Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:25

Марказий банк карточкалар билан боғлиқ муаммоларни инкор қилмоқда


Ўзбекистон Марказий банки масъулларидан бири мамлакатдаги айрим банкларда чет эл валютасини халқаро тўлов карточкаларига ўтказиш тўхтатилгани ҳақидаги иддаоларни қатиъян рад этмоқда.



Марказий банк ахборот ҳизмати раҳбари Асқар Ҳайдаров, Озодлик билан суҳбатда, "валютани халқаро тўлов карточкаларига ўтказишни ҳеч ким бекор қилмаган", дея таъкидлади.

Бундан аввал, Тошкентдаги "Асака банк" мижозларидан бири Озодликка ўз карточкасига сўмни давлат курсида долларда ўтказиб беришни сўраб борганида, банк ходимлари бу амал Марказий банк кўрсатмаси асосида вақтинча тўхтатилганини айтишгани ҳақда гапириб берган эди.

Бу юзадан Озодлик таҳририятига ҳозир ҳам банк мижозлари тарафидан шикоятлар келмоқда.

Чет давлатлардан бирида тахсил олаётган Музаффар исмли ўзбекистонлик талаба Озодликка қўнғироқ қилиб яқинда унинг ота-онаси сўмни банк орқали давлат курсида карточкасига тушириш билан боғлиқ муаммога дуч келгани ҳақда айтиб берди.

- Ҳозир Европада ўқийман. Онамларни кузда чақиртирмоқчи эдим. Кузгача ҳар уч ойда 2000 минг доллардан давлат курсида карточкага тушириб турмоқчи эдик. Чунки ўқишимга пул керак бўлади-да. Лекин, Асака банкига боришса авиабилет билан келинг берамиз дейишибди. Вахоланки, февралда қабул қилинган президент фармони бўйича ҳар бир фуқаро ҳар уч ойда олиб туриши мумкин, дейилган. Лекин, ота-онам Асака банкга боришганида фақат билет билан бир марта берамиз дейишбди. Миллий банкга боришган экан улардан ҳам шунақа жавоб олишибди. Лекин фармонда авиабилет кўрсатиш шарт эмаслиги айтилган. Ота-онамни ҳар уч ойда олиб туришга ҳаққи борку,- дейди Музаффар.

Ўзбекистонда 1 февралдан кучга кирган янги тартибга мувофиқ, банкларнинг жисмоний шахсларга нақд валюта сотиши тақиқланган ва хорижий валютани Ўзбекистон Марказий банки белгилаган нарх бўйича халқаро тўлов карточкасига ўтказиш йўли билан сотиб олиш йўлга қўйилган.

Аввалроқ, "Асака банки"нинг шўъба идораси ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда карточка бериш ва пулни давлат курсида карточкага қўйиш техник сабаблар боис ҳақиқатан ҳам вақтинча тўхтатилганини айтган эди.

“Асака банки” вакилларига кўра, айни пайтда бу муаммо бартараф этилган, фуқаролар келиб карточка очтиришлари ва шу тўлов карточкасига сўмни белгиланган миқдорда чет эл валютасида туширитриб олишлари мумкин.

- Ҳеч қанақа муаммо йўқ. Эртага келсангиз, душанба куни тайёр бўлади. Бошқа банкларда ҳам алмаштириб беряпти,- деди Тошкент шаҳридаги “Асака банки”нинг Шайхонтохур туман бўлими ходими.

Айни пайтда, Ўзбекистон банкларидан олинган Visa тўлов карталарни айрим мамлакатларда банкоматлар қабул қилмаётгани ҳақида ҳам шикоятлар кўп бўлмоқда.

- “Виза травел” деган карточка бор, менда. Савдо-сотиққа бўлади. Лекин, банкоматдан пул чиқариб олишга бўлмаяпти. Олдин шу карточкадан кунига фақат 100 доллар чиқариб олишим мумкин эди, ҳозир шу ҳам бўлмаяпти,- дейди Украинага тез-тез қатнайдиган ўзбекистонлик тадбиркор Баҳром.

Марказий банк вакили Асқар Ҳайдаров чет элдаги банкоматлардан пул ечиб олишга чеклов мавжудлигини тасдиқлади, лекин пулни умуман чиқариб бўлмаслиги ҳақидаги иддаоларни рад этди.

- Улар ҳаммасини олишни хоҳлайди-да. Ҳар нарсани меъёри бор. Банкларни қанча ечиб олиш бўйича талаблари бор. Мижозлар ша карточкани олаётганларида шу шартлар белгиланган ҳужжатни имзолашган. Бунинг ҳаммаси халқаро стандарт асосида қилинган,- деди Марказий банк вакили Асқар Ҳайдаров.

Банклар долларни “қора бозор”дагидан анча паст бўлган давлат курсида чекланган миқдорда алмаштириб бериши боис айримлар бир неча одам номига пластик карточка очиб, уни чет давлатда обналичка қилиб қайтишар эди. Ўзбекистондаги қора бозорда уни икки хисса кўпроққа пуллашар эди.

- Бултир яхши эди. Чет элда банкоматдан кунига 500 доллар олиш мумкин эди, бу йил шуни 100 қилиб қўйибди, фойда қолмаяпти,- дейди шу иш билан шуғулланган Комил ака.

Ўзбекистондаги банклар бу каби чайқовчилик олдини олиш мақсадида карточкалардан пул чиқариб олишни чеклаган. Ҳозир чет давлатда ўзбек карточкаларидан кунига фақат 100 доллар нақд чиқариб олиш мумкин, харид қилиш учун эса чеклов белгиланмаган.
XS
SM
MD
LG