Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:55

Ўзбекистоннинг нефтгаз соҳаси: нобарқарор келажак


“Нефт России” иқтисодий-таҳлилий нашри мана шундай сарлавҳа остида 24 апрел куни каттагина таҳлилий мақола эълон қилди. Мақолада айтилишича, Ўзбекистонда йилдан-йилга нефт ва газ заҳиралари камайиб бормоқда, бугунги кунда қазиб олинаётган углеводородлар эса мамлакат аҳолисининг ички эҳтиёжларини коплашга ҳам етмайди.

“Нефт России” иқтисодий-таҳлилий нашри таҳлилчилари томонидан тайёрланган мақола таржимасини айрим қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

... Ўзбекистон нефтегаз комплексининг яқин келажакдаги (5-7 йил) тараққиёти икки тенденция билан характерланади.

Биринчидан, Ўзбекистонда суюқ углеводород тижорий заҳираларини қазиб олиш кўламини кўпайтириш учун шарт-шароитлар йўқ. Бу эса мамлакат ички бозорида нефт хом ашёси, газ конденсати ва нефт маҳсулотларига бўлган дефецитнинг янада кучайишига сабаб бўлади. Натижада Ўзбекистон минтақада суюқ углеводородлар ва улардан тайёрланадиган маҳсулотларга энг катта эҳтиёж сезадиган мамлакатга айланади.

Иккинчидан, товар сифатида сотиладиган табиий газни ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш имкониятлари сезиларли даражада кўпайиши кутилмоқда. Бироқ ички талабнинг ўсиши ҳамда экспорт бўйича шартномаларда белгиланган мажбуриятлар, айниқса Хитой олдидаги мажбуриятлар эътиборга олинса, қазиб олинадиган газ миқдори Ўзбекистонга ўз мажбуриятларини қониқарли даражада бажариши учун етарли бўлмайди.

“Нефтчилик”даги узлуксиз бўҳрон

“Ўзбекнефтегаз” ҳисоб-китобига қараганда, 2012 йилнинг бошида Ўзбекистондаги нефт ва газ заҳираси 2,53 миллиард шартли ёқилғига тенг эди (уларнинг фақат 35 фоизи суюқ углеводород заҳираси). 2011 йил аввалида заҳиралар миқдори 2, 517 миллард тонна экани тахмин қилдинган. Айни пайтда республикада 242 та углеводород хом ашёси қазиб олинадиган кон мавжуд (жумладан, 192 та газ кони), уларнинг 104 таси ўзлаштирилиш арафасида.

Бугунги кунда суюқ углеводородлар қазиб олиш соҳасида муаммоли вазият юзага келган ва бу ҳолат келаждакда ҳам давом этади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотида айтилишича, 2012 йилда нефт ва газ конденсатини қазиб олиш тарихий минимумга етган ва 3,17 миллион тоннани ташкил қилган. Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжи эса 4,4 миллион тоннага тенг. 2011 йилга нисбатан қазиб олиш 11, 6 фоизга, 2003 йилга нисбатан эса 2,2 мартага камайган. Бундай анъана жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам кузатилди: 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 фоиз, яъни 739,5 минг тонна кам нефт ва газ қазиб олинган.

...Нефт маҳсулотлари импорти 2012 йил якунлари бўйича 0,88 миллард доллар бўлган (умумий импорт миқдорининг 7,3 фоизи).

Нефт ва газ конденсати қазиб олинишнинг барқарор пасайиши асосан ишлатилаётган конлардаги заҳираларнинг кескин озайиб кетгани билан изоҳланади...

Ўзбекистон 2020 йилгача исботланган нефт заҳиралари миқдорини 2010 йилга солиштирганда 1,65 марта, газ конденсати миқдорини 1.33 марта кўпайтиришни режалаштирган. Шундай қилиб, хатто оптимистик нуқтаи назардан қаралганда ҳам суюқ углеводородлар ишлаб чиқаришнинг заҳира базасини кескин кўпайтириш ва экспорт имконятларини кенгайтиришга шароит мавжуд эмаслиги расман тан олинмоқда.

...Яқин келажакда нефт ва газ конденсати қазиб олиш, янги газконденсат конларинининг ишга туширилиши ҳисобга олинса, йилига кўпи билан 3,5-4 миллион тоннага тенг бўлади. Business Monitor International (BMI) ширкати эса 2016 йилга келиб Ўзбекистонда нефт ва газ конденсати қазиш 2,5 миллион тоннага қисаришини башорат қилмоқда.

