Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:16

АҚШ Давлат департаменти Инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик ҳисоботини эълон қилди


АҚШ Давлат департаменти жума куни эълон қилган инсон ҳуқуқларига оид йиллик ҳисоботида Ўзбекистонни "инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмон бўлган" давлатлар қаторига киритди.



Дунё давлатларида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият таҳлил қилинган 2012 йилги ҳисоботни жума куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри Вашингтонда тақдим этди.

АҚШ Давлат департаменти қийноқлар ва маҳбусларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тарафидан таҳқирланиши, уларнинг адолатли маҳкамалардан мосуво қолаётгани, сўз ва эътиқод эркинлиги ва фуқаровий жамиятлар фаолияти чекланганини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ энг катта муаммолар сифатида қайд этади.

Бундан ташқари қамоқхона шароитларининг ўта ёмонлиги, қамоқхоналарни инспекция қилиш имконлари чеклангани, кичик ва катта ёшдагиларни мажбуран пахта йиғим-теримига жалб этиш каби инсон ҳуқуқларига зид амаллар сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Ўзбекистондаги мазкур муаммолар ҳақида халқаро ташкилотлар кўп йиллардан буён бонг уриб келса-да, бу муаммоларни баратараф этиш, инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш йўлида ҳукумат тарафидан мазмунли ҳаракатлар сезилмайди.

- БМТ маърузачиси 2002 йилда қамоқхоналарни кўздан кечирган пайт қийноқлар у ерда систематик, деб айтганди. Ўшандан буён шунча вақт ўтди, ҳозир вазият ундан ҳам баттар. Қийноқлар ҳақида махбусларни қариндошларидан мунтазам шикоятлар оламиз,- дейди Икромов.

Журналистлар учун ёпиқ мамлакат

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда сўз эркинлиги чекланган бўлиб, ҳукумат мустақил журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилишда давом этмоқда.

Ўтган йил Ўзбекистон ҳукумати камида икки хорижлик журналистни мамлакатга киритмай, ҳеч қандай сабаб келтирмасдан Тошкент аэропортидан ортга қайтариб юборди.

Булар Би-би-си журналисти Наталя Антелава ва Россияда чиқадиган “Новая газета”нинг фотомухбири Виктория Ивлевалардир.

2012 йилнинг март ойида журналист Виктор Кримзалов тухмат айблови билан судга тортилди.

Апрел ойида яна бир русийзабон журналист Елена Бондар "миллий, ирқий ва диний адоват қўзғаш"да айбдор деб топилиб, маҳкама тарафидан 3700 АҚШ доллари миқдоридаги жаримага тортилди.

Ўтган йил январ ойида руҳий шифохонадан чиқарилганидан кўп ўтмай ғойиб бўлган жиззахлик мустақил журналист, Ўзбекистон президентининг жияни Жамшид Каримовнинг тақдири ҳануз мавҳум бўлиб қолмоқда.

Ҳуқуқ фаолларига нисбатан таъқиблар

Ўзбекистонда ҳуқуқ фаолларига нисбатан зўравонлик ва қўрқитиш амаллари одатий ҳолга айланган. Айни ҳолат 2012 йилда ҳам кузатилди.

Қарши шаҳрида маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли Гулшан Қораева ва унинг оиласига нисбатан босимлар, унинг уйи деворига номақбул сўзлар ёзилиб, уятсиз суратлар чизиб кетилди.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳамда қийноқлар муаммоси ҳақида бонг уриб келган жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев ўтган йил айни пахта терим мавсумида безориликда айбланиб, 15 суткага қамалди.

Тошкентда мардикорлар ҳимоясига отланган инсон ҳуқуқлари фаоллари Фахриддин Тиллаев, Нуриддин Жуманиёзов ҳамда Абдулла Тожибой ўғли маҳкамага тортилиб, ҳар бири 7 миллион сўмлик жаримага тортилди.

Қашқадарёда свет ва газ йўқлигидан ҳокимиятга арз қилиб борган ҳуқуқ фаоллари Нурали Қобилов 15 суткага қамалди.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева Ўзбекистонда фаолият юритаётган оз сонли ҳуқуқ фаолларининг бири: - Озчиликмиз, лекин биз ўзимизни режим олдида кучли ҳисоблаймиз. Чунки, биз ҳақиқат тарафидамиз, ҳақиқат эса доим кучли. Қолаверса, ғарб давлатлари, ҳусусан Қўшма Штатлар қўллаб-қувватловини доим ҳис қилиб турамиз, - деди Урлавеа.

