Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:35

“Мелисани кўрсак қўрқиб қочадиган бўлиб қолдик”


Ўш шаҳри яқинидаги Шарқ қишлоғига қарашли Имомота маҳалласи аҳли Озодлик мухбирига мана шундай баёнот берди. Уларнинг айтишича, маҳаллага ҳар куни тўрт-беш маротаба милиция ходимлари келиб, эркакларни бошқармага олиб кетаяпти. Уларнинг айримлари милицияда калтакланганини айтишмоқда.

Воқеа тарихи

Озодлик радиоси 31 март куни Ўш шаҳри яқинидаги Шарқ қишлоғининг Имомота маҳалласида яшовчи етти киши, жумладан, “Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов қотилликда гумон қилиниб қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Жўрабой Абдраимовнинг билдиришича, Муҳаммадсоли Исмоилов 2010 йилдаги Ўш қирғини пайтида йўқолиб қолган маҳалладоши, ўзбек миллатига мансуб Анвар Маҳмудовни ўлдирган гуруҳга раҳбарлик қилганликда гумонланаяпти ва мазкур ҳолат юзасидан одам ўлдириш моддаси билан жиноят иши очилган.

2 апрел куни Ўш шаҳар суди Муҳаммадсоли Исмоиловга тергов тугагунга қадар уй қамоғи эҳтиёт чорасини белгилаган, қолган икки кишини эса ҳибсда қолдирган эди. Қўлга олинган 7 кишидан тўрт нафари эса Ўш вилоят прокуратураси томонидан озод қилинган.

"Милиция Имомотага ҳар куни 3-4 марта келаяпти"

Имомота маҳалласи аҳолисининг айтишича, шунга қарамай, бугунги кунда ҳам милициянинг маҳаллага ташрифи тўхтагани йўқ. Улар ҳар куни 4-5 марта маҳаллага келиб, эркакларни милицияга олиб кетишмоқда.

-Ҳар куни органдан келиб болаларни олиб кетишаяпти. Сўроқ қилиб, айримларини қўйиб юбораяпти, айримларини олиб қолишаяпти. Тўрт-беш кундан бери мана шу аҳвол. Кунига бир неча мартадан келиб олиб кетишаяпти. Ҳамма қўрқиб қолган, айниқса аёлларимиз қий-чув кўтаришиб, ҳамма мелисадан безиб қолган, -деди Имомота маҳалласи оқсоқолларидан бири.

Имомоталик Ҳабибулло Сайдалиев милицияда сўроқ берганидан сўнг юрак ҳуружига учраганини айтмоқда.
Имомоталик Ҳабибулло Сайдалиев милицияда сўроқ берганидан сўнг юрак ҳуружига учраганини айтмоқда.
Анвар Маҳмудовни ўлдирганликда гумонланиб бир неча кун ҳибсда сақланган, 1962 йилда туғилган Ҳабибулло Сайдалиев эса милицияда калтакланганини иддао қилмоқда. Унинг айтишича,милиционерлар унинг кўкрагига тепишган,оёқ ва биқинларини уришган.

Ҳабибулло Сайдалиевнинг аёли ҳам эри милицияда калтакланганини тасдиқлай олишини айтди:

-Мен ҳамма жойда айтаман, эримни калтаклашган. Бўлмаса у юрак ҳуружига мубтало бўлмас эди. Эримдан “қандай қилиб урди”, деб сўрасам, “Орқа томондан келиб урди”, деб айтиб берди. Масалан, сизни стулга ўтқазиб қўяр эканда, орқа томонингиздан келиб уриб кетаверар экан. Сиз ким урганини ҳам билмас экансиз, -деди Ҳабибулло Сайдалиевнинг рафиқаси.

Сайдалиевнинг айтишича, навбатдаги сўроқдан сўнг у юрак ҳуружига учраган ва Ўш вилоят касалхонасига олиб келинган. “У ерда мени икки соат реанимацияда сақлашди. Кейин “Жой йўқ, агар яна юрагингиз ҳуружи бошланса тез ёрдам билан олиб келишсин, бир амаллаб, жой топиб ётқизамиз”, деб уйга ташлаб кетишди”, деди Ҳабибулло Сайдалиев.

Милиция томонидан олиб кетилганлардан бири 74 ёшли Болтабой Тошматов. У ўғли билан милицияга олиб кетилган. Лекин Болтабой Тошматов милиция ходимлари томонидан ўзи ҳам, ўғли ҳам руҳий ёки жисмоний қийноқларга солинмаганини, милиция ходимлари улар билан маданиятли ва қонун доирасида муносабатда бўлганини айтди:

-Менга қўпол гап ҳам гапиришгани йўқ. Жуда чиройли муомала қилишди. Сўроқларни бериб бўлганимдан кейин қўйиб юборишди. Ўғлимни ҳам ушлаб кетишган эди. Менга қўшиб ўғлимни ҳам озод қилишди. Унга ҳам ҳеч қандай қўполлик қилишмабди, -деди Болтабой Тошматов.

Хожар Маҳмудова:"Ҳақиқат юзага чиқмагунича тинчимайман"

Ўз номини айтишимизни ва исмини ёзиб олишимизни истамаган милиция ходимларидан бири Имомота маҳалласида яшовчи эркаклар терговга Ўш қирғини пайтида бедарак йўқолган Анвар Маҳмудов иши юзасидан гувоҳ сифатида чақирилаётганини ва бу оддий жараён эканини айтди. Милиция ходими, шунингдек, қўлга олинганлар ва сўроққа чақирилаётган айрим одамлар калтаклангани тўғрисидаги иддаоларни ҳам рад этди.

Хожар Маҳмудова 2010 йилда бедарак кетган эри Анвар Маҳмудовнинг тақдиридан ҳавотирда.
Хожар Маҳмудова 2010 йилда бедарак кетган эри Анвар Маҳмудовнинг тақдиридан ҳавотирда.
2010 йилда бедарак йўқолган Анвар Маҳмудовнинг турмуш ўртоғи Хожар Маҳмудова эса маҳалла аҳли унинг эрини руҳий ва жисмоний қийноққа солганини, у ҳақиқат юзага чиқмагунига қадар тинчимаслигини билдирди.

-Маҳалла менинг эримни қийнаган. Қийнаганини сабаби, уруш пайтида уйимизда 12 та қирғизни сақлаганимиз бўлган. Биз уларни уйимизнинг ертўласига беркитиб сақлаганмиз. Мен ҳақиқат юзага чиқиши учун охиригача олишаман. Менинг ҳам фарзандларим бор. Улар учун отасининг тақдирини билиш жуда муҳим, -деди Хожар Маҳмудова.
XS
SM
MD
LG