Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:43

Жириновский қирғиз парламенти ғазабига учради


Владимир Жириновскийнинг Россия қарзи эвазига Иссиқкўлни олиши кераклиги ҳақидаги баёноти Қирғизистон парламентида салбий баҳоланди.
Владимир Жириновскийнинг Россия қарзи эвазига Иссиқкўлни олиши кераклиги ҳақидаги баёноти Қирғизистон парламентида салбий баҳоланди.

15 май куни кечга яқин Қирғизистон парламенти Россия Думаси депутати Владимир Жириновскийни “мамлакатда исталмаган шахс” сифатида эълон қилди ва бу борада махсус қарор чиқарди.

Қирғизистон парламентидаги 120 депутатнинг асосий кўпчилиги Россия Давлат думаси депутати Владимир Жириновскийни “исталмаган шахс” ( персона нон-гранта) деб топиш ҳақидаги қарорни қўллаб –қувватлади.

- Ҳурматли депутатлар, 67 одам рози бўлди.. 67 одам қўллаб-қувватлади. Бу қарор лойиҳаси қабул қилинди. Хурматли ҳамкасблар, қирғизда “Ит ҳам ўз уйини қўриқлайди”, деган мақол бор. Биз қирғиз элининг, тарихи теран қирғиз давлатининг ор-номусини ҳимоя қилиб, бугун мана шу қарорни қабул қилдик. Овоз берганингиз учун рахмат, -деб эълон қилди овоз бериш натижаларини парламент раиси ўринбосари Бўдўш Мамирова.

Бундай қарор қабул қилинишига Жириновскийнинг Россия ўз қарзи эвазига Қирғизистондан Иссиқкўлни талаб қилиши кераклиги ҳақидаги баёноти сабаб бўлди. Апрел ойида Владимир Жириновский Давлат думасида Қирғизистоннинг Россиядан бўлган қарзларини кечмаслик ва қарз ўрнига Иссиқкўлнинг берилишини талаб қилиш шартлиги тўғрисида гапирган эди.

- Агар улар ҳеч нарса бергиси келмаётган бўлса, унда Иссиқкўлни беришсин. Иссиқкўл –ажойиб кўл, Қора денгиздан кўра яхшироқ. Москва-Иссиқкўл поездини ташкил қилса бўлади, чунки темир йўл кўлнинг ёқасига бориб тақалади. Яъни қарзимиз эвазига олишимиз мумкин бўлган нарса бор эди. Аммо бизнинг вазирлар ҳамон советча услубда, “бер ва унут”, “бер ва унут” принципи асосида ишлаяпти. Бу иш бизнинг халқимиз ҳисобидан амалга оширилаяпти, -деган эди Владимир Жириновский.

Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари Жириновскийнинг бу сўзларини қирғиз халқини ва давлатини камситиш сифатида баҳолаган.

- Жириновский бизнинг суверен давлатимизни оёқ ости қилаяпти. У оддий одам эмас, партия лидери, Дума депутати. У ўзи асли Қозоғистондан Россияга бориб қолган муҳожир. Бу муҳожир 150 дан ортиқ миллат яшайдиган Россияга бориб олиб шовинистик фикрларни, давлатимизни камситадиган гапларни гапирса, нега бунга муносабат билдирмаяпмиз?- деди Қирғизистон парламенти депутати Жилдизкан Жолдошева.

Владимир Жириновский Интерфакс агентлигига берган суҳбатида Қирғизистон парламентининг мазкур қарорига муносабат билдирар экан “мени нотўғри тушунишибди, мен бу ҳақда расмий баёнот берган эмасман... мен туризим соҳасини ривожлантириш учун Иссиқкўлни 49 йилга ижарага олиш ҳақида гапирган эдим", деб билдирган.

Россия Либерал Демократик партияси раҳбари Владимир Жириновский ва Давлат Думасидаги Либерал демократалар фракцияси Қирғизистон парламентининг Жириновскийни “исталмаган шахс” сифатида эълон қилиш тўғрисидаги қарорини нотўғри деб ҳисоблайди.
XS
SM
MD
LG