Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:34

Фаррош йиқитган директор прокурорларни тортиб кетди


“Ҳа, энди, биз кичкина одам”, деб қўяди ўзбекнинг кўпчилиги.

“Биз қайдан билайлик, катталар билади-да”, деб ҳам қўйишади ўзини “фақир киши”, деб панада юрадиганлар.

Бундайлар йилдан-йилга кўпайиб бораётгандай кўринади.

Лекин шундайлар ҳам учраб турадики...

Масалан, улардан бири яна бир матални ўзгартириб айтишимизга мажбур қилди:
“Ўйнашмагин, фаррош дема, фаррош урар кўз-қош демай”.


Озодликнинг 9 январ кунги хабари

У мана бундай бошланган эди:

“Шу йилнинг 5 январь куни МХХнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан вилоят прокурори ўринбосарлари Баҳромжон Эрматов ва Рамазон Пўлатов, вилоят прокуратурасининг катта терговчилари Бахтиёр Аралов ҳамда Диёр Ахмедовлар ҳибсга олинган.

Бу ҳақдаги маълумотни Жиззах вилояти ИИБнинг навбатчилик қисми тасдиқлади, аммо ҳодиса тафсилотлари борасида изоҳ бермади”, деб бошланган эди 9 январ кунги хабарларимиздан бири.

Хабар давомига эшиттиришимиз охирида қайтамиз.

Фарррош опа

У Жамият ва қонуннинг бугунги қаҳрамони:

- Мен Исломова Мукаррам. Жиззах вилояти Жиззах шаҳрининг Бунëдкор маҳалласида 1-уй 3-хонасида истиқомат қиламан. Ëшим 52да. Тўрт нафар фарзандим бор, 10 нафар неварам бор. 1996 йилдан буëн “Жиззахдонмаҳсулотлари” Очиқ Акциядорлик Жамиятида (ОАЖ) фаррошлик вазифасида ишлаб келаман.

Бу фаррош аёлнинг Жиззах прокуратураси 4 масъул ходимининг 5 январ куни ҳибсга олинишига алоқаси бор.

Қандай алоқаси бўлиши мумкин?

Сабр қилинг. Ҳаммасини айтамиз.

2011 йилдаги гаплар

Ёши 52га чиққан фаррош аёл Мукаррам Исломова ўтган ҳафтада Озодлик билан боғланиб, ўз арзини мана бундай бошлади.

- “Жиззахдонмаҳсулотлари” ОАЖнинг раиси бор эди Сатторов Акмал деган йигит. Корхонада жуда катта келишмовчилик юзага келдида мени ноҳақ ишдан бўшатди 2001 йил 15-август куни. Мендан аввал келишмовчилик даврида ноҳақ ишдан бўшатди келинимни, келиним фаррош бўлиб ишларди ўша жамиятда. Ўғлим оддий ишчи бўлиб ишларди. Бизни оилавий ноҳақ ишдан бўшатди, деди Мукаррам Исломова.

Суҳбатдан маълум бўлишича, Мукаарам опанинг арзу ҳасрати анча эскириб кетибди: боши 2011 йилнинг ёзига бориб тақаладиган ҳасрат.

Судлар остонасида

Ундан бери фаррош опа туман, вилоят судларидан ўтиб Олий судгача ҳам етибди. Мақсади ишга қайта тикланиш.

Қўлимизда Мукаррам Исломованинг шикоятига Олий суднинг 2012 йил, 24 декабрдаги жавоби. Ундан Олий суд Исломованинг ишга қайта тиклашни сўраб ёзган шикоятларига қуйи инстанция судлари берган рад жавоблар ўз кучида қолдирилгани айтилган.

Бугун биз судларнинг Исломова иши юзасидан жавобларини таҳлил қилмоқчи, адолатсизлик бўпти, Мукаррам Исломовани ишга қайта тикланг, деб бонг урмоқчи эмасмиз.

Принципда, фаррош опа бизнинг ёрдамимизга муҳтож эмасдай, кўринди.

У ёрдамни мамлакат президентидан кутаяпти. Озодликдан эса, президентга овозини етказадиган бир канал сифатида фойдаланмоқчи.

