Халқаро хабарлар
Forbes журнали дунё миллиардерлари рўйхатини эълон қилди
Жорий йил рейтингига 42 давлатдан 210 янги миллиардер қўшилган. Ўтган йилги рўйхатдаги 60 киши янги рейтингга киритилмаган.
Миллиардер аёллар сони ўтган йилгига қараганда 104 кишидан 138 кишига ошган.
Дунёнинг энг бой кишиси сифатида мол-мулки 73 миллиард АҚШ долларига баҳоланаётган мексикалик Карлос Слим эътироф етилган. Слим сўнгги уч йилдан бери Forbes рўйхатининг биринчи поғонасини эгаллаб келмоқда.
Иккинчи ўринни 67 миллиард доллар билан Microsoft ширкати асосчиси Билл Гейтс эгаллади.
Forbes журналининг бу йилги рейтингида асли ўзбекистонлик Россия фуқароси Алишер Усмонов 17,6 миллиард доллар билан 34-поғонани эгаллаган. Журналга кўра, Усмонов Россиянинг энг бой одамидир.
Кун янгиликлари
Жапаров: Қирғизистонда 5-6 миллиардер ва 200 миллионер бор
Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда 5-6 нафар миллиардер (тасарруфида камида 1 млрд АҚШ долларига тенг мол-мулк бўлган шахслар назарда тутилмоқда - таҳр.) ва 200 га яқин миллионер борлигини, уларнинг аксарияти пулларини хориждаги офшорларда сақлашини билдирди. Бу ҳақда у давлатга қарашли “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида айтган.
“Айнан шу сабабли биз легаллаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилганмиз. Бироқ ҳалигача улар ўз пулларини мамлакатга тўлиқ қайтарганлари йўқ. Улар орасида маблағларининг бир қисмини қайтариб олиб келиб, қурилиш соҳасига сармоя киритганлар бор”, деган Жапаров тадбиркорларни яна бир марта ўз маблағларини мамлакат тараққиёти учун сарфлашдан қўрқмасликка чақирди.
Президентга кўра, Қирғизистон расмийлари иқтисодиёт ва давлат учун фойдали бўлган барча лойиҳаларни, бундай ташаббус кимдан чиқишидан қатъи назар, қўллаб-қувватлашга тайёр.
2024 йил февралида Жапаров “бадавлат фуқаролар”га мурожаат қилиб, уларни чет элдаги мол-мулк ва маблағларни легаллаштириш учун мамлакатда қабул қилинган қонундан фойдаланишга чақирган эди. Бунга мисол ўлароқ Жапаров ўзнинг 20 миллион долларга тенг мол-мулкини легаллаштирганини билдирган. У мазкур қонундан истеъфода этган ҳолда, Бишкекдаги Ибраимов кўчасида 2005 йилдан 2010 йилгача қурилган бинони машруълаштирганини қайд этган.
Бу ерда гап Қирғизистон президенти томонидан 2023 йил июнида имзоланган “Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ихтиёрий равишда легаллаштириш ва амнистия қилиш тўғрисида”ги қонун ҳақида бормоқда. Аввалроқ мамлакат расмийлари ушбу ҳужжатдан мақсад “жисмоний шахсларнинг мол-мулки ва даромадларини ихтиёрий равишда декларация қилишнинг ҳуқуқий механизмини яратиш орқали қонуний иқтисодий муомалага жалб қилиш” эканини урғулашган.
Қонун қабул қилинганидан бир йил ўтгач, Қирғизистон парламенти мазкур қонунга тузатишларни маъқуллаб, активларни легаллаштириш муддатини 2024 йил охиригача узайтириб берган эди.
Россия: Нижегород вилоятида мигрантларга патент бериш тўхтатилди
Россиянинг Нижегород вилоятида мигрантларга меҳнат фаолияти учун патент бериш тўхтатилган. Жорий йилнинг 1 октябрида “визасиз” давлатлардан, шу жумладан Ўзбекистондан борган хорижликлар у ерда патент ололмаяпти. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри Россия ИИВнинг Нижегород вилояти бошқармасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Айни пайтда бу тартиб фақат биринчи марта патент олаётганларгагина тааллуқли экани айтилган. Нижегород вилояти миграция масалалари бўйича бошқармаси қайдича, аввал патент олган хорижликлар бу ерда қайтадан ҳужжат расмийлаштириб, иш рухсатномасини янгилаб олишлари мумкин.
“Визасиз” мамлакатлардан бўлган мигрантлар учун меҳнат патентлари беришни тўхтатишга оид қарор Россия Ички ишлар вазирлигининг шу йил 23 сентябридаги буйруғи асосида қабул қилинган. Ички ишлар вазирининг ўринбосари Александр Горовой томонидан имзоланган мазкур ҳужжатда “2024 йилнинг 1 октябридан 2025 йил 1 мартигача меҳнат муҳожирларига патент бериш тўхтатилиши” ҳақида айтилган.
Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, патент бериш бўйича чекловлар Россиянинг Воронеж ва Великий Новгород шаҳарларида ҳам жорий қилинган. Шу йил март ойида Нижний Новгород расмийлари мигрантларнинг йўловчи ташиш, такси ва бошқа соҳаларда ишлашини тақиқлаб қўйган эди. Расмий маълумотга кўра, бу каби чоралар “маҳаллий аҳоли соғлиғи ва турмуш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида” қабул қилинган. Август ойига бориб чеклов рўйхати кенгайган ва хорижликларнинг бошқа соҳаларда, хусусан чакана савдо соҳасида ишлаши бўйича ҳам чекловлар киритилган.
Россияда сўнгги ойларда мигрантларга қарши кайфиятлар кучайгани ва қонунчилик кескинлашгани кузатилмоқда. Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси қайдича, бу ҳолат айниқса Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”даги терактлардан кейин кучайиб кетган. Россиялик терговчилар расмий тахминига кўра, мазкур ҳужум тожикистонлик бир гуруҳ фуқаро томонидан содир этилган.
Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Шу билан бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчилар “рейдлари” ҳам бошланиб кетган – бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.
2023 йилнинг октябрь ойида Россия Давлат думасига хорижликларга бутун мамлакат бўйлаб мактабларда, фармацевтика соҳасида, давлат тиббиёт муассасаларида, такси ва юк ташишда ишлашни тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси киритилган.
2023 йил ноябрида Давлат думаси спикерининг ўринбосари Пётр Толстой “Россияда мигрантларга нисбатан позициянинг пассивлиги” юзасидан таассуф билдирган эди. Ўшанда у айрим постсовет республикаларидан келганларга курьер, такси ҳайдовчиси ва сотувчи бўлиб ишлашни тақиқлашни таклиф қилганди.
Ливан жанубида исроиллик саккиз нафар ҳарбий ҳалок бўлди
Исроил армияси Ливан жанубида саккиз нафар ҳарбий ҳалок бўлгани ҳақида маълумот тарқатди. Қайд этилишича, ўлган аскарларнинг ёши 21 дан 23 гача бўлган. Бу Эрон томонидан дастакланаётган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши 1 октябрь куни бошлатилган қуруқликдаги амалиёт аввалидан буён Исроил армияси томонидан берилган илк қурбонлардир.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган. Нетаняҳу ўз видеомурожаатида мамлакат Эронга қарши оғир уруш жараёнида эканини ҳам таъкидлаган. Айни пайтда у бу урушда ғалаба қозонилишига, Ғазо секторида гаровда тутиб турилганлар қайтарилишига ва Исроил шимолида яшаган аҳоли ўз уйларига қайтишига умид билдирган.
Исроил Ливан ҳудудида қуруқликдаги амалиётни бошлашган олдин бу мамлакатдаги “Ҳизбуллоҳ”га алоқадор объектларга ҳаводан ёппасига зарбалар берган. Шиа мазҳабига мансуб жангарилардан иборат бу гуруҳ АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас. Исроилнинг ҳаво ҳужумларидан бирида гуруҳ лидери Ҳасан Насруллоҳ ҳам ўлдирилган.
Учинчи октябрь куни эса Исроил Сурия пойтахти Дамашқдаги уч қаватли бинони ўққа тутгани ҳақида маълумотлар келиб тушлди. ОАВ маълумотига кўра, мазкур уйда “Ҳизбуллоҳ” лидерлари ва Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси вакиллари тез-тез бўлиб туради. Қароргоҳи Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари маркази бино ўққа тутилган пайтда икки киши ҳалок бўлгани, уч киши яраланганини билдирган.
Гутерриш БМТ Хавфсизлик кенгашида Эроннинг Исроилга ҳужумини қоралади
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш БМТ Хавфсизлик кенгашининг Яқин Шарқдаги вазиятга бағишланиб 2 октябрь куни ўтказилган мажлисида Эроннинг Исроилга қарши ракета ҳужумини кескин қоралашини билдирди.
Эрон 1 октябрь куни Исроилга ракета ёғдирган — мамлакат ҳудудига 180 дан зиёд баллистик ракета отилган эди.
Ўша куннинг ўзида Исроил армияси Ливан чегарасидан ўтиб, у ерда “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи тузилмаларини йўқ қилиш мақсадида амалиёт бошлаган. Мазкур гуруҳ АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас.
Аввалроқ Исроил БМТ бош котиби Антониу Гутерришни “исталмаган шахс” (персона нон грата) деб эълон қилиб, унинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйганди.
“Эроннинг Исроилга қабиҳона ҳужумини дунёдаги қарийб барча мамлакатлар каби сўзсиз қоралай олмаган шахс Исроил ерига қадам босишга лойиқ эмас”, деганди Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кац бу қарорни изоҳлар экан.
Гутерриш чоршанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашида қилган чиқишида Исроилнинг Ливандаги амалиёти ҳақида сўзлар экан, бу борада БМТ ўзининг 2006 йилдаги резолюциясига риоя қилишга чақириши билдирган. Мазкур ҳужжатда БМТ Исроилни Ливандан ўз қўшинларини олиб чиқишга, Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” дохил қуролли гуруҳларни эса қуролсизланишга чақирган ҳамда ўз тинчликпарвар кучлари ёрдамида минтақада осойишталикни сақлашни ваъда қилган.
Яқин Шарқдаги можаро эскалациясини муҳокама қилишга бағишланган БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2 октябрдаги мажлиси Франция талаби билан ўтказилган.
