Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:18

Путин Каримовнинг МДҲдаги фаоллигини олқишлади


Ашхобод саммити иштирокчилари Владимир Путин¸ Имомали Раҳмон ва Ислом Каримов.
Ашхобод саммити иштирокчилари Владимир Путин¸ Имомали Раҳмон ва Ислом Каримов.

"Россия Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги Эркин савдо ҳудудига қўшилиш истагини олқишлайди"¸ деб баëнот берган Россия президенти бу масалада иккиланаётган давлатларга Ўзбекистондан ўрнак олишни тавсия қилди.

Ўзбекистон Эркин савдо ҳудудига қўшилишини тасдиқлади

5 декабр куни Туркманистонда бўлиб ўтган МДҲ саммитида Россия ҳукумати Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги Эркин савдо ҳудуди шартномасига қўшилиш истагини ижобий баҳолаб, қолган давлатларни ҳам бу шартномани имзолашга чақирди.

- Биз Ўзбекистон раҳбарияти томонидан билдирилган МДҲдаги Эркин савдо ҳудудига қўшилиш хоҳишини ҳар томонлама олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Мен барча ҳамкасбларимга айнан позицияни эгаллаш ва Ўзбекистонни қуллаб-қувватлашга чақираман, деди Владимир Путин .

МДҲ раҳбарлари учрашувида 20 зиёд масала муҳокамага қўйилган ва уларнинг асосий қисми иқтисодий ҳамкорликка оид бўлган.

Ҳозирча Эркин савдо ҳудуди шартномасини МДҲнинг олтита давлати -
Россия, Украина, Беларус, Қозоғистон, Арманистон ва Молдова имзолаган; Қирғизистон ва Тожикистон иккиланаётган мамлакатлар қаторида қолмоқда.

Владимир Путин шартномага қўшилиш масаласида якуний тўхтамга келмаган мамлакатлар яқин келажакда ўз розиликларини беришига ишонч билдирди.

“Иккита мамлакат қолди – бу Қирғизистон ва Тожикистон, аммо биз ҳамкасблар билан доимий алоқада. Билишимча, оддий техник масалалар қолган. Иш олиб борилаяпти”, дея ишонтирди Россия президенти.

Шунингдек, йиғилишда Путин МДҲ мамлакатлари Хизматлар эркин савдоси шартномаси ва Умумий валюта бозори келишувини тайёрлаётганликларини алоҳида таъкидлади.

- Унинг амалда татбиқ этилиши тижорий режаларимизни миллий валюталарда рўёбга чиқариш имконини беради, мамлакатларимиз банкларига ўз ишини самарали ташкиллаштириш ва минтақанинг макро-иқтисодий мустаҳкамлигига хизмат қилади. Сўзсиз, бу қадам интеграцияга қаратилган ҳаракатларимизнинг янада чуқурлашишига замин яратади, деди Владимир Путин.

Ашхободдаги МДҲ давлат раҳбарлари саммити чоғида Россия президенти деярли барча давлат раҳбарлари билан яккама-якка учрашувлар ҳам ўтказди.

Саммитда меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича келишиб олинди. Бу келишувга кўра МДҲга аъзо давлатларда миллий меҳнат бозорлари ягона мониторинги жорий қилинадиган бўлди.

Саммит иштирокчилари терроризмга қарши кураш бўйича янги ҳужжат ишлаб чиқилишини ҳам эълон қилдилар¸ шунингдек терроризмга қарши кураш бўйича махсус мутахассисларни ҳамкорликда тайёрлашга келишилди.

Ашхобод саммитида МДҲ мамлакатлари молиявий разведка тизимлари олиб бораëтган “пул ювиш” ва “террорчиликни молиялаштириш”га қарши курашни махсус мувофиқлаштирувчи Кенгаш тузилди.

Ўзбекистон МДҲ доирасида фаоллик кўрсатмоқда

Кузатувчилар юқорида айтиб ўтилган барча шартнома ва келишувлар қабул қилинишида Ўзбекистон фаоллик кўрсатаётганини гапирмоқда.

МДҲ доирасидаги турли шартнома ва иттифоқларда ўз фаоллиги билан кўзга ташланмайдиган Ўзбекистон Эркин савдо зонаси шартномасига қўшилиш истагини билдирди ва МДҲ Ижроия қўмитаси мутахассислари фикрича, уни имзолашда барча зарурий тайёргарликларни олиб бормоқда.

МДҲнинг Эркин савдо зонаси келажаги тўғрисида Озодлик билан фикр алмашган МДҲ Молия-банк кенгаши бош директори муовини Аҳмед Қахриманов, Эркин савдо ҳудуди Ягона иқтисодий зона ташкил этилиши жараёнидаги асосий босқичлардан бири эканини таъкидлайди:

- Ўзбекистон барча масалалар бўйича келишиб олди, фақат имзолаш қолди, холос. Бу шартномага қўшилмаган фақат Туркманистон ва Озарбайжон қолмоқда. Лекин бу давлатлар билан ҳам қизғин музокаралар олиб борилмоқда, шу сабабли уларнинг ҳам келаси йил унга қўшилиши кутилмоқда. Умуман олганда, Эркин савдо зонасига МДҲ давлатларининг қўшилиши ягона иқтисодий майдонни юзага келтиришда асос бўлиб хизмат қилади, деди МДҲ Молия-банк кенгаши расмийси Аҳмед Қахриманов.

Эркин савдо ҳудудини тузиш тўғрисидаги келишув Санкт-Петербург шаҳрида 2011 йилнинг 18 октябрида МДҲнинг 8 аъзоси – Арманистон, Беларус, Молдова, Россия, Тожикистон, Украина, Қирғизистон ва Қозоғистон Бош вазирлари томонидан имзоланган.

Эркин савдо ҳудуди ҳақидаги шартнома 2012 йил 20 сентябрда куни кучга кирди.

Шартномани имзолаган қатор мамлакат парламентлари аллақачон уни ҳам ратификация қилди.
XS
SM
MD
LG