Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:50

Беш ака-ука полициячиларга ҳужум қилганликда айбланмоқда


Новгород вилояти бўйича Россия Тергов қўмитаси томонидан беш нафар ўзбекистонлик ака-укага нисбатан жиноий иш очилди.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган Новгород вилояти бўйича Тергов бошқармаси раҳбари муовини, адлия полковниги Людмила Сергеевага кўра, ака-укаларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 318-моддаси 2-қисми, яъни ҳокимият вакилининг соғлиги ва ҳаётига хавфли бўлган зўравонлик қўллаганликда айбланмоқда.

- Уларнинг бешаласи ҳам Ўзбекистон фуқароси, ҳаммаси туғишган ака-укалар экан. Жиноий иш қўзғатилди, тергов олиб борилмоқда. Билишимча, кеча уларни ҳибс этилиши тўғрисида суд қарори чиқарилди. Тергов якунланмагунига қадар уларнинг шахсига оид бошқа тафсилотларни билдиришга ҳаққим йўқ, деди Озодликка Людмила Сергеева.

Сергееванинг сўзларига кўра, 26, 24, 22, 21 ва 19 ёшдаги айбланувчи ака-укалар ҳозирча тергов изоляторида қолмоқда. Озодликнинг расмий сўровномасига келган хабарномада, Новгород вилояти Тергов қўмитаси муштлашув жойида бўлган отишма юзасидан махсус текширув ҳам олиб борилаётгани билдирилган.

Новгород вилояти бўйича Ички ишлар бошқармасида Озодликка қисман бўлсада, воқеа тафсилотларини сўзлаб беришди.



Бошқарманинг матбуот хизмати раҳбари полковник Владимир Матюшкин полициячиларга қилинган ҳужум ҳақида оммавий ахборот воситаларида берилаётган маълумотлар бироз изоҳ талаб қилишини гапиради:

- “Полициячилар калтакланди” дея айрим оммавий ахборот воситаларида берилаётган жумлага эътирозим бор. Бу “калтаклаш” дейилмайди. Бу шунчаки “полиция ходимига қилинган ҳужум”, дейилади. Ахир улар ёш бола эмаску, калтакланиши учун. Улар қонун асосида бажараётган хизматлари давомида ҳозирча тушунарли бўлмаган сабабларга кўра ўзбекистонликлар қаршилигига учраган, дейди полковник Матюшкин.

Полиция расмийсининг маълум қилишича, 9 декабр куни соат тунги 23:05 ларда Новгороднинг Мерецкова кўчасида пост-патрул хизматининг икки ходими кўринишидан осиёлик бўлган икки шахсни ҳужжат текшириш мақсадида тўхтатган. Бу йигитлар қочишга уринган, бироқ улар ортидан етиб борган полициячилар бу йигитларни шу кўчанинг 5-уйи ёнида тўхтатган ва София майдонидаги полиция бўлинмасига олиб боришга уринган:

- Бироқ шу уйнинг подъездларидан биридан уч нафар одам чиқиб, полициячиларга ташланган. Муштлашув давомида полициячилар танасининг турли қисмига жароҳатлар етказилди, дейди полиция вакили Владимир Матюшкин.

Шунингдек, полиция ходимлари кейинчалик ўзбекистонлик ака-укалар экани аниқланган бу шахслар уларнинг табел тўппончасини олишга ҳаракат қилганини ўз аризаларида кўрсатган. Полиция ходими пистолетдан ҳавога қарата ўт очганидан кейин ҳужум қилганлар жиноят жойидан қочиб “подъездда ғойиб бўлган”ини билдирган.

Муштлашув жойига етиб келган полиция қўшимча наряди ва тергов-оператив гуруҳ томонидан ҳужум қилганлар шахси аниқланган. Расмий хабарга кўра, бу шахслар яшаётган квартира қуршаб олинган ва улар эрталаб ишга кетаётганида ҳибс этилган.

Аниқланишича, мия чайқалиши ва бошқа тана жароҳатларини олган полиция ходимлари Новгород вилоят клиник шифохонасига олиб кетилган.

12 декабр куни маҳаллий суд ўзбекистонлик ака-укаларни тергов якунлангунига қадар ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарди.

Полициядан олинган хабарга кўра, Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 318- моддаси 2-қисми асосида Ўзбекистон фуқаролари 10 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Озодлик ҳодиса гувоҳлари ёки Буюк Новгороддаги бу ҳодиса тўғрисида бирор маълумотга эга бўлганлардан сайтимизда кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиш ёки электрон мактуб орқали тафсилотларни билдиришларини сўрайди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:42 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG