Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:46

"Ўш садоси" бош муҳаррири уй қамоғида қолади


Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов.
Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов.

Ўш вилоят суди қотилликда гумонланаётган “Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоиловга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чорасини белгилаш ҳақида шаҳар суди чиқарган қарорни ўз кучида қолдирди.

Ўш вилоят ҳокимиятининг нашри бўлган “Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири 2010 йилнинг июн ойида ўзбек миллатига мансуб ўз қўшниси Анвар Маҳмудовни гўё ўлдирган гуруҳга раҳбарлик қилганликда гумонланиб, 31 март куни қўлга олинган эди.

2 апрел куни Ўш шаҳар судида Муҳаммадсоли Исмоиловга тергов тугагунга қадар уй қамоғи эҳтиёт чораси белгиланган.

Бу қарор чиққач, Ўш вилоят прокуратураси норозилик билдириб, Муҳаммадсоли Исмоиловга нисбатан ҳибсда сақлаш эҳтиёт чорасини белгилаш талаби билан вилоят судига шикоят киритганди.

Бу иш бўйича Ўш вилоят судида бўлиб ўтажак маҳкама жараёни 25 апрел куни соат 11 да бошланиши эълон қилинганди, аммо суд белгиланган вақтидан эртароқ бошланди. Маҳкама мажлиси ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди ва унга журналистлар киритилмади.

- Бизга: “бугун соат 11 да суд бўлади”, деб хабар қилишган. Вазиятни кўрдик, нимагадир суд ёпиқ тарзда бўлиб ўтди. Ўш шаҳар судининг Муҳаммадсоли Исмоиловга уй қамоғи эҳтиёт чорасини белгилаш тўғрисидаги қарори ўз кучида қолдирилди, - дейди “Ўш садоси” газетаси ходимаси Салтанатхон Файзуллаева.

Аввалроқ Ўш вилоят прокурори Айбек Турганбаев газета бош муҳарририга нисбатан очилган жиноят иши унинг миллати ва касбий фаолияти билан боғлиқ эмаслигини билдирган эди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Жўрабой Абдраимов эса Муҳаммадсоли Исмоилов 2010 йили бедарак йўқолган миллатдоши Анвар Маҳмудовнинг ўлдирилишига гўё алоқадор бўлган гуруҳга раҳбарлик қилганликда гумонланаётгани ҳақида маълумот берган. Унинг айтишича, мазкур иш юзасидан Қирғизистон Жиноят Кодексининг 97-моддаси (қотиллик) бўйича жиноят иши очилган.

Расмий маълумотда айтилишича, 2010 йили Ўш шаҳри яқинидаги Шарқ қишлоқ округига қарашли Имомота маҳалласида истиқомат қилувчи ўзбек миллатига мансуб Анвар Маҳмудов йўқолиб қолган. Унинг турмуш ўртоғи Ҳожар Маматова эса эрини сўнгги марта кўрган маҳалладошларини қотилликда айблаб, милицияга ариза берган.

Эри Ўш воқеаларидан кейин ўлдирилганини даъво қилаётган Ҳожар Маматова.
Эри Ўш воқеаларидан кейин ўлдирилганини даъво қилаётган Ҳожар Маматова.
Маматова 25 апрел куни бўлиб ўтган суд қароридан норози эканини айтади:

- Ўртага Қуръон китобини қўйиб айтаман, ишонинглар - Муҳаммадсоли таниш-билиш қилиб, чиқиб кетди. Агар ҳақиқат рўёбга чиқса, шу одамни қамаш керак. У жазосини олиб, бегуноҳ ётган икки бола озодликка чиқиши керак, - деди Ҳожар Маматова.

Бироқ Муҳаммадсоли Исмоиловнинг маҳалладошлари ва ҳамкасблари муҳаррирнинг жиноятга қўл урганига ишонмайдилар.

Ўшда ўзбек тилида чоп этилувчи “Ўш садоси” газетаси ҳукуматга қарашли бўлиб, Қирғизистондаги энг кекса нашрлардан бири ҳисобланади. Бу йил “Пахта учун”, “Ленин йўли” мустақилликдан сўнг “Ўш садоси” номи билан чоп этила бошлаган газета ўзининг 81 йиллигини нишонлайди.
XS
SM
MD
LG