Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:34

ҲРУ: Ўзбекистонда мажбурий меҳнат кўлами ошган


Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат муаммоси туфайли жаҳоннинг 100дан ортиқ йирик ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.
Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат муаммоси туфайли жаҳоннинг 100дан ортиқ йирик ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Ҳюман Райтс Уотч (ҲРУ) ташкилоти Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш кўлами ошганини айтмоқда. Шанба куни эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, ўтган йилги пахта теримида пахта териш мажбурияти катта ёшдаги болалар ва катталар зиммасига юкланган.


Ҳюман Райтс Уотч 26 январ куни эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати 2012 йилги пахта мавсумида бир миллиондан ортиқ фуқарони, жумладан, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларни, оғир шароитда ва тазйиқ остида, пахта теришга мажбур қилди, дейилади.

ҲРУнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов “кичик ёшдаги болалар ўрнига катта ёшдаги болалар ва катталарни далага ҳайдаши Ўзбекистон ҳукуматининг бир миллиондан ортиқ фуқарони ҳар йилги пахта мавсумида мажбурий тарзда далаларда ишлатиши фактини инкор қилмайди”, дея таъкидлади.

ҲРУ ташкилотига кўра, Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилаётганига оид танқидлар ва халқаро босимлар туфайли кичик ёшдаги болалар пахта далаларига чиқарилмагани боис, пахта далаларига катта ёшдаги болалар ва катталар сафарбар қилинган.

ҲРУ ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори Ҳю Уилямсон, Озодлик билан суҳбатда, жумладан бундай деди.

- Ўтган йил сентябр-ноябр ойларида Ўзбекистонда бир миллиондан ортиқ одам пахта теришга мажбур қилинган. Бу Ўзбекистон учун жуда ёмон кўрсаткич. Бир миллиондан кўпроқ одам. Баъзи тахминларга кўра ундан ҳам кўп одам пахта теримига жалб қилинган. Айрим одамлар ўта ёмон шароитда кунига 60 килограммдан пахта теришга мажбурланган, деди ҲРУ ташкилоти вакили Ҳю Уилямсон.

2011 йилда Ўзбекистон пахта экспорти бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон ҳукумати хорижга экспорт қилинадиган пахта теримида кўп йиллардан бери тўққиз ёшга тўлмаган болаларни мажбуран ишлатгани айтилади.

Ҳю Уилямсон Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш Тошкент расмийлари имзолаган халқаро конвенцияларга зиддир, дейди.

- Мажбурий меҳнат, Ўзбекистон ҳам имзо чеккан инсон ҳуқуқлари халқаро конвенцияларида тақиқланган. Ўзбекистон мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тўхтатиши керак, дейди ҲРУ расмийси.

ҲРУ ҳисоботида 2012 йилги пахта терими пайтида бир неча одам нобуд бўлгани ва далада пахтага сепилган кимёвий моддалардан заҳарлангани билдирилган.

ҲРУ ҳисоботида Ўзбекистон расмийлари тўрт йилдан бери халқаро кузатувчиларни мамлакатга киритмаётгани, мажбурий меҳнат муаммоси ҳақида хабар беришга уринган фаоллар ва журналистларни ҳибсга олгани ва уларга тазйиқ ўтказгани қайд этилади.

Ҳю Уилямсон Ўзбекистон учун муҳим пахта бозори ҳисобланган Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи бу мамлакатда пахта мажбурий меҳнат ҳисобига етиштирилаётганини қоралаши ва бу муаммо Тошкент расмийлари билан музокараларда муҳокама этилиши кераклигини айтади.

- Биз Ўзбекистон ҳукумати пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланишни дарҳол тўхтатиши ва теримни бошқа усулда ташкил этишини хоҳлаймиз. Биз Европа Иттифоқи, Европа давлатлари ва АҚШ бу масалани Тошкент расмийлари билан музокаралар ва маслаҳатлашувлар пайтида муҳокама этишини истаймиз, дейди ҲРУ вакили.

Ҳю Уилямсон вазиятни ўнглаш учун Ўзбекистон ҳукумати халқаро ташкилот вакилларига 2013 йилги пахта теримини кузатишига рухсат бериши лозим дейди.

- Биз Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилотининг мустақил кузатувчилар миссиясига пахта далаларини кузатишга рухсат беришини хоҳлаймиз. Шу пайтгача Ўзбекистон ҳукумати кузатувчиларга рухсат беришни рад қилиб келмоқда, дейди Ҳю Виллиамсон.

Ўзбекистон пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланаётгани боис 2013 йил январ ойидан бошлаб АҚШ, Европа ва Австралиянинг юздан ортиқ ширкати Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотлардан фойдаланмаслик ҳақидаги петицияни имзолаган.

Шу кунга қадар дунёнинг 108 та чакана савдо ширкати Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган махсулотлардан воз кечган. Улар орасида H&M, Gap, Walmart, TESCO, Gucci, Yves, Saint Laurent каби машхур брендлар ҳам бор.
XS
SM
MD
LG