Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:28

Ўзбекистонлик йигит тўрт русни ёнғиндан олиб чиқди


Челябинскда қаҳрамонга айланган Ҳаким Очилов.
Челябинскда қаҳрамонга айланган Ҳаким Очилов.

Челябинск вилоятининг Копейск шаҳрида 29 ёшли ўзбекистонлик Ҳаким Очилов тўрт одамни ёнғиндан олиб чиқди. Шаҳар маъмурияти ўзбек муҳожирига маҳаллий ўт ўчирувчилар сафида ишлашни таклиф этмоқда.


Челябинск қахрамонлик кўрсатган ўзбек йигитини қутлади

Жанубий Урал маркази Челябинск шаҳрининг ён биқинида жойлашган Копейскда шаҳар маъмурияти ва вилоят Ёнғинга қарши кураш хизмати раҳбарияти кўп болали оилани оловдан олиб чиққан ўзбекистонлик Ҳаким Очиловни қутлаш мақсадида махсус маросим ўтказди.

Бу ҳақда Озодликка гапириб берган Челябинск вилояти Ёнғинга қарши кураш хизмати бўлим бошлиғи Светлана Коренкова Копейскда оддий ҳайдовчи бўлиб ишлаётган бу йигитнинг ёнғин пайтидаги ўзини тутиши ва у бажарган ҳатти-ҳаракатлардан ҳатто кўпни кўрган ўт ўчирувчилар қойил қолганини айтади.

- Бу жуда ғаройиб ҳодиса! Гап шундаки, ўт ўчириш хизматига мутлақо алоқаси йўқ одам ёнғин бошланганида мутлақо тўғри ҳаракатларни бажарди: у аввалига “112” рақамига қўнғироқ қилган, хона ичидаги болаларни курткаси билан ёпган, уларни пастлаб олиб чиққан, хонада турган газ баллонини уйдан олиб чиққан. Бу ҳаракатларни бажариш саросимага тушиб қолган ҳар қайси одамнинг қўлидан келавермайди! Билмадим, у армияда десантчи бўлиб хизмат қилганими, умуман ўзи шунақа тартибга ўргатилган одамми, ҳар ҳолда у тўрт кишининг жонини сақлаб қолди,- дейди ўт ўчирувчилар бошқармаси расмийси Светлана Коренкова.



Ёнғинга қарши кураш бошқармаси ва Копейск шаҳар маъмурияти вакиллари Ўзбекистон фуқароси 29 ёшли Ҳаким Очиловнинг қаҳрамонлиги тафсилотлари тўғрисида сўзлаб беришди.

Копейск яқинидаги Потанино қўрғонида 4 октябр куни кечаси кўп болали оила яшайдиган хонадон ёнаётгани тўғрисида маҳаллий ёнғинга қарши кураш бўлимига телефон орқали хабар етиб келди.

Қўнғироқ қилаётган ўзини Ҳаким Очилов деб таништирган.

Журналистларга берган интервьюсида Ҳаким ёнаётган қўшнининг уйи атрофида дод солаётган овоздан уйғонганини гапиради:

- Бақириқ эшитиб қолдим, кейин машина сигнали ишга тушиб кетди. Югуриб келсам, уй атрофида бир болача бақириб югуриб юрибди. Кейин ичкаридаги болаларни қутқаришга киришдим,- дейди Ҳаким Очилов.

У уй олдида нима қиларини билмай турган аёлнинг ногирон эри ва болалари олов ичида қолиб кетганини билиб, иккиланмасдан ёнғинга ташланган. Бирпасда Ҳаким кўчага бир яшар қизалоқни олиб чиққан ва яна ичкарига кириб кетган.

Олов ва тутун босган хоналардан бирида у 8 яшар болакайни топиб, маҳкам қучоқлаган ҳолда уни олиб чиққан. Орқага қайтаётиб Очилов болаларига ёрдам бераман деб ичкарига кирган ва қалин тутундан заҳарланиб хушидан кетган онани йўлакда кўриб қолган. Ҳаким Очилов она болани кўтариб ташқарига олиб чиққан ва уларни ёнаётган уйдан узоқроққа жойлаштирган.