Исроил БМТ бош котиби Гутерришни "исталмаган шахс" деб эълон қилди
Исроил БМТ бош котиби Антониу Гутерриш “исталмаган шахс” (персона нон грата) деб эълон қилиб, унинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кац билдирди, дея хабар қилди Reuters агентлиги.
“Эроннинг Исроилга қабиҳона ҳужумини дунёдаги қарийб барча мамлакатлар каби сўзсиз қоралай олмаган шахс Исроил ерига қадам босишга лойиқ эмас”, деган Кац.
Биринчи октябрь куни Эрон Исроил ҳудудига 180 дан зиёд баллистик ракета отган. Бу Ливаннинг Эрон томонидан дастакланаётган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан Исроил ўртасидаги жанглар эскалацияси манзарасида содир бўлган.
Ракеталарнинг анчагинаси ҳавода уриб туширилган, бироқ кўплаб ракета ракетага қарши мудофаа тизимини ёриб ўтган.
Эрон Исроил томонга отилган ракеталарнинг 90 фоизи нишонга урилганини, Исроил эса ҳеч қаерга шикаст етмаганини иддао қилмоқда. Хабар ёзилаётган пайтгача ҳужум оқибатлари бўйича ҳеч қандай мустақил баҳо эълон қилингани йўқ.
Ҳужумдан сўнг Гутерриш X ижтимоий тармоғида қисқагина қилиб Яқин Шарқдаги можаро “эскалация ортидан эскалация билан” кенгайиб бораётганини қоралаши ҳамда оташкесимга чақириши ҳақида пост қолдирган.
Тожикистонлик ҳар 10 жиҳодчидан 8 нафари Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган
Жанговар ҳаракатлар ҳудудидаги террор гуруҳлари сафига қўшилган Тожикистон фуқароларининг 85 фоиздан кўпроғи Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган ва “ислом мамлакатлари”га Россиядан жўнаб кетишган. Бу ҳақда Тожикистон ИИВ академияси ўқитувчилари Ҳаёт Сафарзода ва Шоҳрух Аҳёзоданинг мақоласида айтилган. Мазкур мақола Тожикистон ИИВ академиясининг “Ёшлар шўроси” (“Шӯрои ҷавонон”) гуруҳида 31 август куни чоп қилинган.
Жиноят ишларини таҳлил қилган мақола муаллифлари тожикистонлик ёшларнинг 90 фоизга яқини Россияда “имомлар тармоғи” ва экстремистик гуруҳлар таъсири остига тушиб қолган, деган хулосага келишган. Бу хулосани текшириб кўриш имкони йўқ, чунки ёшлар ҳали Россияга чиқиб кетмасидан туриб озми-кўпми диндор бўлишган ва ислом ҳақида тушунчага эга бўлишган.
Расмий маълумотларга кўра, “Ислом давлати” гуруҳи ўз сафларига одам чақира бошлаган 2014 йилдан бошлаб 2000 яқин Тожикистон фуқароси Ироқ ва Суриядаги мазкур террор ташкилоти ва бошқа экстремистик ташкилотлар сафини тўлдиришган. Уларнинг кўпчилиги жанговар ҳаракатлар чоғида ҳалок бўлишган, уларнинг хотинлари ва болалари эса Тожикистонга олиб чиқиб кетилган. Ҳозирги пайтда унча кўп бўлмаган сондаги тожикистонлик аёллар ва болалар Ироқ қамоқхоналари ва Суриядаги лагерларда тутиб турилибди.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон шу йил март ойида руҳонийлар билан учрашув чоғида уч йил ичида мамлакатнинг 24 нафар фуқароси ўнта мамлакатда террор хуружи содир этгани ёки терактга ҳозирланганликда гумонланганини эътироф этган.
Мақола муаллифлари Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида “салафий-ваҳобий” мафкураси таъсири ошгани ва бу Тожикистон “миллий хавфсизлиги учун жиддий хавф” туғдиришини таъкидлашган.
Ҳаёт Сафарзода ва Шоҳрух Аҳёзода мигрантларнинг ота-оналарига, Россиядаги тожик диаспораларига ва Тожикистоннинг расмий ваколатхоналарига мамлакат ичи ва ташқарисида экстремизмга қарши жон-жаҳди билан курашишни тавсия қилишган. Улар мақолада Тожикистондаги диний чекловлар масаласига тўхталишган эмас.
Тожикистонлик ҳуқуқбонлар ва танқидчилар Душанбени диний эркинликларга қаттиқ чекловлар киритганликда, жумладан масжидларни ёпаётганликда, вояга етмаганларнинг масжидларга киришини тақиқлаётганликда, ўсмирларнинг диний таълим олишини ман қилаётганликда ва бошқаларда айблаб келишади.
Ҳар йили Тожикистонлик фуқаролардан 1 миллионга яқини Россияга пул ишлаш учун кетади. Мигрантлар бу мамлакатда меҳнат шароитининг оғирлиги, рейдлар кўпайгани ва куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан босимга учраётганларидан мунтазам равишда шикоят қилиб келишади.
Эронда барча авиақатновлар бир кеча-кундузга бекор қилинди
Эрон расмийлари бир суткага - пайшанба тонгигача - барча авиарейсларни бекор қилишга қарор қилишди. Tasnim агентлигининг хабар қилишича, мазкур қарор “минтақада парвозлар хавфсизлигини таъминлаш учун” қабул қилинган.
Парвозлар бекор қилинганига оид қарор Эрон-Исроил можароси кескин кучайиб кетгани манзарасида эълон қилинди. 1 октябрь оқшомида Эрон Исроилга қарши ракета ҳужумини уюштирган. Маълумотларга кўра, кеча Исроил ҳудудига 180 га яқин ракета отилган.
Теҳрон вакиллари бу ҳужумнинг Исроилга қарши курашда Эрон иттифоқчилари бўлган ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) ва “Ҳизбуллоҳ” (Ливанда ҳам қуролли қанотига эга бўлган, ҳам сиёсий партия бўлган бу гуруҳ АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган) лидерларининг ўлимига жавоб эканини билдирган.
Исроил ўз ҳудудига Эрон томонидан берилган зарбага жавоб берилишини ваъда қилган. Айни пайтда Исроил Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” объектлари бўйлаб зарбалар беришни ҳамда бир неча кун аввал Ливан жанубида бошланган қуруқликдаги ҳарбий амалиётни давом эттирмоқда.
Аввалроқ Эроннинг ракета зарбалари ва Исроил томонидан муҳтамал жавоб кутилаётгани Яқин Шарқда, шу жумладан Форс кўрфази ҳудудидаги авиаалоқаларда жиддий узилишларга олиб келгани хабар қилинган. Можаро кучайиши ортидан бирданига бир неча авиаширкат ўз авиақатновлари йўналишларини ўзгартиришган ёки рейсларни бекор қилишган. Улар орасида Etihad Airways, Emirates Airlines, Qatar Airways, Flydubai каби авиаширкатлар бор. Улар Ироқ ва Эронга йўналган барча қатновларни бекор қилишган, айрим авиаширкатлар эса Исроил ва Иорданияга ҳам рейсларни тўхтатиб қўйишган.
Таиландда мактаб автобуси ёниб кетиши оқибатида 20 бола ҳалок бўлди
Таиланддаги автоҳалокатда 20 нафар бола ва уч нафар ўқитувчи нобуд бўлди.
Би-би-си хабарига кўра, мактаб автобуси мамлакат шимолидан пойтахт Бангкокка қайтаётган пайтда унинг олд ғилдираги ёрилиб кетган. Бунинг натижасида ҳайдовчи автобусни бошқаролмай қолган, машина тўсиққа урилиб, ёниб кетган.
Бангкокдан 100 километр нарида содир бўлган мазкур ҳодиса чоғида 12 нафар бола, уч нафар мактаб ходими ва ҳайдовчи омон қолгани айтилмоқда. Автоҳалокатдан соғ чиққан 15 киши турли жароҳатлар билан касалхонага етказилган.
Таиланд транспорт вазири автобусга сиқилган табиий газ тўлдирилган баллонлар ўрнатилганини билдирган. Хабарномада айтилишича, бундай жиҳоздан фойдаланиш ўта хатарли бўлиши мумкин.
Автобуснинг олд қисмида чиққан ёнғин туфайли автоҳалокат қурбонларидан беш боланинг жасади таниш қийин ҳолатга келган. Автоҳалокат чоғида болалар инстинктив равишда салоннинг орқа томонига отилишган, бироқ ундан чиқишга улгуролмай қолишган.
Эрон Исроил ҳудудига юзлаб ракета отди
Исроил армияси 1 октябрь оқшомида Эрон Исроил ҳудудига ракеталар билан зарба бергани ҳақида маълум қилди. Тинч аҳоли вакилларига пана жойларга яшириниш буюрилган.
“Бир муддат олдин Эрондан Исроил давлати томонга ракеталар учирилган. Қўмондонлик мамлакатнинг турли ҳудудларида аҳолини қутқариш учун қўлланма тарқатди. ЦАХАЛ тинч аҳоли ҳимояси учун зарур бўлган барча чораларни кўрмоқда”, дейилган Исроил ҳарбийлари томонидан ёйинланган илк хабарномалардан бирида.
Эрон давлат телевидениеси томонидан ёйинланган Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) баёнотида Исроил тарафига “ўнлаб ракета” учирилгани, зарба нишони Тель-Авив атрофидаги учта ҳарбий база экани айтилган. ИИПК, агар Исроил бу ҳужумга жавоб бергудек бўлса, Теҳрон янги ҳужумни амалга оширишидан огоҳлантирган. Эронлик юқори лавозимли мулозим Reuters агентлигига ракета отиш ҳақидаги буйруқ мамлакат олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий томонидан берилганини билдирган. “Унинг ўзи хавфсиз ерда”, дея қўшимча қилган Reuters суҳбатдоши.
Эрон раҳбарияти Исроилга берилган ракета зарбасини АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган Ғазодаги ҲАМАС гуруҳи ҳамда Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи лидерлари ўлими учун қасос деб атаган. “Ҳизбуллоҳ” қуролли гуруҳ бўлиш билан бирга сиёсий партия ҳам бўлиб ҳисобланиб, у Ливан жанубидаги шиа мазҳабига мансуб аҳоли яшовчи ҳудуднинг катта қисмини назорат қилади.
