Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:14

Эстония ўзбеклари: "Қўрбоши Саша"


Александрни Эстониядаги дўстлари "босмачи", деб чақиришади.
Александрни Эстониядаги дўстлари "босмачи", деб чақиришади.

Эстониянинг Нарва шаҳридаги ўзбеклар жамияти ўзининг 10 йиллигини нишонламоқда. Бугунги ҳикоямиз Эстонияда яшаётган асли бекободлик темирчи-уста Александр ҳақида.Асли Бекободдан бўлган 56 ёшли Александр Аниссимов 70 йиллар ўрталарида ҳарбий хизматга чақирилиб, Ленинградга келиб қолгани, бу ерда эса бир эстон гўзалини севиб қолганини гапириб берди.

2003 йилда асос солинган ва Нарванинг энг кўзга кўринган жамиятларидан бирига айланган “Сўғдиёна” Ўзбеклар жамияти вакиллари саноқли.

Бу жамият аъзолари деб ўзларини бир вақтлари Ўзбекистонни тарк этган ва шу ерларда ўрнашиб қолган кўплаб миллат ва элат вакиллари санайди.

Эстониядаги Ўзбеклар жамиятининг 10 йиллиги муносабати билан уюштирилган тантаналарда томошага келган кўплаб мухлислар орасида марғилон-дўппи кийиб олган соқолли шахс бизнинг эътиборимизни тортди. “Ўзбек дўпписидаги киши ким?”, дея берган саволимизга, мезбонлардан бири “Қўрбошини сўраяпсизми? У бу ерда барчага таниш бўлган Саша-қўрбошику!”, деди.

Шу тариқа биз ўзини ҳақиқатан “Қўрбоши Саша”, дея қўл узатиб таништирган кохтла-ярвелик Александр Аниссимов билан танишдик.

Бекободлик Александр билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00


Асли Бекободдан бўлган 56 ёшли Александр Аниссимов 70 йиллар ўрталарида ҳарбий хизматга чақирилиб, Ленинградга келиб қолгани, бу ерда эса бир эстон гўзалини севиб қолганини гапириб берди.

“Менинг ота-онам Бекобод металлургия комбинатини кўтарган ҳақиқий пролетар-ишчилардан”, дея сўз бошлади у.

- Мен ҳозир Йихви шаҳарчасида шахтада ишлайман, лекин ота-касбидан узоқлашмадим: бу ерда мени барча “темирчи Саша” сифатида танийди – декоратив темир буюмларини ясайман. 1974 йилда Бекободдаги 7 ўрта мактабни битириб, армияга кетдим. Кейин Ленинградда икки йил моделерликка ўқидим. Шу ердан кейин Эстонияга бориб қолдим ва ҳозиргача шахтада ишлаб келяпман,- дейди Александр.



Эстониядаги Ўзбеклар жамиятларининг тадбирларида имкони борича иштирок этишини гапирган суҳбатдошимиз, барчасини видеотасвирга туширишини ҳам маълум қилди.

Шунча йил ўтса-да, бекободлик уста ўзини “ўзбек” эканини унутмагани, Нарва шаҳрида яшамаса-да, ўзбеклар жамияти йиғилишларининг барчасида иштирок этиб келишини гапиради.

- Албатта уйга тортади... Афсус, анчадан бери бўлмадим. Боргим келади, аммо биздан у ёққа бориб-келиш анча қийин. Қолаверса, қариндошларим ҳам чиқиб кетган: битта синглим Москвада, хола-аммаларим ҳам Подмосковеда. Ўзбекистонда биттагина бувим қолган – у баъзан келиб туради, - дейди Александр.

Биз уни нега маҳаллийлар қўрбоши деб чақиришларига ҳам қизиқиб кўрдик.

Александр ёшлигидан совет даврида жуда кўп қўйиладиган “босмачилар” ҳақида филмларни севиб кўришини маълум қилди. “Қолаверса, Кохтла-Ярве, Нарва ва Йихвида мени кўпчилик Ўзбекистондан эканимни, ҳамма йиғилишларда дўппида юришимни билишади. Шунинг учун бўлса керак мен “Қўрбоши Саша”, деб кулади суҳбатдош.

- Бизда Йихвида мен шахсан ўзбекистонлик 8 оилани биламан. Шахсан мен биладиганлардан Бухородан 1 киши ва Тошкентдан 6 киши... Афсус бу ерда тез-тез учрашиб туришга ишимиз имкон бермайди – йилига бир-икки маротаба учраша оляпмиз, холос,- дея афсусланади “қўрбоши”.

Қўрбоши туғилиб ўсган Бекободи, умуман Ўзбекистон ҳақида ахборот воситалари, интернет сайтлари ва форумларидан бохабар бўлиб туришини ҳам айтди.

Суҳбатимиз сўнггида “қўрбоши Саша” эканидан ҳақиқатан мағрурланиб юрадиган темирчи Александр Аниссимов Озодлик тингловчиларига ўз истакларини билдирди.

- Энг аввало мусаффо осмон тилайман. Қолаверса, ёмон миллат-элат бўлмаслигига, яхши-ёмон одамлар борлигига ишониб қолишингизни тилайман. Энг асосийси, дунёда яхши одамлар кўплигига ишонинг – улар камсуқум, лекин улар бор! - деди Александр Аниссимов.

Суҳбатимиз сўнггида у ўзининг Интернетдаги электрон манзилини бир қоғозчага ёзиб, бизга узатдию, хайрлашиб кетди.

Қоғозчада “босмачи@мейл.ру”, деб ёзилган эди...
XS
SM
MD
LG