- Фуқаролик судялари ўта коррупциялашиб кетганлиги сабабли чиқишга мажбур бўлдим.

Озодлик: Бизга мурожаат қилишга.

- Мурожаат қилганимнинг сабаби ҳурматли президентимиз эшитиб қолса зора. Битта фаррош шунча йилдан буëн мана шундай ҳалол ишлаб, мана шунча жиноятни очибди деган фикр бўлиб менга зора ëрдам қилиб қолса деган умидда. Чунки “Ўзбекистоннинг мулки муқаддас. Уни фақат халқ манфаати ва давлатимиз фаровонлиги учун ишлатилиши керак” деган доно фикрлари бор. Мен буни чин дилдан ҳис қилган ҳолда мана шундай жиноятни очдим ва мана шундай адолатсизликка ушланиб қолдим.

Озодлик: Ҳозирги чиройли гапни ўқиб бердингизми ë ўзингиз айтдингизми?

- Ўзимнинг нимамдан айтаяпман. Буни мен ҳамиша айтишим мумкин, деди Мукаррам Исломова.

Ғайратига қараганда, Мукаррам Исломова Оқсаройга ҳам кириб кетаверадигандай.

Бас, шундай экан, фаррош опа ва унинг яқинларини ишга қайта тиклаш масаласига аралашиш масъулиятини Президент девонига қолдирамиз.

Биз эса, масаланинг бошқа жиҳатига тўхталамиз.

Бунча журъатни қайдан олдингиз?

Фаррош опанинг айтишича, унинг ҳаракатлари оқибатида ўзи ишлаган “Жиззахдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятининг эндиликда собиқ раиси Акмал Сатторов ишдан олинди ва жавобгарликка тортилди.

- Мен буларнинг кирдикорини, давлат мулкини талон-тарож қилганлиги ҳақида Жиззах вилоят Миллий хавфсизлик хизматининг бошлиғи Деҳқонбоевга, Жиззах вилоят прокурори Бобожоновнинг номига ариза билан мурожаат қилдим. Менинг аризамда кўрсатилган фактлар 100 фоиз тасдиғини топди. 2011 йил 13-август куни МХХ томонидан жиноий иш қўзғатилди. Жиноий иш қўзғатилгандан кейин 15-август куни мени сразу ишдан бўшатаяпти.

Озодлик: Сизни ишдан бўшатганидан кейин ëздингизми ëки ëзганингиздан кейин бўшатдими?

- Мени ўша ерда аввал келишмовчилик, жанжал юзага келганида бўшатиб ташлади. Бўшатгандан кейин мен мажбур ëздим. Ëзганимдан кейин жиноий иш қўзғатилди.

Озодлик: Ҳозир жиноий иш қўзғатилгандан кейин бўшатди дедингизда.

- Олдин бўшатди. Ëздим. Тергов ишлари олиб борилди. Бир томонлама кўрилди шаҳар прокуратурасида. Кейин мен ундан норози бўлиб вилоят прокуратурасига, вилоят МХХга чиқдим. У ерда кейин жиноий иш очилди, деди Мукаррам Исломова.

Тўғриси, оддий фаррош аёлнинг бундай журъатидан ҳайрон бўлдик ва сўрадик.

Озодлик: Сиз фаррошман дедингиз-а?

- Фаррошман.

Озодлик: Қаерни фариллатардингиз?

- “Жиззахдонмаҳсулотлари”нинг хўжалик бўлимида фаррошлик қилганман. Менинг асосий касбим ҳовли-жойни тозалаш, ишчилар ювиниб чиққан душни тозалаш ҳамда қўпол бўлса ҳам ҳожатхона тозалайман.

Озодлик: Сизнинг бир умрлик касбингиз шуми?

- Бир умрлик касбим шу. Ўқимаганман мен.

Озодлик: Ишхонанинг номини яна бир марта айтинг.

- “Жиззахдонмаҳсулотлари” ОАЖ.

Озодлик: Бу қудратли ташкилот.

- Шундай. Маблағи катта бой ташкилот.

Озодлик: Қанча одам ишлайди?

- Бизда 350-360 ишчимиз бор.

Озодлик: Ишчилари катта бўлмаса ҳам пули жуда катта ташкилотда.

- Энди ишлаб чиқариш ташкилоти, деди Мукаррам Исломова.

Ҳайратимиз ошгандан ошаверди ва ўша ҳайратдан пайдо бўлган бошқа саволларимизни ҳам берамиз бироздан сўнг.

Зиддият илдизи

Аввал фаррош опани шикоятнинг устига шикоят ёза бошлашга нима мажбур қилганини билайлик.

Озодлик: Мана ўқимаганман, бир умр фаррошлик қилганман, деяпсиз. Тўғрими?

- Шундай.

Озодлик: Сиз қаердан биласиз уларнинг кирдикорларини? Оддий фаррош “Жиззахдонмаҳсулотлари” ОАЖ раҳбарларининг кирдикорларини қаердан билади? Сиз номига фаррошсиз шекилли. Бу ерда қандайдир гап бор ва шу гапни сиз айтмаяпсиз. Мен ўлиб қолсам ишонмайман оддий фаррош билан корхона раҳбари бир нарсани талашишига.

- Озодликка чиққанимнинг сабаби мана шу ҳолатларни ҳурматли юртбошим эшитсин. Мен етказа олмаяпман. Поғонама поғона етолмаяпман. Мени етказмаяпти.

Озодлик: Ҳақиқатни юзага чиқармоқчисиз-а?

- Ҳа шундай.

Озодлик: Ҳақиқатни юзага чиқариш учун сиз ўзингиз ҳам ҳақиқатнинг ҳамма томонларини айтишингиз керак.

- Бўлди.

Озодлик: Бўлмаса тушунарсиз бўлиб қолаяптида.

- Сиз сўранг, мен айтаман.

Озодлик: Мана 1996 йилдан бери бу ерда фаррошлик қилиб келардингиз. Корхона раҳбари билан сизнинг ўртангиздаги зиддият нимадан бошланди. Шундан бошлаб гапиринг.

Фаррош опанинг айтишича, 2011нинг ёзида у киши билан корхонанинг ўша вақтдаги раҳбари ўртасида келишмовчилик чиқади. Мукаррам Исломованинг айтишича, корхона раҳбарининг қўл остидаги ходимларидан бири – жияни шу корхонада ишлайдиган бир аёл билан иш жойида аҳлоқсизлик қилади.

Шундан сўнг фаррош опа корхона раҳбарига “Жиянингни тартибга чақириб қўй, бу кўпчилик ишлайдиган жой, бузуқлик қилмасин”, дейди ва жавобан

- Сатторов Акмал “Пулим ҳам кўп, танишим ҳам кўп. хоҳлаган жойингга боравер” деди, дейди Мукаррам Исломова.

Ва бошлиқ Мукаррам Исломовани ишдан бўшатиб юборади.

- Шундай бўшатилгандан кейин вилоят МХХ бошлиғига, вилоят прокуратурасига, Бобожонов, ундан Бобожонов ишларди, ўша кишининг номига ариза билан чиқдим.

Озодлик: Аризада нима деб ëзилган?

Ариза тўлиқ ëдимда қолган. Чунки ўзим ëзганман.

Озодлик: Айтинг.

- “Ҳурматли Деҳқонбоев, ҳурматли Бобожонов. Мени “Жиззахдонмаҳсулотлари” ОАЖ раиси Акмал Сатторов мана шундай ҳолатни айтганлигим учун ноҳақ ишдан бўшатди ҳамда мана шу корхонада давлат мулкини талон-тарож қилишлик, қурилиш қиламан деб жуда катта ўзлаштираяпти маблағларни.

Озодлик: Қанча маблағ ўзлаштирганини ëзганмисиз ëзмаганмисиз?

- Ëзганман.

Озодлик: Қанча ўзлаштирган?

- Ғалла бўйича ўзлаштирганини аризамда кўрсатганман. 7400 тонна камомади бор деб ëзганман. Қурилиш бўйича 1,5 миллиард пулни ўзлаштирган деб ëзганман. Яна ноҳақ бўшатилганим, кейин 54 миллиард корхонанинг камомадини ëзганман. Кейин аëлларни ëзганман.

Озодлик: Сиз бу аризани кимга ëздингиз?

- Вилоят МХХ бошлиғи Деҳқонбоев номига, вилоят прокурори Бобожонов номига.

Озодлик: Оддий фаррош аëл ўзлаштирилган шунча маблағ тўғрисидаги шунча рақамларни қаердан олдингиз?

- Энди мен 1996 йилдан бери шу корхонада ишлайман. Шу ерда бўладиган қурилишларни ўз кўзим билан кўрганман. Мана элеватор цехида ғалла камомади бор деяпман.

Озодлик: Бунақа рақамларни, маълумотларни билиш учун одамда махсус маълумот ва шу маълумотлар битилган қоғозлар турадиган жойда бора оладиган, ўша қоғозларни ола биладиган имкони бўлиши керак. Оддий фаррошда қаердан бўлсин бу имкон.

- Мен ўшани вилоят прокуратурасига ëзиб, ўзим билганим, кўрган ҳолатимни ëзгандан кейин тафтиш ўтказилди. Тафтиш ўтказилгандан кейин қўлимга аризамнинг жавобини бераяпти камомад мана шунча деб.

Озодлик: Сиз аризангизда ëзгансиз камомадларни.

- Ҳа, ëзганман.

Озодлик: Ўша аризага ëзиш учун ўша маълумотларни, ўша рақамларни қаердан олгансиз?

- Мана шу ерда бирга ишлайман лаборантлар билан. Ҳамфикрман. Кириб чиққан нималарни биламан.

Озодлик: Корхона раҳбари ҳозир қамоқдами?

- Ҳа, қамоқда.

Озодлик: Демак, қонунбузарлиги бор экан. Охир-оқибат барибир шу аниқланибди. Унга қарши қандайдир бир гуруҳ манфаатларига хизмат қилмадингизми деяпман.

- Йўқ. Агар мен унга қарши бир гуруҳнинг манфаатларига хизмат қилганимда мен давно ишга тикланиб кетардим.

Озодлик: Ҳали тикланганингиз йўқми?

- Биз оилавий бўшмиз.

Озодлик: Нима учун сизнинг аризангизга биноан “Жиззахдонмаҳсулотлари”да ўзлаштириш борлигини қонунбузарлик бўлганини, балки жиноят содир этилганлигини аниқлаган ва шу аниқлаш натижасида раҳбарни жавобгарликка тортган прокуратура сизни ва сизнинг яқинларингизни қайта ишга тиклаб қўймади?

- Мен ҳам ўша масала бўйича фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига ариза бердик. Ариза берганимизда Одина Абдухолиқова деган судя аризамизни бир томонлама кўрди. Фақат даъвогарнинг эмас жавобгарнинг манфаатини кўзлади. Бир ҳайрон бўлдик. Мен ўзим шахсан ҳақиқатан фуқаролик суди коррупциялашиб кетганлигига ишончим комил бўлди.

Озодлик: Сиздан пул таъма қилишдими?

- Мендан пул таъма қилишмади. Юқоридан ўшандай булар менга нисбатан буйурқ берган.

Озодлик: Ким у юқори?

- Балки вилоят прокуратураси, балки вилоят МХХси, мен у ëғини қаердан билай. Лекин мени ишга тикламади.

Озодлик: Ўқимаганман, бир умр фаррошлик қилганман, дейсиз. Лекин нутқингиз жуда равон, қонунларни биласиз, судлар билан, прокурорлар билан муомала қилганда улар билан қайси тилда, қайси оҳангда гаплашишни биласиз.

- Мени шундай қилишга ноҳақлик мажбур қилдида, деди Мукаррам Исломова.

Ёши 52 га чиққан, бир умр фаррошлик қилган Мукаррам Исломованинг айтганларидан яна бир парча эшитинг.