ЦАХАЛ (Исроил армияси) вакили Даниэль Хагари ҳарбийлар “мудофаа учун ҳам, ҳужум учун ҳам юксак жанговар ҳозирлик ҳолатида” эканини билдирган.
Бу ҳужумга жавоб қайтарилишини қайд этган Хагари: “Бизда режалар бор, биз қаерда ва қачон зарур деб билсак, ўша ерда ва ўша пайтда ҳаракатга киришамиз”, дея урғулаган. У Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Яқин Шарқ минтақасида “тўла қувват билан ҳаракат қилиб, шиддатли зарбалар бериш”да давом этишини қўшимча қилган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ракета зарбалари ҳақида гапира туриб, Эрон “катта хатога йўл қўйди ва бунинг учун товон тўлайди”, дея билдирган.
“Биз ўзимиз белгилаган қоидаларга риоя қиламиз: ким бизга ҳужум қилса, биз ҳам унга ҳужум қиламиз”, деган Нетаняҳу чоршанбага ўтар кечаси Исроил ҳукумати мажлисини оча туриб.
Эроннинг ISNA ахборот агентлиги 1 октябрь оқшомида Эрон Исроилга ҳужум ортидан Теҳрон узра ҳаво ҳудудини ёпиб қўйгани ҳақида хабар қилди. Эрон пойтахти аэропортидаги рейслар чоршанба куни соат 10 гача бекор қилинган.
Исроил армияси радиоси маълумотига кўра, Эрондан Исроилга жами 200 га яқин ракета учирилган. Кейинроқ ЦАХАЛ Исроил томонидан тақрибан 180 та ракета отилганини қайд этган. Иддаога кўра, ракеталарнинг катта қисми Исроил кучлари томонидан АҚШ қўмондонлиги билан ҳамкорликда уриб туширилган. Яқин Шарқ минтақасида қўним топган АҚШ эсминецлари яқинланиб келаётган Эрон ракеталарига қарши тутувчи ракеталар учириб, Исроил мудофаасини дастаклади, дея маълум қилган АҚШ ҳукумати.
Ишлаётган ҳавога қарши мудофаа тизими овозлари Қуддус, Тель-Авив, Ашкелон ва бошқа шаҳарларда эшитилиб турган.
Reuters агентлигининг Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар Қуролли кучларига Эрон ракеталаридан ҳимояланишда Исроилга ёрдам бериш ва Исроилга йўналган ракеталарни уриб тушириш ҳақида топшириқ берган.
Эроннинг ракета ҳужумлари давом этаётган пайтда Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси бу мамлакатда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларга “тезкор эҳтиёт чораларини кўриш” тавсияси билан чиқди.
Элчихона Исроилдаги ўзбекистонликларга, жумладан ракета ҳужумлари пайтида тезлик билан бомба бошпаналарига кириш, Исроил ҳукумати ва Ўзбекистон элчихонаси расмий хабарларини кузатиб бориш, Исроил фронторти қўмондонлиги билдиришномалари ва огоҳлантиришларига амал қилиш, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва Ўзбекистон элчихонасининг алоқа маълумотларини доимо ўзи олиб юришни тавсия қилган.
Кейинроқ ЦАХАЛ ракета ҳужуми тугагани ҳақида хабар тарқатган. “Вазиятни баҳолаш якунларига кўра аҳолига бутун мамлакат бўйлаб ҳимояланган бошпаналарни тарк этишга рухсат беришга қарор қилинган”, дея қайд этган Исроил қўмондонлиги.
Исроил тезкор хизматларига кўра, Эрон томонидан уюштирилган ракета зарбалари натижасида бирор-бир кишининг жиддий жароҳат олганига оид маълумот келиб тушмаган. Исроил миллий тиббий хизмати вакиллари Тель-Авивда икки киши енгил жароҳат олгани, яна бир неча фуқаро пана жойга кетиш йўлида хавфли бўлмаган жароҳатлар олганини маълум қилишган.
Бунгача АҚШ президенти маъмуриятидаги манба Вашингтон Эрон томонидан Исроилга баллистик ракета зарбаси беришга ҳозирланаётгани ҳақида маълумотлар борлигини билдирган эди. АҚШ маъмурияти вакиллари Исроил ҳудудига бевосита ҳарбий ҳужум Теҳрон учун жиддий оқибатларга сабаб бўлишини урғулашган.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Эрон Исроилга ракеталар отганидан кейин қилган чиқишида “эскалация ортидан эскалация”ни қоралашини айтган.
“Бу бас қилиниши керак. Бизга оташкесим мутлақо зарур”, дея урғулаган Гутерриш.
Исроилга қарши ҳужум Европа Иттифоқи раҳбарияти томонидан ҳам қораланган. Еврокомиссия раисининг ўринбосари Жозеп Боррель ЕИ Эроннинг Исроилга қарши зарбасини “қатъиян” қоралашини урғулаган.
“Ҳужумлар ва қасосларнинг хатарли давраси назоратдан чиқиб кетиши мумкин. Бутун минтақа бўйлаб зудлик билан ўт очиш тўхтатилиши зарур”, дея қўшимча қилган Боррель X ижтимоий тармоғи орқали ёйинланган постида.
