Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:07

“Фарғона Азот” 7000 ишчисидан қарзини узди


 "Фарғона Азот" Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхоналаридан биридир.
"Фарғона Азот" Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхоналаридан биридир.

“Фарғона Азот” очиқ акциядорлик жамияти корхонаси 7000 ишчисига икки ойдан буён меҳнат ҳақини бермаётгани Озодликда ёритилганидан уч кун ўтиб, корхона 26 апрелда ишчилардан қарзини тўла узди.


“Икки ойлик маошни беришди”

“Фарғона Азот” заводининг исмини ошкор қилмаётганимиз ишчиси Озодлик почтасига миннатдорчилик мактуби йўллаб, корхона ишчилари ойлик маошларини тўла олгани ҳақида хабар қилди.

“Озодлик мақоласидан сўнг натижа зўр! Сизнинг қўнғироғингиздан кейин ойлик муаммоси ҳал бўлди. Икки ойликни ҳам берди. Ишчилар номидан Озодлик радиосига катта рахмат!”, дейилади “Фарғона Азот” заводи ишчисидан келган миннатдорчилик мактубида.

“Фарғона Азот”нинг молия бўлими ходимларидан бири ўзини таништирмаган ҳолда айтишича, 26 апрел ҳолатига 7000 ишчининг барчасининг ойлик маошлари тўла берилган.

Унга кўра, ойлик билан боғлиқ қарзни қоплаш учун банкдан кредит олинган.

Фарғона шаҳар ҳокимлигидаги мулозим “Фарғона Азот” корхонасининг ойликлар билан боғлиқ муаммоси ҳал қилинганини тасдиқлади.

“Фарғона Азот” кейинги пайтда кўпчиликни қизиқтириб қолди. Сизга айтадиганим, корхона ишчиларнинг ойликларини берди. Ойликлари бўлиб-бўлиб берилди. Ҳаммаси берилди. Қарздорлик йўқ энди”, деди ўзини таништиришни истамаган мулозим.

23 апрел куни “Фарғона Азот” ишчилари икки ойдан буён меҳнат ҳақларини ололмаётганидан шикоят қилиб Озодликка мурожаат қилган эди.

Ишчилар заводнинг аммиак ишлаб чиқариш цехи тўхтаб қолгани ортидан бошқа бир қанча цеҳда ҳам иш тўхтаб қолгани ҳақида ёзишган эди.

Озодлик мухбири бугунги кунда ушбу цеҳлар ишга тушган ёки тушмаганини аниқлашга муваффақ бўлмади. Корхона раҳбариятидан бу борада бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

“Фарғона Азот” очиқ акциядорлик жамияти Ўзбекистонда минерал ўғит ишлаб чиқарувчи энг йирик ва саноқли корхоналардан биридир. Корхонада аммиак селитраси, суюқ аммиак, карбамид, натрий хлорати, целлюлоза каби маҳслуотлар ишлаб чиқарилади.

Корхона маҳсулотлари Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Хитой, Эрон ва Афғонистон каби мамлакатларга экспорт қилинади.

Озодлик таъсири

Озодлик ёритган бир қанча мавзулар эфирга кетганидан сўнг, ушбу эшиттиришлар таъсири натижасида кўтарилган муаммоларга расмий идоралар эътибор берган ва бу муаммолар ижобий ҳал этилган ҳолатлар кўп бўлган.

Жумладан, жорий йилнинг 11 апрел куни Андижон вилоятининг Избоскан тумани Пойтуқ шаҳарчасидаги Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров ўқиган 2-умумтаълим мактабини таъмирлаш учун бир қанча уйлар бузилаётгани тўғрисидаги мақола эфирга кетгач, ҳокимлик аҳолига ёрдам беришни бошлаган.

Жорий йилнинг январидаги Озодлик махсус эшиттиришидан сўнг Кореяга келин бўлиб тушган қизлар Сеулдаги элчилик муносабати янада яхшилангани, Россиядаги ўзбекистонликлар эса консуллик биноси олдидаги турнақатор навбатнинг ғойиб бўлганини хабар қилган эдилар.

Ўтган йил ноябрида Ширин шаҳридаги Сирдарё иссиқлик электр станцияси ишчилари бир неча ой мобайнида маошларини ололмагани Озодликда ёритилганидан кейин бу масала ҳал бўлган эди.

Ўтган йилнинг 23 октябр куни эса Озодлик “Ўзбекэнерго” минглаб ишчисига 3 ойдан маош бермаётгани ҳақида гапирганидан сўнг, Тошкент Иссиқлик электр станциясининг 1400 ишчисига маошлар берилган эди.

Ўтган йил пахта мавсумида пахта теримига чиқарилган иштихонлик ўқувчилар ҳақидаги эшиттириш Озодлик радиосида эфирга кетганидан сўнг, мактаб ўқувчилари зудлик билан мактабга қайтарилган эди.

Озодлик ёрдамида Тайгадаги 56 ўзбекистонлик қулликдан озод қилинганини кўпчилик эсласа керак.

Шунингдек, Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг кўплаб муаммолари Озодлик ёрдамида ҳал бўлган ҳолатлар анча бўлган.
XS
SM
MD
LG