Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:10

“Бирдамлик”нинг “шодлиги”га тўсқинлик қилинмоқда


Бирдамлик фаоли Елена Урлаева.
Бирдамлик фаоли Елена Урлаева.

АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик сиёсий муҳожир Баҳодир Чориев етакчилигидаги “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати”нинг “Оммавий Шодлик” – “ОШ” лойиҳаси доирасидаги 7 декабр куни Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги акцияси ҳам тўсқинликка учради.

“Бирдамлик” ўз “ОШ”ини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 20 йиллиги муносабати 1 декабрдан 10 декабрга қадар ўтказишни режалаштирганини эълон қилган эди.

“Оммавий шодлик” лойиҳасининг навбатдаги акциясини тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева ўтказишга уринди.

У 7 декабр кунги “ОШ”ни ўғли Муҳаммад ўқийдиган мактабда ўтказмоқчи бўлди. “Чунки, деди Елена, шу куни мактабдаги дарсларнинг барчаси Конституцияга бағишланиши режалаштирилган экан”.

- Билагимга “ОШ” сўзи ёзилган боғични тақдим, пуфаклар сотиб олиб уларга ҳам шу сўзни ёздим. Лекин мени мактабга киритишмади. Боғичимни ечишни, пуфакларни дамини чиқариб йўқотишни талаб қилишди, милиция чақирамиз, деб қўрқитишди, деди Елена Урлаева.

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати” маълумотларига қараганда, бу ташкилотнинг Ўзбекистонда кўплаб тарафдорлари бор ва улар ҳам “ОШ” тадбирларини ўтказишга ҳаракат қилмоқда.

Масалан, “Бирдамлик” ЎХДҲ Андижон в-ти Бўлими матбуот ҳизмати” деган имзо билан куни кеча тарқатилган хабарномада жумладан мана бундай дейилган

“Тадбирнинг асосий куни 7 декабр бўлиб, шу куни “бир пиёла чой”дастурхонига меҳмонларни таклиф этиш режалаштирилган. Ўтириш ниҳоясида мехмонлар, оқ дурраларга нон, ширинликлар ва мевалардан тугун қилиб бериб, кузатиладилар. 8 декабрь куни “Бирдамлик” Ҳаракати Андижон бўлимининг раиси ва матбуот котиби Тошкентда режалаштирилган тадбирда иштирок этгани борадилар”. (Асл нусха имлоси ва пунктуациясини сақладик)

Акция баёнотдагидай ўтдими-йўқми – бу савол жавобини билиш учун қилган ҳаракатларимиз бесамар бўлди – Ҳаракатнинг Андижондаги вакили билан боғлана олмадик.

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати” етакчиси, АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик сиёсий муҳожир Баҳодир Чориев Ўзбекистонда ўтказилаётган “ОШ” акциялари тўғрисида мана бундай деди:

- ОШ марафонидан мақсадимиз Ўзбекистон конституциясининг 20 йиллигини байрам қилиш ва мана шу байрам муносабати билан халқимизга конституциямизни кенгроқ тушунтириб бориш, қонун устуворлигига қараб кичик бўлса ҳам қадам қўйишга ҳаракат қилаяпмиз. Бизнинг фаоллар Ўзбекистоннинг барча вилоятларида, кўп туманларида ишлашаяпти, дейди Баҳодир Чориев.

Баҳодир Чориевнинг айтишича, “ОШ” тадбирлари мамлакатнинг қатор шаҳарларида ўтказилган.

- Андижонда биринчи число куни Андижон вилоят раҳбаримиз Саиджаҳон Зайнобиддинов бошчилигидаги фаоллар бўйинларига оқ шарф тақишиб, қўлларида конституциямиз китобларини халқимизга тарқатишди ва расмларга тушириб, мана шу расмларини бизга юборишди.

Озодлик: Андижонда неча киши қатнашди?

- Андижонда Саиджаҳон ака бошчилигидаги фаоллар. Ҳозир умумий хабар келган. Неча киши, қаерда, қандай қатнашганлиги ҳақидаги қолган хабарларни олганимиз йўқ. Биз асосан илтимос қилдик расмларни юборишга. Расмларни бугунги кунгача келган Андижон вилоятиникини. Шунақа фаолликлар 1-декабрдан бошлаб Тошкентда, Самарқандда, Навоийда, Бухорода, Қашқадарëда, Жиззахда, Хоразмда бўлиб ўтди. Мана шу фаоллик бугунги кунда дам давом этмоқда вилоятларда.

Озодлик: ОШда ҳаммаси бўлиб неча киши иштирок этди?

- Барча вилоят раҳбарларимиз ўзининг ëрдамчи фаоллари билан биргаликда, энди мен ҳозир қанча иштирок этди деб айта олмайман. Чунки бизда ҳозир ўта ëмон алоқа бўлаяпти. Ҳатто электрон почталаримизга, телефон орқали хабар алмашишга ҳам имконият бўлмаяпти. Лекин аниқ сизга ишонтириб айтаманки, барча вилоят раҳбарларимиз ўзининг фаоллари билан биргаликда халқнинг ичида юриб, ОШ тадбирини кенг халқ оммасига етказишга ҳаракат қилмоқда, дейди Баҳодир Чориев.

Баҳодир Чориевга кўра “Оммавий Шодлик” тадбирини ўтказишга маҳаллий маъмурлар тўқсқинлик қилаяпти.

Бу ҳақдаги маълумотлар Чориев етакчилигидаги ташкилот сайтида ҳам эълон қилиб борилмоқдаки, уларнинг сарлавҳалариёқ кўп нарсадан дарак беради: “Бирдамлик” етакчиси Саида Қурбонованинг уйига куч ишлатар тизими ходимлари бостириб киришди”, “Наманганда “Бирдамлик” фаолларига тазйиқ бошланди”, “Бирдамлик” етакчисига босим бошланди”.

Мана шу сарлавҳалару улар остида келтирилган фактларнинг ўзиёқ Ўзбекистон маъмурлари бирдамликчиларнинг ташаббусига қанчалик эътибор бераётганини кўрсатиб турибди.

Ана ўша “эътибор” туфайли “Бирдамлик”нинг “ОШ”и реалдан кўра виртуалроқ акция бўлиб қолмоқда, чунки “ОШ” акциялари тўғрисида сайтларда ҳам, ижтимоий тармоқда ҳам маълумот оз эмас.

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева “ОШ”ларидан бири – 1 декабр куни ўтказилган тадбирга 4 киши қатнашгани тўғрисида айтиб берди.

- Фаолимиз Лариса Григорьева, коллеж талабаси Григорий Григорьев, мен ва 2-б синфи ўқувчиси Муҳаммад – ҳаммаси бўлиб 4 киши қатнашдик, деди Елена Урлаева.
XS
SM
MD
LG