Марк Рютте НАТО бош котиби ўлароқ иш бошлади
Нидерландиянинг собиқ бош вазири Марк Рютте расман НАТО бош котиби лавозимида иш бошлади. У 2014 йилдан буён ташкилотга раҳбарлик қилиб келган Йенс Столтенберг ўрнига келди.
Рютте НАТО бош котиби лавозимида ишлар экан, асосий эътиборини учта устувор йўналиш – Шимолий Атлантика иттифоқи мудофаасини кучайтириш, Украинани дастаклаш ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратишини билдирган.
Рютте Украинанинг НАТОга кириши муддатини яқинлаштиришга ваъда берган. Унга кўра, кучли ва мустақил Украинасиз Европа хавфсиз бўлолмайди. Рютте НАТОга аъзо мамлакатлар шу йил июль ойида Вашингтонда бўлиб ўтган саммитда Киев олдида олинган мажбуриятларини бажаришлари лозимлиги, чунки “Украинанинг ҳақли жойи НАТОда” эканини қайд этган.
Аввалроқ Politico нашри НАТО мамлакатларининг барча элчилари Рютте номзодини маъқуллаганлари, сўнггилардан бўлиб уни Словакия ва Венгрия ҳам қўллагани ҳақида ёзган эди. Бир неча ой давомида Рютте номзодини дастаклашга рози бўлмай юрган Венгрия бош вазири Виктор Орбанга Будапешт Украинани дастаклаш бўйича НАТО фаолиятида иштирок этишдан бош тортиши мумкинлиги ваъда қилинган.
Рюттенинг НАТО бош котиби лавозимидаги асосий вазифаси ҳарбий иттифоққа аъзо барча мамлакатлар учун мудофаа харажатларини ЯИМнинг 2 фоизига қадар ошириш бўлиши айтилмоқда. НАТО маълумотига кўра, ҳарбий харажатлар бўйича кўзланган кўрсаткичга ҳозиргача ташкилотга аъзо 32 та мамлакатдан 23 тасигина эришган, холос.
2010 йил октябридан жорий йил июлигача Нидерландия бош вазири лавозимида ишлаган Марк Рютте Россиянинг танқидчиси бўлиб, доим Украинани дастаклаб келган.
Япония парламенти янги бош вазир номзодини тасдиқлади
Япония парламенти ҳукмрон Либерал-демократик партия раҳбари Сигэру Исибани мамлакатнинг янги бош вазири ўлароқ тасдиқлади. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар қилди.
Исибанинг салафи Фумио Кисида коррупция дохил можаролар манзарасида истеъфога кетган. У Либерал-демократик партия лидери ва бош вазир лавозимида уч йил ишлаган – бу вақт ичида унинг рейтинги 50 фоиздан 16 фоизгача пастлаб кетган. Кисида рейтинги билан бирга Иккинчи жаҳон урушдан буён Японияда қарийб доим ҳокимият тепасида бўлиб келган Либерал-демократик партиянинг рейтинги ҳам пасайган.
Исиба Кисида сиёсатини давом эттириб, дефляцияга қарши курашиш, маошлар оширилишига эришиш, туғилиш камайишининг олдини олиш, аҳоли сони камайишини тўхтатиш ва Япониянинг табиий офатларга нисбатан бардошлилигини оширишни ваъда қилган.
Аввалроқ у НАТОнинг Осиё версиясини барпо этиб, минтақавий ҳамкорлар ва АҚШ билан Америка ядровий салоҳиятидан фойдаланиш масаласини кўпроқ муҳокама қилишни таклиф қилган эди.
Исиба янги Вазирлар маҳкамаси жамият томонидан “имкон қадар тезроқ” қўллаб-қувватланиши учун 27 октябрь кунига муддатидан илгари парламент сайловини белгилаши кутилмоқда. Мухолифат бу қарорни “шошқалоқлик билан олинган” дея танқид қилмоқда: чунки, мухолифатчилар фикрича, парламент ва сайловчиларда Исиба сиёсатини ўрганиш ва муҳокама қилиш учун жуда оз вақт бўлади.
Сўнгги сўров натижаларига кўра, Кисиданинг муваффақиятсизликларига қарамай, Либерал-демократик партия японияликлар орасида ҳали ҳам энг кўп қўлловга партиядир. Мухолифат тарафдорлари ЛДП тарафдорларидан анча кам. Айни пайтда сўралган сайловчиларнинг катта қисми анчадан буён ҳеч кимни қўлламай қўйган.
АҚШ фаластинликларга инсонпарварлик ёрдами ўлароқ 336 млн доллар ажратади
АҚШ Ғазо сектори ва Урдун дарёси Ғарбий соҳилидаги фаластинликларга 336 миллион доллар миқдорида қўшимча гуманитар ёрдам ажратмоқчи. Бу ҳақда Reuters агентлиги АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигидаги (USAID) манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Бу маблағ мазкур ҳудудларга озиқ-овқат, дори-дармон ва биринчи эҳтиёж молларини етказиб бериш, шунингдек, Исроил армиясининг ҳарбий амалиёти туфайли ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган фаластинликларни келаётган қишда вақтинча бошпана билан таъминлаш имконини беради.
