Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:05

Меҳнат муҳожирлари Россия ҳайдовчилик гувоҳномасисиз рулга ўтиролмайди


Россияда ҳайдовчи бўлиб ишламоқчи бўлган меҳнат муҳожирлари бундан буён шу мамлакат ҳайдовчилик гувоҳномасини олишлари керак бўлади. Янги тартиб Россияда ҳайдовчи бўлиб ишлаётган минглаб ўзбекистонликларни мушкулотлар қаршисида қолдириши мумкин.


Хоразмлик Азамат етти йилдан буён Москвадаги тез ёрдам хизматида ҳайдовчи бўлиб ишлайди.

Шу пайтгача унинг Ўзбекистондан олган ҳайдовчилик гувоҳномаси Россияда амалда бўлиб келган.

Агар Азамат Россия ҳайдовчилик гувоҳномасини олмаса, ишсиз қолиши мумкин.

- Россия правасини олмасанг бўлмайди, дейишяпти. Экзамен топширишим керак экан. Экзаменни-ку топшираман, Худога шукур, тажрибам бор. Ҳали бирон марта авария қилганим йўқ. Лекин биз кабиларнинг права олишларини қийинлаштириб қўйишмаса бўлгани, дейди Азамат.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунга яқинда киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Россияда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган меҳнат муҳожирини ҳайдовчи сифатида ишга ёллаганлар 50 минг рубл миқдорида жаримага тортилишлари мумкин.

Россия Давлат автоинспекцияси расмийларига кўра, мазкур чора мамлакатда йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтиришга қаратилгандир.

Россияда ҳайдовчи бўлиб ишлайдиганларнинг каттагина қисми ўзбекистонлик Азамат каби меҳнат муҳожирларидир.

Россия Ички ишлар вазирлигига кўра, сўнгги йилларда кўчаларда йўл ҳаракати қоидалари кўпроқ муҳожирлар тарафидан бузилаётгани уларнинг ўз мамлакатларида ҳайдовчилик гувоҳномаларини қандай йўл билан олганликлари борасида саволларни юзага келтирган.

"Агар Россияда хорижлик ҳайдовчилар гувоҳномалари сертификацияси йўлга қўйилса, кўчалар хавфсизроқ бўлади", деган фикрдалар улар.

Айни пайтда: "Меҳнат муҳожирлари ҳайдовчилик гувоҳномаларини Россияда олишлари коррупцияни авж олишига олиб келади", деган фикрлар ҳам айтилмоқда.

- Россияда регистрациядан ўтишни булар “кормушка”га айлантириб қўйишган. Энди права бериш яна бир кормушка бўлади улар учун, - дейди Азамат.

Кузатувчиларга кўра, Россияда жорий қилинаётган янги тартиб дастлабки босқичда мамлакатда ҳайдовчилар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммони пайдо қилади. Чунки россияликларнинг кўпчилиги арзимаган пулга ҳайдовчи бўлиб ишлашни ўзларига эп кўрмайди. Ҳайдовчи бўлиб ишлаётганларни аксари эса меҳнат муҳожирларидир.

"Россия Ички ишлар вазирлиги, агар меҳнат муҳожирлари ҳайдовчилик гувоҳномаларини тартибга солмоқчи бўлса, буни тез, ортиқча буйруқбозликсиз амалга ошириши керак", демоқда россиялик экспертлар.
XS
SM
MD
LG