Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:23

Бедарак кетган ўзбек қочқинини қидиришдан самара бўлмаяпти


Шуҳрат Мусин бошпана изловчи шахс сифатида расман рўйхатга олинган эди.
Шуҳрат Мусин бошпана изловчи шахс сифатида расман рўйхатга олинган эди.

Бишкекда бедарак кетган ўзбекистонлик қочқин Шухрат Мусиннинг изи орадан 31 кун ўтганига қарамай топилгани йўқ. Милиция Мусинни қидириш иши фаол олиб борилаётгани тўғрисида айтмоқда. Аммо бу ишни кузатиб бораётган ҳуқуқ фаоллари қидирув ишлари кўнгилдагидай олиб борилмаётганидан норози.

Қочқиннинг рафиқаси Барно Гайбердиеванинг айтишича, Бишкек шаҳар Свердлов туман милициясининг қидирув ишлари натижа бермаяпти. Айни пайтда қочқиннинг рафиқаси милицияни ҳаракатсизликда ҳам айблай олмаслигини, Шуҳрат Мусинни қидириш ишига Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги аппаратидаги ходимлар ҳам жалб қилинганини айтди.

- Милиция ходимлари қидиришаяпти. Бироқ ҳеч қаердан тайини чиқмаяпти. Ҳозир қидирув эълон қилишди. ГУР МВД ишлаяпти, бундан ташқари МВДдаги бошқа ходимларни ҳам жалб қилишган, бундан ташқари Свердлов туман милицияси қидирув ишларини олиб бораяпти, -деди Барно Гайбердиева.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Шухрат Мусинни қидириш ишлари олиб борилаётганини, аммо ҳозирча натижа йўқлигини маълум қилди. “Ҳозирча бу борада аниқ бир маълумот йўқ. Қидирув ишлари самараси сезила бошлагач бу ҳақда ўзимиз билдирамиз”, деди вазирликнинг ўзини таништиришни истамаган тезкор ходимларидан бири.

Шуҳрат Мусин билан боғлиқ ишни кузатиб бораётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳозирги пайтда қочқинликда яшаётган Фарҳодхон Мухторов қидирув ишлари кўнгилдагидек олиб борилмаяпти, деган фикрда. Унинг айтишича, милиция ходимлари бундан бир ой олдин уяли алоқа ширкатларининг биридан Шуҳрат Мусиннинг телефон сўзлашувлари билан боғлиқ рақамлар кўчирмасини олишларини билдирганлар. Шухрат Мусинга йўқолишидан бир неча дақиқа олдин кимдир телефон қилган ва у телефон қилган шахс билан учрашувга кетганини айтган.

“Шунинг учун телефон сўзлашувлари кўчирмасини олиш Шуҳрат Мусин ишига анча ойдинлик киритар эди. Аммо орадан бир ой ўтган бўлсада, бу иш амалга ошмаган”, дейди Фарҳодхон Мухторов.

- Қидирув ишлари фаол бўлаяпти, деб айта олмайман. Чунки шу кунгача Шуҳратга ким охирги марта телефон қилгани шу кунгача аниқлаштирилмаган. Ҳолбуки, бу икки ҳафтада амалга оширилса бўладиган иш эди, -деди Фарҳодхон Мухторов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Мусин Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган бўлиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмайди.

29 ёшли Шуҳрат Мусин Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида яшаган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, у 2005 йилда Андижон воқеаларида иштирок этгани учун таъқиб қилинган ва 2007 йилда Қирғизистонга келиб, бошпана сўраган. Унинг аризаси 2009 йилда кўриб чиқилган ва Шуҳрат Мусинга бошпана изловчи шахс мақоми берилган.

Ўзбекистон томони Шуҳрат Мусинни Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси сифатида айблаб, халқаро қидирувга берган. 2010 йилда Шуҳрат Мусин Ўзбекистон сўрови билан қўлга олинган ва 5 ой Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида сақланган.

2011 йил февралида БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги Бишкекдаги ваколатхонаси ҳамда қатор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари аралашуви билан Шуҳрат Мусин қўйиб юборилган.

Шуҳрат Мусиннинг ота-онаси ҳам қочқин мақомига эга ва улар ҳозир ғарб давлатларидан бирида яшамоқда.
XS
SM
MD
LG