Айтиш мумкинки, келажакда Ўзбекистоннинг хориждан, жумладан, Қозоғистондан олинадиган нефт хом ашёси ва нефт маҳсулотларига қарамлиги ортиб боради.

...Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, Ўзбекистон яқин келажакда мамлакат ичкарисида нефт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг сезиларли ўсишига йўл қўмасликка ҳаракат қилаяпти. Нефтга бўлган талабни камайтиришнинг энг асосий воситаси сифатида нарх-навони ошириш омили, жумладан, жисмоний шахслардан автомобил ёқилғиси учун олинадиган солиқни йилдан-йилга кўпайтириш, танлаб олинган...

Газ ренессанси?

Сўнгги “беш йиллик”да табиий газ қазиб олинишининг мунтазам камайиб борганига қарамай, 2013-2014 йил якунида ўзгаришлар бўлишини кутиш мумкин. Бундай вазият янги конларнинг ишга туширилиши билан боғлиқ бўлади. Жорий йилда газ қазиб олиш 63, 5 миллиард куб. метрдан кўпроқ бўлади, ҳолбуки, ўн йил аввал шу кунга келиб 66-68 миллиард кубометр газ қазиб олиниши режалаштирилган эди. BMI 2016 йилда Ўзбекистонда газ ишлаб чиқариш 60,4 миллиард кубометр, 2021 йилда эса 66,6 миллиард кубометр бўлишини башорат қилмоқда.

Газ қазиб олишнинг ўсиши ЛУКОЙЛ (Россия) лойиҳаларининг амалга оширилиши натижаси сифатида қаралиши лозим. Лекин ўсишни таъминлаш учун мамлакатда сиёсий барқарорлик ҳамда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан турли босимлар бўлмаслиги талаб қилинади. Россия ширкати Ўзбекистонда 2015 йилга келиб газ қазиб олишни 8,2 миллиард кубометрга кўпайтирмоқчи. Ўтган йили бу ширкат 4,1 миллиард кубометр газ қазиб олган (2017-2018 йилда 18 миллиард кубометр газ ишлаб чиқариш режаланган).

...Аммо 2015-2017 йиллардан кейин табиий газ ишлаб чиқаришнинг ривожланиши истиқболлари қоронғу бўлиб турибди. Бу бир қатор омилларга боғлиқ:биринчидан, газ қазиб олиш бўйича йирик лойиҳаларнинг тўхтатиб қўйилиши; икикнчидан, ташқи нарх конъюктурасини етакчи ташқи импортерлар (Хитой, Россия) салбий томонга ўзгартириши мумкинлиги; учинчидан, заҳира базасининг тугаб бориши ва ҳозир ишлатилаётган конларнинг тижорий жиҳатдан ўзини оқламай қолиши.

...Масалан, 2012 йилда Daewoo International Corp Устюртдаги Қосқудуқ ва Ашибулоқ инвестициявий ҳудудларда геологик тадқиқот ишларини тўхтатганини маълум қилди. Бу ерда Ўзбекистон томони 360 миллион тонна шартли ёқилғи борлигини тахмин қилган эди. Қиёслаш учун айтиш лозимки, 2007 йилдан 2011 йилгача Ўзбекистонда бор-йўғи 170 миллион тонна шартли ёқилғи борлиги тахмин қилинган 15 та кон очилган. Бунинг устига, Орол денгизи атрофидаги айрим истиқболли деб қаралаётган ҳудудлар ҳам “бўм-бўш” бўлиб қолиши мумкин.

...Хулоса қилиб айтиш мумкинки, келажакда Ўзбекистоннинг газ экспорти бўйича кўрсаткичлари бугунгисидан сезиларли даражада фарқланмайди. Заҳиралар ва газ қазиб олиш кўламидан келиб чиқилса, Ўзбекистон газ экспорти бўйича ўзини Туркманистоннинг минтақадаги рақобатчиси қаторида тақдим қила олмайди.

...Кейинги 5-7 йил мобайнида Ўзбекистон газ соҳасида Россиянинг ўзбек гази харидори сифатидаги аҳамиятини сусайтирган тарзда асосан Хитой билан яқин ҳамкорлик қила бошлайди. Бироқ Россия Ўзбекистон раҳбариятига таъсир кўрсатиш каналларидан айрилиб қолишдан чўчигани сабабли Ўзбекистондан газ импорт қилишни бира-тўла тўхтатишга тайёр эмас. Бундай вазиятда Хитой ва Россия ўртасида ўзбек гази учун рақобат кучайишини кутиш мумкин.
XS
SM
MD
LG