Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:07

Москвада иш ташлаган фаррошлар орасида ўзбеклар бор


Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг кўпчилиги фаррошлик қилади.
Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг кўпчилиги фаррошлик қилади.

Москва мэрияси 26 нафар муҳожир фаррош иш ташлагани учун бошқарувчи “РЭУ-18” ширкатини жаримага тортди. Орасида ўзбекистонликлар ҳам борлиги айтилаётган ишчилар 6 ой мобайнида иш ҳақи тўланмаётгани боис куни кеча Москвага ёққан қалин қорни тозалашни бош тортди.



Москванинг Измайлово туманида ҳақ тўланмаётгани боис иш ташлаган фаррошларни ёлланган “РЭУ-18” ширкати жаримага тортилди.

Москва мэриясининг матбуот маркази раҳбари Андрей Иванов Озодликка “хусусий бошқарувчи “РЭУ-18” ширкати Шарқий Измайлово туманидаги ҳовлиларни тозалаш бўйича ўз вазифаларини виждонан бажармагани”, “шаҳарликлардан кўп маротаба шикоятлар тушгани” ва “ширкат раҳбари фаррошларни босим остида ишлатгани” учун жаримага тортилганини маълум қилди.

Мэрия расмийси ишчиларга 6 ой давомида маош берилмагани тўғрисидаги иддаолар асоссиз эканини таъкидлади.

- Ширкат қандай ишлаган бўлса, шундай жавобини олди. Ишчилар билан эса ҳеч қандай муаммо йўқ: бир ойлик қарз уларга 15 декабргача тўланади. Ширкатни эса туман аҳолисининг ўзи истаса ишдан бўшатиб ташлайди. Ишчиларга 6 ойлик маош берилмагани тўғрисидаги миш-мишлар асоссиздир, деди Озодлик билан суҳбатда Москва мэриясининг матбуот маркази раҳбари Андрей Иванов.

4 декабр куни 26 нафар тожикистонлик фаррош Измайловода ярим йилдан бери ҳақ олмаётгани иддаоси билан иш ташлади. Москванинг Шарқий округи префектурасида “РЭУ-18” ширкатида вақтинчалик молиявий муаммолар юзага келгани туфайли ишчиларнинг ойлиги бироз кечиктирилгани, аммо “маош фақат бир ойга берилмагани”ни аниқлаштиришди.

Айни пайтда, “Тожик меҳнат муҳожирлари” Умумроссия ҳаракати президенти Каромат Шарипов Озодликка фаррошлар “РЭУ-18” ширкати томонидан расман ишга олинмагани ва улар билан шартномалар тузилмагани ва шу боис улар “қора бухгалтерия” ҳисобидан ҳақ олиб келганини айтди.

Шарипов иш ташлаганлар орасида ўзбек муҳожирлари ҳам борлиги, уларга маъмурият томонидан депортация қилиш ва яшаётган ётоқдан чиқариб ташлаш тўғрисида таҳдидлар бўлаётганини билдирди.

- Уларга “Ё тозалайсан, ёки кетасан”, дея шарт қўйишди. Уларнинг барчаси ноқонуний меҳнат муҳожири, ҳужжатлари йўқ, шартнома имзоланмаган. Албатта, маъмурият расмийлаштирилган қандайдир ишчига бир ойлик ҳақ тўламанган, деяпти. Мана бу 26 ишчиларчи?! Март оийдан бери олмаган экан! Кеча иш ташлаган йигитлар ўрнига Молдова ва Қирғизистондан келган аёллар қор курашга ташланди. Ҳақ берилмаган 26 киши орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. “РЭУ-18” раҳбарияти эса “Биз булар билан шартнома тузмаганмиз, ким билан келишган бўлса, ўша ҳақ тўласин”, деяпти,- дейди ҳуқуқ фаоли Каромат Шарипов.

Шариповнинг Озодликка маълум қилишича, ҳозирда бу ширкатда ишлаган фаррошлар номидан Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоятлар расмийлаштирилиши масаласи кўрилмоқда. Лекин, “Россия судлари бирор марта муҳожирнинг тарафини олганига гувоҳ бўлмаганман”, дея қўшимча қилди суҳбатдош.

Маълум бўлишича, бу ширкат олдин ҳам ўз ишчиларини алдаб келган, доимий муаммолар туфайли охирги бир-икки йил ичида бир нечта раҳбар алмаштирилган.

Ўтган ҳафтадан бери Россиянинг марказий қисмига қалин қор ёғди. Йўл музлаши ва қор ортидан аҳоли зич жойлашган Москвада жиддий транспорт муаммолари юзага келди. Биргина Москва-Петербург трассасида 100-200 километрлик тиқин пайдо бўлди, айрим ҳайдовчилар пробкада 3 кунлаб қолиб кетди.

Жорий йилнинг 8 октябрида Санкт-Петербургда ҳам тожикистонлик фаррошлар иш ташлаши натижасида Невский тумани ахлатга кўмилиб кетди. Икки кунлик ишташлаш туман маъмурияти ишчиларнинг маошини тўлиқ тўлаб берганидан кейин якунланди.
XS
SM
MD
LG