Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:12

Қирғизистонда ҳамма солиқ декларацияси топширади


Қирғизистонда 2013 йилдан бошлаб мамлакатнинг ҳар бир балоғат ёшидаги фуқароси солиқ назоратига ўзининг йиллик даромадалари ҳақида мажбурий тарзда ҳисобот топширади. Қирғизистон парламенти бу борадаги қонунни қабул қилди.

Таҳминий ҳисоб-китобларга кўра, 2013 йилдан бошлаб 3,5 миллиондан ортиқроқ одам солиқ инспекцияларига ўзларининг бир йиллик даромадалари ҳақида мажбурий тарзда ҳисобот топширишга мажбур бўладилар.

-Ҳисоботнинг асоси даромад бўлади. Бу иш ҳақи ва бошқа йўллар билан топилган даромад бўлиши мумкин. Албатта, ер участкалари ва мулкка тўланган солиқ миқдорини ҳам кўрсатиш шарт ҳисобланади, - деди Солиқ қўмитаси расмийси Бактигул Казакбаева.

Айни пайтда мазкур қонунни қабул қилган парламент депутатлари ҳам солиқ декларациясини барча фуқаролар топшира олишига шубҳа билдирмоқдалар. Депутатларга кўра, аҳолининг 50 фоизигина декларация топширишга ҳаракат қилиши мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда Бишкекдаги Наврўз ҳуқуқни ҳимоя қилиш жамғармасининг жанубий ҳудудлар бўйича мувофиқлаштирувчиси, “Элсайт” ҳуқуқ ҳимояси маркази раиси Мухторжон Мирқодиров мазкур қонун назорат ва ҳуқуқ – тартибот тузилмаларининг айрим нопок ходимлари учун аҳолидан пул ундириш манбаи бўлиб хизмат қилади, деган фикрда.

-Ҳаммани солиқ декларацияси тўлдиришга мажбур қилиш нотўғри, деб ўйлайман. Декларацияни амалдорлар, фуқаролардан ноқонуний тарзда пул ундириб, бойиш имкониятига эга бўлган ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларидан талаб қилиш лозим. Декларация топшира олмаган оддий одамларни қўрқитиб, “сен солиқ тўламабсан, сени қамаймиз”, деб босим кўрсатиб, улардан ноқонуний пул ундиришга асос яратиб берилиши мумкин, -дейди Мухторжон Мирқодиров.

Ҳукумрон социал-демократалар партияси фаоли, қорасувлик Мирҳабиб Мамажонов ҳам мазкур қонун шошма-шошарлик билан қабул қилинган деб ҳисоблайди:

-Парламентда ҳам, халқ орасида ҳам бу қонуннинг мукаммал эмаслиги айтилаяпти. Оддий ишчи ёки ишсиз одам декларацияга нимани ёзади? Бу иш билан солиқ тузилмалари шуғулланади. Улар даромади бўлмагани учун ҳам декларация топширмаган оддий одамларни жарималарга тортишлари мумкин. Бу кутилаётган ҳолат, - деди Мирҳабиб Мамажонов.

Бироқ Қирғизистон солиқчилари бу қонунинг қабул қилиниши ортидан яширин иқтисод камаяди, деб умид қилмоқдалар. Маълумотга кўра, аҳолидан олинаётган солиқ декларацияларини одамлар эмас, нарҳи 250 миллион турадиган махсус автоматик тузилма текширади.

Қирғизистон парламенти депутати Улукбек Кочкоров бу тузилма соҳта декларацияларни аниқлашга ёрдам беришини айтади:

-Масалан, тизимга менинг декларациям киритилади. Унда даромадим 1 миллион сўм деб кўрсатилган. Бироқ мен 5 миллион сўмга машина сотиб олганим ҳақда ёзганман. Машина автоматик тарзда бундай солиқ декларацияларини ажратиб олади, -деди Улукбек Кочкоров.

Кейинги йилдан бошлаб солиқ декларациясини ёши 18 дан ошган ҳар бир фуқаро, жумладан, талабалар ва ишсизлар ҳам топширади. Солиқчилар ҳозирча пенсионерлар, хориж фуқаролари ва маҳбуслар топширадиган солиқ декларациялари қандай бўлиши кераклигини ўйлашаётган экан.
XS
SM
MD
LG