Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:45

Маҳбус ошпазлар орасида ўзбек ғолиб бўлди


Новосибирск вилоятидаги 18-қаттиқ режимли колонияда ўтказилган ошпазлик танловида ўзбек палови биринчи ўринни эгаллади. Уни тайёрлаган маҳбус эса қимматбаҳо совға ва яқинлари билан навбатдан ташқари учрашиш имконига эга бўлди.

Новосибирск вилоятидаги 18-қаттиқ режимли колонияда ўтказилган ошпазлик танловида ўзбек палови биринчи ўринни эгаллади. Уни тайёрлаган маҳбус эса қимматбаҳо совға ва яқинлари билан навбатдан ташқари учрашиш имконига эга бўлди.

14 ноябр куни Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) нинг Новосибирск область бош бошқармасига қарашли 18- аҳлоқ тузатиш колониясида сақланаётган маҳбуслар орасида ошпазлик танлови ўтказилди.

18- колония бошлиғининг кадрлар ва тарбиявий ишлар бўйича муовини Евгений Горбань “Колониянинг энг зўр ошпази” лавозими учун курашга Тожикистон, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Россия давлатлари номидан вакиллар сайланганини маълум қилди.

Юқорида тилга олинган бошқарма матбуот хизматининг Озодликка берган маълумотига кўра, қаттиқ режимли 18- колониядагига ўхшаш тадбир Красноярскдаги колонияда ўтказилган.

Мусобақа иштирокчилари бир хил масаллиқдан бир турдаги таом – палов тайёрлашда ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

Иштирокчиларнинг ошпазлик қобилиятларини баҳолаш учун машҳур шоумен ва ошпаз Сева Мокин атайлаб таклиф қилинди.

- Булар шундай шароитларда овқат пиширишга тайёр эканликлари ва бу ишни ажойиб маҳорат билан амалга ошираётганига қойил қолдим. Паловнинг ҳар бир тури ўзгача миллий усулда тайёрланди, дейди бошловчи Сева Мокин.

Тожикистонлик ошпаз Султон Очилов палов кўплаб мамлакатларнинг миллий таомига айлангани ва ҳар бир мамлакатда уни тайёрлашнинг ўзига хос сирлари борлигини гапиради.

- Бу бизнинг миллий таомимиз. Ёшлигимиздан уни тайёрлашни ўргатиб келишади. Ош дилдан тайёрланса, ширин бўлаверади, дейди тожикистонлик Султон Очилов.

Ва ниҳоят таомлар пишди. Ҳакамлар ҳар бир лагандан тотиб кўрди ва ўзбек ошпази тайёрлаган паловни "энг мазали", деб топди.

- Бу ошпазлар танлови ғолиби этиб 3- рақам остида иштирок этган Искандаров Неъмат танланди, деди жюри раиси.

Жюри аъзоларига ёқиб тушган ошни пиширган ўзбекистонлик Неъматжон Искандаровга ошпазлик соврин топширилди. Шунингдек, ошпазлик танлови иштирокчиларига 18- қаттиқ режимли колония раҳбарияти томонидан яқинлари билан қўшимча учрашиш ва посилка олиш ҳуқуқи берилди.

Жазони ижро этиш федерал бош бошқармасининг Озодлик Радиосига маълум қилишича, 18- колонияда оғир жиноят содир этганлар сақланади.
XS
SM
MD
LG