Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:10

Валюта бозори устидан ўзбекча тажриба кетмоқда


Uzbek money trader
Uzbek money trader
11 феврал куни АҚШ долларининг Ўзбекистон "қора бозор"идаги курси 2300 сўмга тушди. Бу Ўзбекистон Марказий банки 1 февралдан нақд кўринишда валюта айирбошлашни тақиқлаганидан буён қайд этилган энг паст кўрсатгичдир.


“Такомиллаштириш”дан мақсад - валюта қора бозорини йўқотиш”

Бу - Тошкентдаги банклардан бирининг мутасаддиси Ориф Ҳошимовнинг фикри.

- Давлат курси, давлат курси демайлик энди, Марказий банк курси юзага келган алтернатив курс ўртасидаги фарқни йўққа чиқариш учун қилинаëтга ҳатти-ҳаракатлар ҳаммаси, дейди Ориф Ҳошимов.

Ўзбекистон бошқарув тизимларида ишлаган иқтисодчи – эксперт Саодат Нишонова Ориф Ҳошимовнинг фикрига қўшилади.



Унинг сўзларига кўра, Марказий банкнинг мақсади, бир томондан, расмий курс бўйича сотиладиган валюта чайқовидан фойда кўраётганлар пайини қирқиш бўлса, иккинчи томондан, “қора бозорни йўқ қилиш ва валютанинг расмий ва қора бозор курсларини яқинлаштиришга уринишдир”.

Остонадаги Евроосиё университети доценти, асли ўзбекистонлик иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев ҳам, ўзидан олдинги икки экспертникига ўхшаш фикрни айтди.

Жубаевга кўра, шу пайтгача, Ўзбекистон ҳукумати наздида мамлакат валюта бозорида тартибсизлик ҳукмрон эди ва энди тартиб ўрнатмоқчи.

- Тартибга солиш деганда мақсад мен бунақа тушунаман: давлатнинг расмий курси бор 1950 сўм 1 долларга. Кейин биржа курси бор, 3100-3700 биржада. Шу иккаласини давлат ушлаб туришга ҳаракат қилаяпти. Масалан халқнинг ҳожатига керак борлари, ҳожат қиладиган одамлар, чет элга чиқадиганлар 1950дан олиб, чет элга чиқиши керакда. Чет элдан келган одамлар, бизнинг муҳожирлар, чет элда ишлаëтганлар 1950дан, обменний пункт йўқ энди, банкка топшириб, сўмда олиши керак. Тартиб шу, дейди Сапарбой Жубаев.


Марказий банк мақсади етиб бўладиган мақсадми?

Иқтисодчи олим Сапарбой Жубаевнинг фикрича, бир қарашда, агар Марказий банк чиндан ҳам расмий курс билан қора бозор курси орасидаги фарқни йўқ қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бўлса, буни, албатта, олқишлаш керак, чунки “валютанинг курслари фарқидан фойда топадиган одамлар йўқ бўлади”.

Лекин, деб давом этади, иқтисодчи олим, бундай мақсадга маъмурий чоралар билан эришиб бўлмайди.

“Марказий банк мақсади етиб бўладиган мақсадми?” деган саволга жавобан, банк мутасаддиси Ориф Ҳошимов дадил “Ҳа”, дея олмади.

- Бу нарсани прогноз қилиш қийин ҳозирги кунда. Лекин кейинги кунда, охирги кунларда юз бераëтган спекулянтларга қарши кураш, валюта бўйича операцияларни Ўзбекистон республикаси ичига чекловларни амалга ошириш, бу бўйича назоратни кучайтириш ишлари кейинги уч-тўрт йил ичида натижа бераëтгандек. Лекин уни доимий равишда босим остида ушлаб туриш имконияти йўқ, дейди Ориф Ҳошимов.

Тошкентлик иқтисодчи - эксперт Саодат Нишонованинг қатъий ишонч билан айтишича, Марказий банк ўз олдига қўйган мақсад етиб бўладиган мақсад эмас, чунки,

- Валютанинг расмий курси билан қора бозор курси ўртасидаги фарқ сабаби маъмурий усуллар билан ҳал қилинадиган ташкилий чораларда эмас. Валюта курси қай даражада бўлиши кераклиги иқтисодиётнинг фундаментал масалаларидан биридир, дейди у.


Қора бозорни қувиш ўрнига расмий курсни “қўйиб” юборса бўлмайдими?

Иқтисодчи – эксперт Саодат Нишонованинг фикрича, шундай қилса бўларди. Лекин

- Гап бундай чора қўлланилганидан сўнг юз берадиган девальвациянинг кимнинг манфаатига зид келиб қолишида. Бу ҳолатда сўмнинг қадри тушиб кетади ва бу биринчи навбатда давлат қарзини қайтаришни ўйлаши керак бўлган молия вазирлигига юк бўлиб тушади. Иккинчидан, бу валюта курслари фарқидан пул қиладиган, импорт билан шуғулланадиган гуруҳлар манфаатига зиддир. Бу гуруҳлар сиёсий жиҳатдан кучли ўйинчилардирки, уларнинг ўйинини тўхата оладиган бошқа бир сиёсий кучнинг ўзи йўқ, деди Саодат Нишонова.

Иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев ҳам Саодат Нишонова тилга олган “гуруҳлар”га тўхталди.

- Бошида гаплашдикку, бугунги курсдан ким фойда кўради? Бир корхоналар бор, масалан савдо корхонаси. Тасаввур қилинг юз миллионлаб алмаштиради пулини. 195 миллионига бир миллион доллар олади. Тушундингиз-а? 1 миллионлик товарини олиб келади. Эртага 195 миллионни сарфлаган савдо корхонаси 250 миллионлик қилиб чиқариб сотади. Чунки бу қора бозорда 250 миллион. Бир савдо қилганнинг ўзида, масалан бир ой дейлик, 35 фоиз рентабелност билан фойда кўради. Бунақа фойда дунëда йўқ.

Озодлик: Бундан назорат қилаëтган давлат амалдорлари ҳам фойда кўради.

- Энди шунақа деса бўлади. Амалдорларнинг ичида валютани конвертация қилишга қўли етадиганлари дейлик. Фақат обменний пунктдан топадиган ҳамма тушуниб турибдию. Ҳалиги опалар борар экан, улар олар экан, ҳеч кимни қўймас экан, улар шуни эртага қора бозорда сотар экан, у явно кўриниб турибди. Лекин уларнинг қисми жуда оз. Уни мен 10-15 фоиз деб айтишим мумкин. асосий қисм у ëқдан кетаяпти, дейди Сапарбой Жубаев.

Сапарбой Жубаевнинг сўнгги гаплари ҳукуматнинг валюта айирбошлашнинг янги тартиби жорий этилиши билан бир вақтда кучга кирган яна бир қарори замиридаги мантиқни тушунишга йўл очади.


Барча преференциялар “гуруҳлар”гами?

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 29 январ куни “Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рақобатбардошлигини янада ошириш ва товарларнинг мамлакатга ноқонуний олиб қирилишига қарши курашни кучайтиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Баъзи маълумотларга қараганда, бозоридаги кундалик истеъмол моллари — озиқ-овқат, кийим-кечак, ҳатто тиш чўткаю, кир ювиш пастасига қадар энг зарур маҳсулотларнинг 70 фоиздан ортиғи импорт товарлардан иборат бўлган Ўзбекистонда 29 январ кунги қарор бу йўналишдаги дастлабки ҳужжат эмас.


Тақиқлар тарихи

Ҳукумат бундан 13 йил муқаддам – 2000 йили жисмоний шахсларга чет элдан товар ташиб сотишни тақиқлаб қўйган, ўшанда Ўзбекистон шаҳарлари кўчаларида каттароқ сумка билан юриш хавфли бўлиб қолган эди.

Кейинроқ – 2009 йили жисмоний шахслар учун импорт “эшиги” мутлақо торайди: ҳар бир киши чет элдан бож тўламай олиб кирадиган товарлар умумий қиймати 10 доллардан ортмаслиги керак.


Ҳисоб-китоб хом эдими?

Ўзбекистон ҳукуматининг валюта бозорини “тартибга солиш”га қаратилган чоралари ва шу чоралар билан боғлиқ бошқа қарорлари, юмшоқроқ айтганда, пухта ўйланган қарорлар эканлигига мустақил экспертлар у ёқда турсин, эшиттиришимизда иштирок этаётган банк ходими Ориф Ҳошимов ҳам ишонмайди.

- Қайсидир бир пайтга келгандан кейин бозор методларини ҳам қўллашга ўтишга тўғри келади. Курсни мувофиқлаштириш учун бозор йўллари дегани девалвация деганида. Бу бўйича на ҳукумат расмийсидан, на Марказий банк расмийсидан аниқ бир прогнозни ҳозирги кунда ололмайсиз. Вазиятга қараб иш тутилаяпти ўйлаб айтганда. Ҳар бир кейинги қадам вазиятнинг қандай ривожланаëтганидан келиб чиқиб қабул қилинаяпти. Ўша вариантларга қараб туриб банк муддат келганда, вақт келганда қисқа муддат ичида кўрамиз, балки бозор методлари ҳам ишга тушиб кетар, деди Тошкентдаги банклардан бирининг мутасаддиси Ориф Ҳошимов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:40 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG