Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:16

Россияда расмий ҳужжатга ҳижобда суратга тушишга рухсат берилди


Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида ҳижоб ўраш каби, диний талабларга амал қиладиганлар кўп.
Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида ҳижоб ўраш каби, диний талабларга амал қиладиганлар кўп.

2013 йилнинг 1 январидан Россия Федерал миграция хизмати расмий ҳужжатлардаги суратларга ҳижобда ва дўппида тушишга рухсат берди. Бундан аввал Россия паспортида ҳижоб ёки бошқа бош кийими билан фотосуратга тушишга рухсат йўқ эди.



Россияга меҳнат қилгани келаётган муслималарга ҳужжатлардаги фотосуратларда ҳижобда ёки бошқа бош кийимда тушишга рухсат берилди.

“Ўзларининг диний эътиқодлари туфайли бошқалар олдида бош кийимсиз пайдо бўлишга ижозат берилмаган одамларнинг юз овалини яширмайдиган бош кийимда фотосуратга тушиш рухсат этилади. Энгакнинг бир қисмини тусаётган устки кийим, шарфларда фотосуратга тушиш тақиқланади. Доимо кўзойнакда юрадиган фуқаролар албатта қорайтирилмаган кўзойнакларда фотосуратга тушишлари керак”, дейилади ФМС томонидан тарқатилган буйруқда.

Киритилган ўзгартишлар турли диний эътиқод намояндаларига тааллуқли, дейилади Россия Федерал миграция хизмати директори Константин Ромодановский томонидан имзоланган ҳужжатда. Бу ҳужжатда, шунингдек, ишга рухсатнома ёки патент олиш ҳамда бармоқ излари топшириш – дактилоскопиядан ўтиш тартиб-қоидалари белгиланган.

- Шу тариқа миграция ҳужжатларига қўйилаётган талаблар Россия паспортларига қўйилаётган талабларга мос келтирилди, деди Озодликка Миграция хизмати расмийси Залина Корнилова.

Ҳижобда расмий ҳужжатларга расмга тушиш масаласи 10 йилдан буён муҳокама этилаётган эди. 2003 йилда Россия Олий суди Ички ишлар бошқармасининг бош кийимда суратга тушиш тақиқини ноқонуний деб топди.

ФМС раҳбарининг хориж фуқароларини фотосуратга тушиши ва дактилоскопия қоидаларини белгиловчи тегишли буйруғи 2012 йилнинг 25 декабрида Россия Адлия вазирлигида қайдга олинди ва шу йилнинг 1 январидан қонуний кучга кирди.

2010 йилнинг ноябрида Россия муфтияти ходимаси Камилла Капустинская мамлакат тарихида биринчи бўлиб хорижга чиқиш паспортига ҳижобда фотосуратга тушди.

Москвада меҳнат қилаётган 44 ёшли ўзбекистонлик муҳожир аёл Феруза миграция ҳужжатларига ҳижобда суратга тушишга тақиқ қўйилган пайтда бошдан кечирган қийинчиликлари ҳақида гапиради.

- Мана бу ООНда менинг справкам бор, шунга ҳижобда расмимни олиб борсам, улар қабул қилмаяпти. “Бош кийимсиз фото олиб келинг”, дейди. ФМСга ҳам биз қочқинлик мақомини беришга заявление ёзганимизда “Расминг ҳижобда бўлиши керак эмас!”, деб туриб документларимини қайтариб берган. Бошқа расм топширганман. Чунки бу мен учун жуда муҳим-да! Мен паспорт олсам, гражданство олсам ҳижобда тушган расмимни топширгим келади. Лекин ман қилингани учун ҳеч қандай документ қилмасдан юрибман ҳозир. Патент олдим яқинда – унга ҳам эски расмимни топширдим. Яхши бўлибди буни бекор қилган бўлса,- дейди Озодлик билан суҳбатлашган андижонлик Феруза.

Россия шаҳарларидан бирида меҳнат қилаётган 40 ёшли бухоролик Абдуғани Россия ҳукуматининг бундай қарорини “инсон озодлигига” ва “демократияга қўйилган катта қадам”, деб баҳолади.

- Мени фикримча, Худодан қўрққани сабабли ўзини авратини кўрсатмаслиги истагига мана шунақа имкониятнинг берилиши жуда муҳим деб тушунаман. Юзи кўринса бўлдида “Юзнинг овалини кийим ёпмаса бўлди”, дейилганку ўша қонунда. Жуда яхши имконият бўлибди. Истаган киши рўмол ҳам тутиши мумкин. Ҳижобга тақиқ бўлса ҳам, рўмолга тақиқ остида эмас эди. Ўзингиз тушунасиз – ҳижоб қийган Ўзбекистонда радикал ҳисобланади. Шунинг учун дин, диёнатнинг минимал талабларини бажарамиз. Ўз ҳокимиятимиз билан конфликтга боришга ҳаракат қилмаймиз. Буни мен озодликка қўйилган муҳим бир қадам, деб биламан, чунки ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқи бор: истаса бошига рўмол ўрайди, истаса ечади. Албатта, бу демократияга қўйилган катта қадам, дейди ўзбекистонлик Абдуғани.

Айни пайтда, Россиянинг айрим минтақаларида муслималарга ҳижоб кийиб давлат идораларида пайдо бўлиш тақиқи олиб ташланмаган. Хусусан, ўтган йилнинг ноябр ойида Ставрополье ўлкаси раҳбарияти мактабларда ҳижобда, бели туширилган жинси шимларда ва ҳаддан ташқари рангбаранг кийимларда пайдо бўлишни тақиқ остига олди.

2012 йилнинг 20 декабрида берган катта матбуот анжуманида Россия Президенти Владимир Путин ҳам ҳижоб масаласига оид ўз фикрини билдирди. Журналистлар берган саволга у мактабларда хижоб кийилишига қарши эканлигини айтди.
XS
SM
MD
LG