Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:51

Боғча пули “бойлаб” қўйилди


2013 йилнинг 1 январидан бошлаб давлат бюджетидан молиялаштириладиган мактабгача болалар муассасаларида тарбияланадиган болалар учун уларнинг ота-оналари тўлайдиган ҳақнинг конкрет миқдорлари белгилаб қўйилди.


Президент Каримов 25 декабр куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорга биноан, Норма. уз сайтига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидаги давлат бюджетидан молиялаштириладиган мактабгача болалар муассасаларида ҳафтасига 5 кун, кунига 10,5 соатгача тарбияланадиган болалар учун уларнинг ота-оналари энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида – 79 590 сўм тўлайди.

Давлат боғчасига қатнайдиган фарзанди биттадан кўп бўлган ота-оналар ҳар бир фарзанди учун 56 509 сўмдан тўлайди.

Агар давлат боғчаси ҳафтасига 6 кун ишласа, битта фарзанд учун тўлов 96 304 сўмни, икки ва ундан кўп фарзанднинг ҳар бири учун 67 652 сўмни ташкил қилади.

Қишлоқ боғчаси арзонроқ

Қарорга кўра, туман марказлари ва бошқа аҳоли пунктларида жойлашган давлат боғчалари ҳақи Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидагидан озроқ: битта фарзанд учун 55 713 сўм.

Норма.уз га кўра, шу пайтгача боғча пули муқим бўлмаган, балки энг кам иш ҳақи миқдорининг муаяйн фоизлари тарзида белгиланган.

Бу “янгилик”нинг янгилиги нимада эканлигини тушуниш учун фарзанди боғчага қатнайдиган тошкентлик бир она билан суҳбатлашдик.

Унинг бир фарзанди бор ва давлат боғчасига қатнайди.

Боғча пули

- Бир ой боғча пули, давлат пули 96 300.

Қўшимча харажатлар

- 120 минг тўлайман. Тарбиячиси алоҳида ўргатаман, дейди, шуғулланаман дейди, яна қанақадир фондига дейди, хуллас 120 минг. Бир хил нималар алоҳида яна ойига 10 мингдан инглиз тилига қўшимча нимадир ўтса, унга беришади.

Боланинг қорни ҳар қалай оч қолмайди

- Эрталаб борганида каша беради. Кейин обедда қуюқ-суюқ беради қанақадир овқат. Ухлаб турганида бир бўлак пирог билан битта чой беради.

Аралаш-қуралаш

- Қоида бўйича ëш бўйича олиниши керак болалар. Лекин ҳозир ëш бўйича эмас. Ҳозир¸ масалан мен¸инг қизимнинг гуруҳида 6 яшари ҳам бор, бир яшари ҳам бор. Унда энди 3-4-5 ëшгача бўлган болачаларни яримга бўладида ҳўв нариëққа лего қилиб қўяди. У болалар лего ўйнаб ўтиради. Қолган анави мактабга чиқадиганлар борку, 6-7 ëшга чиқаëтганлар, уларга шуғулланади. Уларга ҳарф ўргатади, ëздиради, математика қилдиради, расм чиздиради. Лекин баробар тўлаймиз.

Жой бўшаса ётади, бўшамаса “лего” ўйнайди

- Ўзи одатда бўлиши керак 20 тагача. Группада 53 бола. Иккита кроватда 3-4та ҳам ëтади бир хил пайтда. Ухлатганда кўпинча катта болаларни ухлатмас эканда, улар билан шуғулланиб, кичкиналарини ухлатиб қўяркан.

Тошкентда яшайдиган суҳбатдошимизнинг фарзанди давлат боғчасига боришини яна бир бор эслатмоқчимиз.

Хусусий боғчалар давлатникидан анча қиммат

Давлатнинг арзон, лекин ўта тиғизлиги бошқа махсус муассасаларни ёдга солувчи боғчаларини хусусий боғчаларга ҳам қиёсламоқчи бўлдик ва бу ишда ҳам суҳбатдошимиз ёрдамига таяндик.

- Хусусий боғча бор олдимизда. 600 минг ойига. Бунинг ичида беш марталик овқатланиш деб ëзган. Мен чиқиб гаплашиб келдим. Мевалар беради. Кейин гимнастикаси, инглиз тилиси, расм бор, дейди тошкентлик суҳбатдош.

Ўзбекистон ҳукумати давлат боғчаларига тўланадиган пулни “бойлаб” қўйгани боис ўша боғчаларга бир онанинг кўзи билан бир назар ташладик.

Баъзи расмий рақамлар

Бугунги кунда мамлакат бўйича 67 та хусусий боғча фаолият кўрсатаяпти. Халқ таълими бўлимлари тассаруфида эса 4978 та боғча бўлиб, уларда жами 539 минг 65 бола тарбияланмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, ҳар йили таълим тизимига ажратилаётган маблағнинг 10 фоизи болалар боғчаларига сарфланади. Жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат боғчаларига жами 343,9 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Тугаб бораётган йилда Ўзбекистонда боғча ёшидаги болаларнинг 22,7 фоизигина мактабгача таълим муассасаларига жалб қилинган.
XS
SM
MD
LG