Мажбурий меҳнат

Ўзбекистонда пахта йиғим-терими пайтида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш ўтган йили ҳам давом этди, болалар ва мажбурий меҳнат муаммоларини ёритишга уринган журналист ва ҳуқуқ фаоллари таъқибга учрагади.

2012 йилги мавсумда жазолаш билан пўписа қилиниб, ёш болалар ва катталар - жумладан, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамширалар мажбуран сафарбар этилди.

Ўзбекистон ҳукумати тўрт йилдан буён, Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчиларини мамлакатга киришларига изн бермайди.

Жорий ҳафта болалар ҳуқуқлари учун курашувчи бир гуруҳ фаоллар АҚШ Давлат котиби Жон Керри номига мактуб йўллаб, Ўзбекистон ҳукумати бу йилги пахта териш мавсумини кузатиш учун Халқаро Меҳнат Ташкилотининг вакилларини мамлакатга келишларига рухсат бермас экан бу мамлакатни Одам савдоси бўйича эълон қилажак бу йилги ҳисобтида "қора рўйхат"га киритишни ва жазо чораларини қўллашни сўради.

- Қўшма Штатлар Ўзбекистонда болалар меҳнатига чек қўйиш учун жиддийроқ амалга қўл уриши керак,- деди Cotton Campaign ташкилоти фаолларидан бири Мэтю Фишер Дали Озодлик билан суҳбатда.

Cotton Campaign фаоли Фишер ўтган йили Ўзбекистон пахта далаларида бўлган, ўшанда у болалар мажбурий пахта теримига жалб этилганини ўз кўзи билан кўрганини айтганди.

Қамоқхоналарни инспекция қилиш имконлари қолмади

АҚШ Давлат департаменти Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Ўзбекистон қамоқхоналарига барча ташрифларини бекор қилганидан ташвиш билдирди.

Эслатамиз, Қизил Хоч ташкилоти ташриф шартларининг ҳурмат қилинмагани, жумладан, маҳбуслар билан қамоқхона шароитлари борасида яккама-якка суҳбатлашиш имкони берилмагани учун ташрифлар тўхтатилганини маълум қилди.

АҚШ Давлат департаменти ўз баёнотида Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси мутахассисларининг ўзбек фамоқхоналарига ташрифлари қайта тикланишига умид билдирган.

Қизил Хоч 2001 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхоналарига ташрифларни амалга ошириб келган. Бу ташрифлар 2005 йилда тўхтаб қолди. Ўзбекистон ҳукумати билан давомли музокаралар ортидан ташкилот 2009 йилдан ўзбек қамоқхоналарини мониторинг қилишни қайта бошлаганди.

Қамоқхоналарда маҳбусларнинг Қизил Хоч ҳайъати билан учрашувларига тўсқинлик қилингани ҳоллари ҳақида Озодлик аввал хабар берган.

Хусусан, сиёсий айблар билан қамалган фаоллар ва мустақил журналистлар яшириб қўйилгани ҳақда улар қариндошларига айтишган.

Сиёсий маҳбуслар қамоқ муддати узайтирилиши одатий хол

Ўзбекистонда маҳбусларнинг қамоқ муддати узайтирилиши ўтган йили ҳам кузатилди. Ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида камида ўн нафар ҳуқуқ фаоли ва журналист бор.

Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Нозим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Абдурасул Худойназаров, Ғанихон Маматхонов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари шулар жумласидан.

Ўн уч йиллик қамоқ жазосини ўтаб, ўтган йил феврал ойида озодликка чиқиши керак бўлган 58 ёшли сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддати бир йил аввал 4 йил 8 ойга узайтирилди.

Ўн тўрт йилдан буён қамоқда қолаётган 72 ёшли таниқли адиб Мамадали Маҳмудовнинг ҳам жазо муддати ушбу ой муассаса маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик айби билан уч йилга узайтирилди .

Журналист Юсуф Рўзимуродов ҳам соғлиғи ёмонлашганига қарамай, 14 йилдан буён қамоқда қолмоқда.

- Қозончини қозони бўлиб қолди бу нарса. Истаган жойидан қулоғини ушлашяпти. 221 модда, яъни қамоқхона тартибини бузди деб, миқиш муддати яқинлашиши билан қўшиб беришяпти,- дейди ўзбекистонлик мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова.
XS
SM
MD
LG