USAID вакиллари сўнгги йилда Ғазо сектори ва Урдун дарёси Ғарбий соҳили гуманитар буҳрон ҳолатида эканини қайд этишган.
“АҚШ можаронинг барча томонларини сулҳ ҳақида келишувга эришиш ва гаровдаги кишиларни зудлик билан озод этиш ҳамда Ғазо секторига кенг кўламда инсонпарварлик ёрдами етказиш имкониятини таъминлашга чақиришда давом этмоқда”, дея таъкидлашган агентлик ходимлари.
Ўтган йилнинг 7 октябрида АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳи Исроил жанубига ҳужум уюштирган. Ҳужум натижасида 1200 га яқин исроиллик ўлдирилган, 250 чоғли киши ўғирланиб, Ғазо секторига олиб кетилган. Бунга жавобан Исроил ҲАМАСга қарши жанговар ҳаракатларни бошлаган. Ҳарбий амалиёт натижасида Ғазо секторида яшовчи юз минглаб одам уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
ҲАМАС назорати остида бўлган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги иддаосича, Исроил бомбардимонлари оқибатида секторда яшовчи 30 мингдан зиёд киши нобуд бўлган.
Фаластин мухторияти бир қисмини назорат қиладиган Урдун дарёсининг Ғарбий соҳилида ҳам ҲАМАС тузилмалари мавжуд, бироқ у ерда ҲАМАС вакиллари расман ҳокимият тепасида эмас.
БМТ ва дунёдаги кўплаб мамлакатлар ҲАМАС ва Исроилни имкон қадар тезроқ сулҳ битимини тузишга чақириб келишмоқда. АҚШ, Қатар ва Миср бу масалада воситачи бўлишлари мумкинлигини айтишяпти. Бироқ шу пайтгача ўтказилган музокараларнинг барчаси боши берк кўчага кириб қолмоқда.
Россияда ноқонуний миграцияга қарши қонунчилик кучайтирилади
Россия Федерацияси қонун лойиҳачилиги фаолияти бўйича ҳукумат комиссияси ноқонуний миграцияга қарши кураш соҳасидаги қонунчиликни кучайтиришга оид ташаббусларни кўриб чиқмоқда. “Коммерсантъ” нашри хабар қилишича, бу қонун лойиҳалари учун ижобий баҳолар аллақачон ҳозирлаб қўйилган.
Қайд этилишича, журналистлар Россия Маъмурий ва Жиноят кодексларига тузатиш киритиш бўйича учта қонун лойиҳасини қўлга киритишган. Мазкур лойиҳаларни “Единая Россия” партиясидан депутатлар Ирина Яровая ва Олег Морозов тайёрлаган.
Биринчи қонун лойиҳаси жиноят содир этилганда Россия ҳудудида ноқонуний бўлишни оғирлаштирувчи ҳолат ўлароқ қабул қилишни таклиф қилади. Лойиҳа шарҳида, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари маълумотига кўра, Россияда 630 мингдан зиёд ноқонуний мигрант юргани иддао қилинган. 2024 йилда улар томонидан содир этилган жиноятлар сони гўё уч баравар ошган.
Иккинчи қонун лойиҳаси билан ноқонуний миграция ташкил қилиш мақсадида ҳужжатларни сохталаштирганлик учун юридик шахсларга бериладиган маъмурий жазони кучайтириш кўзда тутилган. Ҳозирда бу ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори 400 минг рублдан 1 миллион рублгачани ташкил қилади. Депутатлар бу суммани 5 миллион рублдан 10 миллион рублгача кўтаришни таклиф қилишган. Бундан ташқари, мазкур ҳуқуқбузарлик қайта содир этилганида, унга бериладиган жазони ҳам кучайтириш режаланмоқда. Бундай ҳолатда жарима миқдори 10 миллион рублдан 60 миллион рублгача бўлиши мумкин.
Учинчи қонун лойиҳасида ноқонуний миграцияни ташкил қилганлик учун жазони кучайтириш таклиф қилинмоқда. Ҳозирда бу жиноий модда учун беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин, бироқ қонунчиликда бу жиноят учун қамоқнинг энг кам муддати белгиланган эмас. Депутатлар ноқонуний миграция ташкил этганлик учун судланувчига камида икки йиллик қамоқ жазоси берилишига эришишмоқчи. Шунингдек, қонун лойиҳасида “уюшган гуруҳ томонидан содир этилган ёки оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этиш мақсадида” уюштирилган ноқонуний миграцияни ўта оғир жиноят деб ҳисоблаш таклиф қилинмоқда.
Исроил Ливанда қуруқликдаги амалиётни бошлади
Исроил армияси (ЦАХАЛ) ўтган тунда Ливан жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи инфратузилмаси ва объектларига қарши “аниқ разведка маълумотлари асосида қуруқликдаги чекланган рейдлар” бошланган. Бу ҳақда Исроил армияси қўмондонлиги баёнотида айтилган.
Қўмондонлик иддаосига кўра, бу рейдлар объектлари “чегарага яқин қишлоқларда жойлашган бўлиб, улар Исроилдаги аҳоли пунктларига бевосита таҳдид бўлиб ҳисобланади.