Ҳаким Очилов учинчи маротаба ёнаётган уйга кириб кетади ва хоналарни қоплаган тутундан ҳеч нарса кўриб бўлмайдиган хоналардан бирида пайпаслаб 10 яшар болани топиб олади ва боланинг устида аллақачон ёнаётган кийимларини ечиб ўзининг курткасига ўраб олади ва ташқарига эсон-омон олиб чиқади.

Ҳаким ичкарида яна болалар ва ногирон уй эгаси борлигини билган ва ёнаётган эшикдан кираолмасдан ошхона деразасини синдириб кирган. Ошхонада у газ баллонига кўзи тушиб қолган ва портлашни олдини олиш мақсадида қизиб кетган газ баллонини курткасига ўраб ташқарига улоқтириб юборади. Шундан кейин Ҳаким танасининг 60 фоизи куйган ва ўзи юраолмайдиган уй эгасини ҳам кўтариб ташқарига олиб чиққан. Ҳаким уйда яна иккита бола қолиб кетгани ва уларни олиб чиқишнинг иложи бўлмаганидан афсусланишини айтди, матбуотга берган интервьюсида.

Уй эгаси Анна Болшакова эри эндигина шифохонадан чиққани ва соппа-соғ фарзандлари билан қариндошларининг уйида яшаётганини маълум қилди.

- Ҳакимни бизга Худонинг ўзи жўнатди. У қайтиб-қайтиб эримни, болларимни оловдан олиб чиқди, уй эса тўлиқ ёнаётган эди,- дейди Озодликка уйи куйган Анна Болшакова.

Шундан кейингина собиқ ўзбек десантчиси Ҳаким Очилов қутқариб олган оила аъзоларини ўзининг уйига олиб кирган ва кейинроқ етиб келган тез ёрдам ходимларига топширган.

Озодлик радиоси Ҳаким Очилов билан боғланиб, суҳбатлашишга ҳаракат қилмоқда.

"Менга медалнинг кераги йўқ"

Койпейск маъмуриятида Ҳаким Очиловнинг боши ва қўли енгил куйганини маълум қилишди.

29 ёшли ўзбекистонлик бу йигит 7 йилдан бери Челябинск шаҳрида яшаб, катта юк машиналарини бошқарар экан.

Маълум бўлишича, ўт ўчирувчилар бошқармасида қаҳрамон йигитни медалга сазовор деб ҳужжатларни расмийлаштиришга киришишган, бироқ у Ўзбекистон фуқароси эканлиги туфайли унга совға беришга қарор қилишди.

Ёнғинга қарши кураш хизмати ва шаҳар маъмурияти раҳбарияти томонидан совғалар билан тақдирланган Ҳаким Очилов унга ҳеч қандай медалнинг кераги йўқлиги, чунки ўзи ҳам 10 яшар ўғил ва 2 яшар қизчани тарбиялаётгани ва шу сабабли ўйланмасдан ёнаётган уйга кириб кетганини айтди.

Унинг бехато ва аниқ ҳаракатларини алоҳида қайд этган Челябинск вилояти Ёнғинга қарши кураш хизмати бошлиғи Геннадий Ведерников Ҳакимни Фахрий ёрлиқ билан тақдирлар экан, унинг ўт ўчирувчилар сафига қўшилиши мумкинлигини эҳтимолдан ҳоли қилмади.

- У ҳозирча Россия эмас, Ўзбекистон фуқаросидир. Аммо ўйлайманки, истак-хоҳиш бўлса бу масалани ҳал этиш мумкин. Ахир истисносиз қоидалар бўлмайди-ку,- дейди ўт ўчирувчилар сафига Ҳаким Очиловни таклиф этган Геннадий Ведерников.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:30 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG