Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 01:50

“Амантайтау голдфилдс” корхонаси банкрот деб эълон қилинди


1 феврал куни Навоий вилоят хўжалик суди олтин қазиб олиш билан шуғулланувчи Ўзбекистон-Британия қўшма корхонаси “Амантайтау голдфилдс”ни банкрот деб эълон қилди.


Навоий вилоят хўжалик судининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, ўтган жума куни суд “Амантайтау голдфилдс” қўшма корхонасини банкрот деб эълон қилиб, корхонани тугатиш ишлари учун уч ойлик мухлат берган.

Суд ходимининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, “Амантайтау голдфилдс” корхонасининг банкортлик ишини кўриб чиқиш беш ой давом этган.

Хўжалик суди ходими бошқа маълумотларни очиқламади.

Навоий вилоят ҳокимлигининг иқтисодий масалалар бўйича мутахасиси - исмини ошкор қилмаётганимиз суҳбатдошга кўра, “Амантайтау голдфилдс” қўшма корхонаси бошқа бир қанча ташкилотлардан қарздор бўлгани боис корхонани тугатиш жараёнида унга тегишли мулк қарздор ташкилотлар ҳисобига ундирилиши мумкин.

Ўтган йилнинг январ ойида Ўзбекистон ҳукумати “Амантайтау голдфилдс” корхонасини олтин қазиб олишда яхши натижаларга эришмаётгани учун тугатиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Ўтган йилнинг сентябр ойида Навоий вилоят хўжалик ишлари бўйича суди “Амантайтау голдфилдс”нинг банкротлик ишини кўриб чиқишни бошлади.

“Амантайтау голдфилдс” корхонаси президент Ислом Каримовнинг 1994 йил 22 сентябрдаги қарорига кўра, қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида ташкил этилган эди.

Ушбу корхонанинг низом жамғармаси 11 627 910 АҚШ долларига тенг бўлиб, корхонанинг 50 фоиз улуши Британиянинг Oxus Gold ширкатига тегишли. Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси эса корхонанинг 40 фоизи, Навоий кон-металлургия комбинати эса 10 фоизлик улушига шериклик қилади.

2003 йилнинг охирида “Амантайтау голдфилдс” Марказий Қизилқумда 31 миллион АҚШ долларлик лойиҳа асосида олтин ажратиб олиш фабрикасини ишга туширди.

Мазкур фабрика йилига 1 миллион тонна рудани оксидлаш ва 6,3 тонна олтинни қайта ишлаш қувватига эга.

Ўтган йилнининг 17 сентябрида Британиянинг Oxus Gold олтин қазиб олувчи ширкати "Амантайтау Голдфилдс" қўшма корхонаси ва Ҳандиза конларига ётқизган инвестициялари Ўзбекистонда экспроприация қилингани юзасидан даъволарини халқаро арбитраж судига тақдим этди.

Oxus Gold ширкати даъвосига кўра, Ўзбекистон томонидан ширкатга 400 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилган.

Oxus Gold ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида келишмовчилик 2011 йилнинг ёзида ширкатда ўтказилган комплекс текширувлар чоғида Британ ширкати иқтисодий қонунбузарликда айблангач пайдо бўлганди.

Ўз навбатида Ўзбекистон томони ўтган йили Oxus Gold ширкати устидан Англия Олий маҳкамасига шикоят қилиб, ширкатдан 10,84 миллион доллар миқдоридаги махсус дивидендни ундириб беришни талаб қилган.

Ўзбекистон дунёнинг йирик олтин ишлаб чиқарувчи давлатларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатда 40 дан ортиқ олтин конлари мавжуд ва йилига 80 тоннадан кўпроқ олтин ишлаб чиқарилади.
XS
SM
MD
LG