Қуруқликдаги амалиёт олдидан Исроил армияси Ливан ҳудудидаги АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига алоқадор объектларга ҳаводан ёппасига зарбалар берган. Гуруҳ Исроил ҳудудига мунтазам равишда ракеталар отиб турган, бунинг натижасида ўн минглаб исроиллик мамлакат шимолидаги аҳоли пунктларида жойлашган уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
The New York Times газетаси маълумотига кўра, ҳужум кучлари кичик командос гуруҳларидан иборат. Зарурат туғилгудек бўлса, Ливан ҳудудига кейинги кунларда чегара яқинида жойлаштирилган йирикроқ ҳарбий контингент киритилиши мумкин.
Амалиёт режаси 30 сентябрь оқшомида Исроил ҳукумати мажлисида маъқулланган. Аввалроқ Ливан ҳудуди бўйлаб берилган ҳаво зарбалари оқибатида Исроил кучлари “Ҳизбуллоҳ”нинг қатор етакчилари, шу жумладан гуруҳ лидери Ҳасан Насруллоҳни ўлдиришга муваффақ бўлишган. Ливан расмийлари зарбалар натижасида юзлаб тинч аҳоли вакили нобуд бўлганини билдиришган.
Ўтган тунда Исроил авиацияси Сурия пойтахти Дамашққа зарба бергани ҳақида маълумот келиб тушган. Сурия давлат ОАВ хабарларига кўра, зарбалар оқибатида уч киши ҳалок бўлган, 9 киши яраланган. Мазкур ҳаво амалиёти нима мақсадда ўтказилгани ҳозирча маълум эмас. Ўз навбатида, Исроил қўмондонлиги мамлакат соҳилидан бир неча ўн километр нарида Ўртаер денгизи узра дронлар уриб туширилгани ҳақида маълумот тарқатган. Ҳодиса тафсилотлари маълум эмас.
CNN телеканали Исроил расмий манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, Исроил “Ливаннинг жанубий ҳудудларини узоқ вақт ишғол қилишни режаламаётгани” ҳақида хабар қилган. Айни пайтда Исроил расмийлари мазкур амалиёт қанча давом этиши ҳақида ҳозирча аниқ бир гап айтмаяпти.
Шу билан бир вақтнинг ўзида Исроил Ғазо секторида кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳига қарши жанговар ҳаракатларни давом эттирмоқда. Гуруҳ жангарилари 2023 йил 7 октябрида Исроил ҳудудига қилган ҳужуми натижасида мингдан зиёд исроиллик ҳалок бўлган, юзлаб одам гаровга олинган. Исроилнинг жавоб амалиёти чоғида Ғазода, маҳаллий расмийлар иддаосига кўра, минглаб фаластинлик нобуд бўлган.
АҚШда Helen тўфони қурбонлари сони 116 нафарга етди
АҚШ жанубий-шарқида Helen тўфони туфайли, сўнгги маълумотларга кўра, 116 нафар одам ҳалок бўлган, улар орасида болалар ва қариялар ҳам бор. Бу ҳақда CBS News хабар қилди.
Дастлаб 26 сентябрь куни Флоридада бошланган тўфон кейин Жоржия штатига ўтиб, ҳар иккала Каролина, Теннесси ва Алабама штатларига дахл қилган, уч кун ўтгач эса тинган. 1300 километрга яқин масофани қамраб олган Helen соҳилбўйи ерларинида тошқинларга сабаб бўлган, йўллар ва уйларни вайрон қилган, дарахтларни қўпориб, икки миллиондан зиёд истеъмолчини электрсиз қолдирган. Табиий офат оқибатларини вертолётдан кўрган Жоржия губернатори содир бўлган ҳодисани бомба тушиши билан қиёслаган.
АҚШ президенти Жо Байден жабрланган штатларда фавқулодда вазият тартибини эълон қилган, мазкур тартиб уларга тиклаш ишлари ва ёрдам кўрсатиш учун федерал бюджетдан маблағ ажратилишига имкон яратади.
Moody's Analytics агентлиги тўфондан кўрилган фақат моддий зарарнинг ўзини тақрибан 26 миллиард долларга баҳолаган. AccuWeather томонидан эълон қилинган дастлабки маълумотларга кўра, табиий офат туфайли кўрилган умумий зарар камида 95 миллиард долларни ташкил этади.
Аввалроқ Helen тўфони АҚШ тарихида ўз кучи бўйича 14-тўфонга айлангани ҳақида хабар қилинган эди. Иқлим ўзгаргани сайин тўфонлар тобора кучайиб бормоқда.
2024 йил ёзи кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ёз бўлган. Тахминларга кўра, бутун йил бўйи ҳарорат ўтган йилги рекордларни ортда қолдириши мумкин.
Глобал миқёсда ҳарорат кўтарилиб бораётгани туфайли сув тошқинлари, қурғоқчиликлар, ўрмон ёнғинлари, пўртаналар, совуқ ва иссиқ ҳаво оқимлари тобора кўпроқ ва тез-тез кузатилмоқда. Табиий офатлар одамлар ва ҳайвонлар ўлими ва миграциясига, уйлар ва инфратузилмалар вайрон бўлишига, экин майдонларининг нест-нобуд бўлишига сабаб бўляпти.