Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:53

Озарбайжонда норозилик намойиши куч билан тарқатилди



Озарбайжон полицияси Исмоилли шаҳридаги норозилик намойишини куч билан тарқатиб юборди. Намойиш пайтида ўнлаб одам қўлга олинди. Бу бир ҳафта ичида Озарбайжонда уюштирилган иккинчи йирик норозилик намойишидир.

Озарбайжон полицияси пойтахт Бокудан 150 километр шимоли-шарқда жойлашган Исмоилли шаҳрида пайшанба куни ўтказилган намойишни куч билан тарқатиб юборди.

Норозилик акцияси иштирокчилари Исмоилли туман ҳокими Низоми Алекберов истеъфога чиқиши ва намойиш пайтида қўлга олинганлар қўйиб юборилишини талаб қилди.

Намойишчиларини тарқатиш учун полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва сув сепадиган қуролларни ишга солди.

Полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашув шаҳар аҳолиси норозилигига сабаб бўлди.

- Ўринда ухлаб ётган ёш болаларимиз кўздан ёш оқизувчи газдан заҳарланди. Улар яна қанча газ қўллайди? Етар, жонга тегди, деди Исмоилли шаҳрида яшовчи фуқаролардан бири.

Чоршанба куни Исмоилли шаҳрида яшовчи бир неча минг одам иштирок этган намойиш зўравонликка айланиб кетди.

Бунга “Чироқ” меҳмонхонаси эгаси қарашли автомобил иштирокидаги авария сабаб бўлди.

Озодлик мухбирига кўра, расмийлар маҳаллий аҳоли исловотхонага айланганини иддао қилган меҳмонхонани ёпиш тўғрисидаги талабларни беписанд қолдириб келган.

Норозилик пайтида “Чироқ” меҳмонхонаси, ҳокимнинг идораси ва бир нечта автомобилга ўт қўйилган.

Яна намойиш бўлишининг олдини олиш учун Исмоилли кўчаларида полиция патрул назорати олиб бормоқда.

Бу бир ҳафта ичида Озарбайжонда уюштирилган иккинчи йирик намойишдир.

19 январ куни Бокуда жойлашган мамлакатдаги энг йирик савдо марказида дўкон ижара нархлари оширилганидан норози бўлиб катта автомобил йўлини тўсиб қўйган тадбиркорлар ва полиция ўртасида тўқнашув содир бўлган эди.

Ўтган йил март ойида Боку яқинидаги Қуба шаҳарчасида аҳоли ҳоким истеъфосини талаб қилиб намойиш ўтказган.

Қубадаги норозиликка ўз ерларини арзонга сотаётган одамларни шаҳар ҳокими “ҳоинлар” деб атагани сабаб бўлган.

Воқеадан бир кун ўтиб Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Қуба ҳокимини ишдан бўшатган.
XS
SM
MD
LG