- Чунки Одина Абдухолоқивага мен ишдан бўшаганим пайтида, ҳақиқатан қандай бўшаганман, мен 2011 йил 25-июл куни чиқаяпман, 26-июл куни сменага тушаяпман. Мен бораяпман. Гражданский қоровул корхона ҳудудига кирмаслигимни корхона раиси тақиқлаб қўйганлигини айтаяпти. Мени киргизмаяпти иш жойимга. Мени меҳнат кодексининг 100-моддаси билан ишдан бўшатаяпти. Корхона ҳудудига кирмасимдан аввал бирор маротаба устимдан билдиришнома, рапорт ë огоҳлантириш олмаганман. Берилмаган. Одина Абдухолиқовадан мен “Ҳурматли судя. Мени Меҳнат кодексининг 100-моддаси билан ишдан бўшатган. Лекин менга аввал мана шундай огоҳлантириш берилмаган. Уларнинг тазйиқи оситда бўшадим. Агар мени корхона ҳудудига киришимни тақиқлаб қўймаганда, мен ишни қолдирмасдим. Нима учун қонуний кўрмадингиз?” деб ҳуқуқимни талашдим, деди Мукаррам Исломова.

Мукаррам Исломова махсус билими йўқ эканлигига қарамай, қонунларни қанчалик яхши билмасин, кўнглимизда бояроқ саволларимизда янграган шубҳалар қолаверди ва эшиттиришни тайёрлаш жараёнида “Ўздонмаҳсулот” акционерлик компанияси билан боғландик.

Компаниянинг ўзини таништирмаган ходими “Жиззахдонмаҳсулотлари” собиқ раҳбари Акмал Сатторовнинг жавобгарликка тортилгани, бунга Мукаррам Исломованинг шикоятлари сабаб бўлганини тасдиқлади.

“Жиззахдонмаҳсулот”даги қонунбузарликлар аввалроқ ҳам маълум эди
Айни пайтда шуни ҳам айтиб қўйишимиз керакки, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати 2010 йилнинг 6 августида мана бу хабарни тарқатган эди:

“…Давлат солиқ хизмати органларининг тезкор ҳаракатлари натижасида <…> қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, Жиззах вилояти, Жиззах шаҳар давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан шаҳарда жойлашган «Жиззахдонмаҳсулотлари» АКЖда ҳужжатли текшириш ўтказиш чоғида жамиятга нисбатан давлат бюджетига солиқ ва бошқа мажбурий тўловлари бўйича 136899,4 минг сўм қўшимча ҳисобланган. <…> Давлат солиқ хизмати органлари томонидан аниқланган юқоридаги ҳолатлар бўйича текшириш ҳужжатлари расмийлаштирилиб, қонунбузилишига йўл қўйган фуқароларга нисбатан Ўз.Р ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизматининг 2010 йилнинг 6 августидаги хабарида.

Корхона раҳбари прокурорларни “тортиб кетди”

Мана энди, Озодликнинг 9 январ кунги хабарини тўлиқ ўқинг:

Шу йилнинг 5 январь куни МХХнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан вилоят прокурори ўринбосари Баҳромжон Эрматов, прокурорнинг яна бир ўринбосари, юридик фанлари номзоди Рамазон Пўлатов, вилоят прокуратурасининг катта терговчилари Бахтиёр Аралов ҳамда Диёр Ахмедовлар ҳибсга олинган.

Бу ҳақдаги маълумотни Жиззах вилояти ИИБнинг навбатчилик қисми тасдиқлади, аммо ҳодиса тафсилотлари борасида изоҳ бермади.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик сингари моддалари билан айбланаётган ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари “Жиззахдонмаҳсулотлари” ОАЖ собиқ раҳбари Акмал Сатторовнинг ўтган йил декабрь ойидаги терговлар даврида берган кўрсатмасига мувофиқ жавобгарликка тортилган.

Вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган тергов материалларига кўра, 2011-12 йилларда “Жиззахдонмаҳсулотлари” ОАЖ фаолияти МХХ органи томонидан текширилганда корхонада 54 258 844 938 сўм (27 326 000 АҚШ доллари атрофида — таҳр.) талон-тарожликка қўл қўйилгани аниқланган.

Мазкур қонунбузарлик юзасидан корхона раҳбари Акмал Сатторов ва бошқа мулозимлар, шунингдек, “Софлик ва беғуборлик” хусусий фирмаси раҳбари Абийир Сатторовлар жиноий жавобгарликка тортилган. Ҳибсга олинган прокуратура ходимлари эса ана шу қонунбузарликларни муайян манфаатлари эвазига хаспўшлаб келганликда айбланмоқда.

Прокуратура ходимлари айни кунда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББга қарашли Тошкентда жойлашган 64/1-сонли вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:52 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG