Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:54

Бишкекда уч депутатнинг суди ниҳоясига етаяпти


Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовга нисбатан суд жараёни 20 январда бошланган.
Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовга нисбатан суд жараёни 20 январда бошланган.

Бишкекда парламент биносини зўравонлик билан босиб олишга ҳаракат қилганликда айбланиб судланаётган уч депутатнинг суди якунланишига икки кун қолганида Қирғизистон президенти ҳуқуқ ҳимоячиларининг ташвишли мурожаатларига жавоб берди.

Парламент депутатлари Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитов ўтган йилнинг 3 октябрида ўтган митингда ҳукуматни босиб олиш чақириқларини айтиб, намойишга келганлар гуруҳи билан парламент ва президент маъмурияти биноси панжараларидан ошиб тушишга ҳаракат қилган эди. Номи зикр қилинган уч депутат 4 октябрга ўтар кечаси ҳибс қилинган.

Қамчибек Ташиев тарафдорларининг Ўш шаҳрида март ойи бошида ўтказган митингги.
Қамчибек Ташиев тарафдорларининг Ўш шаҳрида март ойи бошида ўтказган митингги.
Шундан сўнг депутатларнинг оз сонли тарафдорлари бир неча маротаба норозилик митингларини ўтказишган эди. Баҳор келиши билан эса Жалолобод ва Ўшда Қамчибек Ташиев тарафдорлари бўлган бир неча минг киши ҳибсда қолаётган депутатларнинг адолатли судлов ҳуқуқини таъминлаш ва уларни оқлаш талаби билан яна намойишларни бошлаган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари кенгаши вазиятнинг бу тарзда кескинлашувига йўл қўймаслик илтимоси билан 26 март куни мамлакат ҳукуматига мурожаатнома йўллаган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Қамчибек Ташиевнинг парламент ва президент маъмурияти биносига бостриб кириш ҳаракати кенг жамоатчилик томонидан қораланган. Бироқ мазкур жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов жараёнида Конституция талаблари бузилган ва айбланувчи депутатларнинг адвокатлари тазйиққа учраган.

Ҳибс қилинган депутатлар тарафдорлари Бишкекдаги ҳукумат биноси олдида айбланувчиларнинг озод қилишини талаб этмоқда, 25 январ. 2013 йил.
Ҳибс қилинган депутатлар тарафдорлари Бишкекдаги ҳукумат биноси олдида айбланувчиларнинг озод қилишини талаб этмоқда, 25 январ. 2013 йил.
“Бугунги кунда халқнинг ҳукуматга нисабатан ғазаби аланга олиб бормоқда. Бунга сўнгги норозилик акцияларида одамлар сонининг кўпайгани ҳам исбот бўла олади. Шунинг учун терговда йўл қўйилган қонунбузарликларни бартараф этилишини ҳукумат кафолатлаши зарур”, дейилади ҳуқуқ ҳимоячилари мурожаатида.

-Депутатларнинг қилган жиноятига мувофиқ айблов қўйилмаган. Биз улар ҳеч қандай жиноятга қўл ургани йўқ деган фикрдан йироқмиз. Афсуски, мана шундай факт бўлган. Аммо депутатларга қилган жиноятларига яраша айблов билдирилиши лозим эди. Уларга эса жуда қаттиқ айбловлар билдирилиб, узоқ муддатли қамоқ жазоси берилиши назарда тутилган моддалар қўйилган, -деди ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова.

Қамчибек Ташиев митингчиларни парламент ва президент маъмурияти биносига бошлаб кетмоқда, 3 октябр, 2012 йил
Қамчибек Ташиев митингчиларни парламент ва президент маъмурияти биносига бошлаб кетмоқда, 3 октябр, 2012 йил
Қирғизистон президенти ҳуқуқ ҳимоячиларининг бу каби ташвишларига 27 март куни жавоб қайтарди. Алмазбек Атамбаев ўз баёнотида судлов ҳокимиятига ҳурмат кўрсатиб, суд ҳукмини кутиш зарурлигини айтди. Шунингдек, президент, агар тергов давомида қонунбузарликлар содир этилгани аниқланса, ҳуқуқ –тартибот тузилмалари ходимлари жазоланишини билдирди.

Парламент депутатлари Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовга нисбатан ўтаётган суд жараёнида давлат қораловчиси сифатида қатнашаётган прокурор Асанали Иманбеков эса тергов давомида қонунбузарликлар бўлганини рад этди.

Норозилар парламент ва президент маъмурияти панжара деворидан ошиб ўтишга ҳаракат қилмоқда, 3 октябр, 2012 йил
Норозилар парламент ва президент маъмурияти панжара деворидан ошиб ўтишга ҳаракат қилмоқда, 3 октябр, 2012 йил
- 3 октябр воқеаси бўйича жиноят иши очилиб, Биринчи май туман судида суд жараёни бормоқда. Айблов томони ўз хулосасини эълон қилди. Ҳукмни қандай чиқариш эса суднинг ихтиёрида. Жиноят иши қонун доирасида тергов қилинди, қонун доирасида судга ўтказиб берилди ва суд ҳам қонун доирасида ўтказилаяпти. Хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам қонунни ҳурмат қилишни ўрганишимиз керак, -деди прокурор.

Мухолифат лидерлари эса уч депутатга нисбатан ўтказилаётган суд жараёнини сиёсий қувғин сифатида баҳолашларини билдирган эдилар.

Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовга нисбатан суд жараёни 20 январда бошланган. Қамчибек Ташиеванинг адовкати Икрамидин Айткуловнинг айтишича, 29 март куни айбланувчиларга сўнгги сўз берилади. Суд ҳукми эса 29 март ёки унинг эртасига ўқилиши кутилаяпти.
XS
SM
MD
LG