Федерал Миграция хизматининг Москва вилояти бўйича бошқармасининг уддабурон ходимлари муайян “хизмат ҳақи” эвазига кунлаб ёки ҳафталаб навбатда турмасдан ишга рухсатномани “орқа эшикдан” олишни ташкил этгани айтилмоқда. Шундай “эшиклар” олдидан олинган видеолавҳани Озодлик мухлисларидан бири тақдим этди.
Докукина-14а манзили бўйича жойлашган Москва вилояти Федерал миграция хизмати бошқармаси олдида ишга рухсатнома олиш истагида келаётганлар сони кўпайса кўпайган, камайгани кўринмайди.
Тун қоронғусида келиб, навбатга ёзилган ва ёқилган гулхан атрофида исинаётган юзлаб меҳнат муҳожири, кундуз куни яна ақлга сиғмас навбатларда туришга мажбур бўлмоқда. Озодлик Москва вилояти мухожирлик бошқармаси олдида вилоятнинг турли жойларидан келиб, бундай тахқирли муносабатга дуч келаётган меҳнат муҳожирлари тўғрисида олдинроқ хабар берган эди.
Узоқлардан келиб, ҳафталаб навбатда туриб, ичкарига кира олмаётган ёки бармоқ изларини топшириб, тайёр рухсатномани ололмаётган меҳнат муҳожирлари ҳар қандай йўллар билан - ҳатто пулга бўлса-да, ўз муаммосини ҳал этиб, бу ердан тезроқ жўнаб қолиш истагида.
Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик Шуҳрат исмли мардикор йигит куни кеча миграция бошқармасининг "тадбиркор" ходимлари томонидан рухсатномани олишнинг осон йўли очилгани ва орқа эшикдан рухсатнома олиш жараёнини тасвирга олганини хабар қилди.
- Докукина 14-уй ёнида Москва вилояти Миграция хизмати биноси олдида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон фуқаролари ўша ерда "разрешение на работу" (ишлаш учун рухсатнома-таҳр.) олишяпти экан. У ерда бир рўйхат бор. У рўйхатда 600 кишидан ортиқ одам ёзилган. Кириш жойи бир жойдан. У ердаги ходимлар эса ўзаро қандайдир келишиб, ҳаммага 2 минг рублдан таклиф этиб, навбатсиз бир соат-ярим соатда олиб бериш учун иккинчи эшик очибди. Улар 10-20 тадан одам олиб киришяпти. Мана мен ўзим олган видеосёмкада Сергей Иванович деган ходим ва яна битта рус киши одамларни навбатсиз олиб киришяпти иккинчи эшикдан,- дейди телефонга олинган видеотасвирни Озодликка тақдим этган Шуҳратжон.
Бу йигитнинг сўзларига кўра, у танишлари билан 13 февралдан бери ишга рухсатномани олишга навбатда тургани ва ҳануз ололмаганини маълум қилди. У “асосий” навбатда дўстлари 1 ҳафта давомида турганини гапирса, бир ойдан буён рухсатномани қўлга кирита олмаганларни ҳам учратганини айтади.
- Ҳар куни ҳар хил рўйхат. Кечаси билан одамлар турибди. Имконият бўлиб қоладими, деб турувдим. Бармоқ изларини бошқа ерда топшириб келдик, Москва шаҳридаги туманлардан бирида. Икки мингдан очередсиз олиб бераман деган одам “У ўтмайди, шу ерда топширишинг керак”, деяпти. Ваҳоланки, база данних битта бўлар экан Москва вилояти бўйича. Бу видео кеча 20 феврал куни олинди,- дейди муҳожир.
Шуҳратжоннинг айтишича, миграция ходимларига бериладиган пулни ташқарида машинада ўтирган махсус одам йиғиб олмоқда, у телефон орқали пул берган шахснинг исми-шарифини “орқа эшик”да турган миграция хизмати ходимига хабар қилмоқда.
Докукина кўчасидаги Миграция бошқармасининг “орқа эшиги” тартиб-қоидаларини Озодликка маълум қилган муҳожир “Бундай тартибсизлик қачонгача давом этади? Бу порахўрлик устидан қаерга шикоят қилиш мумкин?”, дея савол берди.
Москва вилояти бўйича Миграция бошқармаси биноси олдида куну-тун ўтирган меҳнат муҳожирлари бераётган бу саволлар билан Озодлик вилоят ФМС бошқармасига мурожаат қилди.
Москва вилояти ФМС бошқармасининг ахборот маркази раҳбари Екатерина Смирнова Миграция хизмати ходимларининг коррупция ёки бошқа ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ҳақида бошқарма сайтида кўрсатилган телефон ва электрон қутилар орқали хабар бериш мумкинлигини айтди.
- Ҳа, мен биламан у ерда одам жуда кўп эканини. Муаммо бор, биласизку – ҳозир квоталарни кескин камайтириб юборишди ва у ерга келаётган тадбиркорлар бу квотани сотиб олишга барча имкониятларни ишга солмоқда. Биз ҳаракат қиляпмиз, иш вақтини узайтирдик. Ҳеч қайси бир давлат тузилмаси эрталабки 8 дан кечки 9 гача ишламаса керак. Бизга бу ҳақда жуда кўп мурожаатлар бўляпти, биламиз. Коррупция масаласида эса махсус бўлинмамизга мурожаат қилинг, яхшиси ёзма равишда бизнинг бошқармага мурожаат қилинса – у қайд этилади ва қонун билан белгиланган муддатда албатта жавоб кўриб чиқилади,- дея маслаҳат берди Екатерина Смирнова.
Айни пайтда, Москва вилояти бўйича ФМС бошқармаси раиси муовини Алексей Сичёв 2011 йилнинг май ойида “Косомольская правда” газетасига берган интервюсида “яқин келажакда Докукина 14а-биносига кўчиб ўтган вилоят бошқармасида вазият нормаллашиши”, бўлаётган тартибсизлик ва тўполонларни олдини олиш мақсадида “электрон навбат” тизими жорий қилинишини ваъда қилган эди.