Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:29

Қирғизистонда маҳбуслар яна очлик эълон қилди


Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Қорақўл шаҳридаги 23-тергов изоляторида сақланаётган 80га яқин маҳбус 42 талаб билан очлик эълон қилди. Ҳибсхона раҳбарияти журналистларни маҳбуслар билан учраштиришдан бош тортмоқда.

Расмий маълумотда айтилишича, Қорақўлдаги тергов изоляторида сақланаётган махбуслар очлик акциясини 4 декабр куни бошлаган. Дастлаб 80га яқин маҳбус очлик эълон қилган, бугунги кунда эса уларнинг 60га яқини очликни давом эттирмоқда.

Жазони ўташ бош бошқармаси тарқатган маълумотда айтилишича, маҳбуслар тергов изоляторидаги айрим камералар эшикларини доимо очиб қўйиш, озиқ-овқат таъминотини ва ҳибсхона шароитини яхшилаш каби 42 талабни қўймоқда.

Тергов изолятори раҳбари Таалай Асаналиев маҳбусларнинг бир қатор талаблари қонунга зид келишини айтди:

- Маҳбусларнинг ўз етакчилари бор. Улар “Биз хоҳлаган камерага эркин кириш ҳуқуқига эга бўлишимиз, ҳафтасига бир марта барча маҳбусларни йиғиб мажлис ўтказишимиз керак”, деган талабларни қўймоқда. Мен бу талабга рози бўлганим йўқ, шунинг учун ҳам маҳбуслар очлик эълон қилишди, - деди Таалай Асаналиев.

Қирғизистон Омбудсменининг Иссиқкўлдаги вакили Болот Абдиев очлик эълон қилган маҳбуслар билан икки кундан бери сўзлашувлар олиб борилаётганини айтди. Унга кўра, мазкур изоляторда ҳақиқатан ҳам сақлаш шароитини яхшилаш керак.

- Маҳбуслар сақлаш шароитини яхшилашни талаб қилишаяпти. Тахтадан пол қилиниши кераклигини айтишаяпти. Чунки изолятордаги камералар заҳ ва нам. Бундан ташқари изоляторда электр таъминотини ҳам яхшилаш керак. Маҳбуслар идиш-товоқлар билан ҳам етарли даражада таъминланган эмас, - деди Болот Абдиев.

Унинг айтишича, маҳбуслар 42 талабнинг барчаси бажарилмагунига қадар очликни тўхтатмасликларини билдирганлар. Ҳибсхона раҳбарияти журналистларни маҳбуслар билан учраштиришдан бош тортмоқда.

Сўнгги бир йил ичида 23-тергов изоляторида маҳбуслар иккинчи маротаба очлик эълон қилишмоқда. Жорий йилда Қирғизистон қамоқхоналарида бу каби очлик эълон қилишлар бир неча марта содир этилди. 2012 йилнинг бошланишида Бишкек ва унинг атрофидаги 14 та қамоқхонадаги маҳбуслар очлик эълон қилиб, оғизларини тикиб олган эди.
XS
SM
MD
LG