Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:04

“Ўзбекистонда 10 йилдан кейин ҳаммаси яхши бўлади”




Ўзбекистондаги шароитдан зорланиб гапирган ўзбекистонлик муҳожир¸ ўзи ва бошқа муҳожирларни овутишга урина туриб¸ шундай дейди.

“Уч ойдан буён пенсия йўқ”

Қашқадарёдан қўнғироқ қилиб, исмини очиқламаслик шарти билан гапирган пенсионернинг сўзларига кўра, вилоятда уч ойдан буён нафақа пуллари берилмаяпти.

- Пенсияларнинг кечикиши мавзусида. Қашқадарëдан телефон қилаяпмиз. Март ойидан бери пенсия таъминотида узилиш бўляапти. Сабабини сўрасак, “марказий банк назоратга олинган” дейдию лекин амалда ҳеч нарса йўқ.

Озодлик: Сиз ўзингиз пенсионерми?

- Ҳа. Мана май ойининг охири бўлди март ойини олганимиз йўқ. Баҳор бошидан охиригача ҳеч нарса йўқ.

Озодлик: Ўзи одатда қанақа олардинглар? Март ойиникини апрел ойининг бошида олармидинглар?

- Ҳа, шунақа бўлардида.

Озодлик: Қаерларга учрашдингизлар?

- Вилоят банкларига, республика марказий банкка телефон қилдим. “Центрдан назоратга олинган” дейдию амалда ҳеч нарса йўқ, дейди қашқадарëлик пенсионер.

“Пластикка савдо қилиш жуда қиммат”

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи нафақахўр Ораздурди Тошматов ҳам пенсия пулини кечикиб олганини айтиб, диққатимизни пенсионерларни қийнаётган пластик карточкалар билан боғлиқ муаммога қаратди.

Ораздурди оғанинг айтишича, дўконларда бирор нарсани пластик орқали харид қилиш нақд пулдаги савдога нисбатан икки баробар қимматга тушаяпти.

- Апрел ойининг пенсиясини мана олдинги кун олдик. Мана июн ойи келиб қолди. Икки ой бўлаяпти пенсия ўз вақтида тўланмаяпти.

Озодлик: Одатда қанақа олардингиз?

- Одатда ҳар ойнинг 15да берар эди. Мартгача шунақа бўлиб келди. Апрел ойидан кейин шунақа задержка бўлди. Мана яна пластикка ўтинглар, деяпти. Пластикка ўтганда нархлар жуда қиммат. Пластикда савдо қилиш қиммат. Картошкани нақд пулга 800 сўмга оладиган бўлсак, пластикка 1800-2000 сўмга оламизда. Ўзимизнинг туманимизда шунақа.

Озодлик: Нақд пулга 800 сўмми?

- 800-1000 сўм нақд пулга.

Озодлик: Пластикда устига 1000 сўм қўшилаяптими?

- Шунақа бўлаятпида. Пластикни нақд пул қилиб олайлик десак, 10 фоизни олиб қолиб, нақд пул қилиб беради.

Озодлик: 100 минг сўм бўлса, 10 мингини олиб, 90 мингини беради.

- Тўппа-тўғри. 200 минг сўм бўлса, 20 минг сўм олиб қолади.

Озодлик: Қаерда алмаштириш мумкин бунақа қилиб?

- Жуда ҳам кўп. Бензин қуйиш шохобчалари бор, савдо қилаëтган дўконлар бор.

Озодлик: Қонуний қилиб алмаштириб берадими?

- Сиз мендан ҳам яхши биласиз қонунда унақа нарса йўқ. Ноқонуний ишлаяптида. Битта нарсани илтимос қилмоқчиманда. Мана прокуратура, департамент бор. Мана шу нарсаларни амалга ошириб, йўлга қўйиб, пластикни мақбул муомалага киритиб, шунақа савдо йўлга қўйса демоқчиманда. Майли, пластикка ҳам кўнамиз. Нақд пул билан тенг бўлса демоқчиманда.

Озодлик: Департамент деганда қайси департаментни назарда тутаяпсиз?

- Прокуратуранинг ëнидаги департамент борку, шуни айтаяпманда. Мана давлат солиқ инспекцияси бор. Бизларда битта ҳам назорат қилмайди. Ўзлари ҳам билади. Билса ҳам кўз юмиб кетадида, индамайди ўзлари, дейди Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи нафақахўр Ораздурди Тошматов.

“Ўзбекистонда 10 йилдан кейин ҳаммаси яхши бўлади”

Россиядан қўнғироқ қилган самарқандлик йигит “Ўзбекистонда қачон ижобий ўзгаришлар бўлади” деган савол билан мурожаат қилиб, суҳбат давомида ўз саволига ўзи жавоб бериб, “яна 10 йил кутайлик” деди.

- Қачон зўр бўлиб кетади? Масалан мана Россияда ҳар кун иш борда. Ҳар хил ишлар бор шу ерда фуқаро бўлсангиз. Бизларда шунақа ойликли ишлар йўқда. Яшаб бўлмайдида. Нимага биз ҳам шу ердай бўла олмаймиз дейманда. Агар биз Россиянинг фуқароси бўлсак борми, 2000 долларлик ишда ишласак бўлади. Бизларда энг кўп 500 мингга ишласангиз, 500 мингга бир ой яшаб бўлмайдида. Масалан бизлар оилавий шу ердамиз. Ҳеч ким қолмаган. Ўзимизнинг қишлоқ жойларда одамлар деярли қолмаган. Ҳамма келган бу ëққа. Қачон яхши бўлиб кетади, дейманда.

Озодлик: Ўзингиз нима деб ўйлайсиз? Қачон яхши бўлиши мумкин?

- 10 йилмаску 7-8 йилдан кейин яхши бўлиши мумкинми дейманда.

Озодлик: Шу жавоб ўзингизни қониқтирадими?

- Ҳа. Ҳар куни ишлар бўлса, ҳамма томонда завод-фабрикалар бўлиб шунақанги нарсалар бўлса бизларда ҳам.

Озoдлик: 10 йил ичида шу нарсалар бўлиши мумкин деб ўйлайсизми?

- Балки бўлар. Кўп пул бораяптида бу ердан. Россиядан эҳҳе қанча миллиард пул бораяпти, дейди Россиядан қўнғироқ қилган самарқандлик йигит.

******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни Ozodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG