фоҳишаларни” ўлдиришда ёрдам берганидан “фахрлангани”ни маълум қилди.

Лекин Ҳусанбойнинг адвокати маҳкамада ўз ҳимояси остидаги шахс қотиллар билан масжидда танишгани, улар шунчаки Молдагулова кўчасига машинада олиб боришни илтимос қилгани, зеро Маҳкамов анчадан бери шаҳарда таксичилик қилиб кун кечираётганини айтган.

Адвокатнинг сўзларига қараганда, йўлда кетаётганида қотиллардан бири Маҳкамовдан телефонидан танишларига қўнғироқ қилиб олишни сўраган. “Айбланувчининг кўрсатмалари мантиқан тўғри, ҳақиқатга мос. Айбловчилар бу аргументларга бирор қаршилик кўрсата олмайди”, деди судда Маҳкамовнинг адвокати.

Шунингдек, у айбловчиларга қотиллик сабабларини диний мотивлар билан асослаш жуда қулай экани, жиноят содир этилган хонада Ҳусанбой Маҳкамовнинг бармоқ излари топилмагани, у ўлдирилган ўзбекистонликларни умуман кўрмаганини ҳам гапириб ўтган.

Суд раиси ўз қарорини эълон қилишидан олдин сўзга чиққан Маҳкамов Ҳусанбой ўзининг мутлақо айбсиз экани, содир этмаган жинояти учун умрини қамоқда ўтказишни истамаслиги, прокурор ишора қилаётган “иқрорнома” эса қийноқлар остида қўл қўйдирилганини билдирган.

Айтиш жоизки, ўтган йил июнида Ҳусанбой Маҳкамов Москва шаҳар Шарқий округ Ички ишлар бошқармасининг ҳожатхонасидаги ойнадан 15 метр баландликдан ерга сакраб, қочишга уринган.

Бинонинг учинчи қаватидан парковкада турган машиналардан бирига тушган муҳожир бош чаноғи ёрилиши, мия чайқалиши натижасида госпиталда анча даволанган.

Ҳимоя тарафи келтирган далил-исбот ва кўрсатмаларга қарамасдан, Москва шаҳар суди судяси Михаил Откин Ҳусанбой Маҳкамовни 3 нафар ўзбекистонликни ўлдирганликда айбдор, деб топди.

Москва шаҳар судидан олинган маълумотга кўра, Ҳусанбой Маҳкамов суд қарори устидан шикоят қилишга ажратилган 10 кунлик муҳлати тугаётганига қарамасдан, ҳанузгача апелляция аризасини топширмаган.
XS
SM
MD
LG