Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:01

Ғузорликларга оқар сув сотилаяпти


Қашқадарё вилояти Ғузор тумани марказида яшовчи аҳоли томорқасини бир марта суғориш учун “мироб”ларга беш минг сўм тўлашга мажбур бўлаяпти.


“Оқар сувни сотишаяпти”

Бир гуруҳ ғузорликлар Озодликка йўллаган мактубда “суғорадиган сув тўрт йилдан буён Акбар Пўлатов исмли шахс қўлига ўтгани ва пуллик бўлгани” айтилади.

Озодлик мактубда келтирилган ҳолатни ўрганиш учун Ғузор туман марказида яшовчи фуқаролар билан боғланди.

Ўзини таништирмаган ғузорлик аёлнинг айтишича, бир ойда икки марта томорқасини суғоради ва бунинг учун 10 минг сўм тўлайди.

- Ҳар бир кўчада биттадан мироб бор. Улар катта ариқдан маҳалла ариқларига сув олиб келади. Ўша миробларга ҳовлимизни бир марта суғорганимиз учун беш минг сўм тўлаймиз. Мироблар ҳам айтади, ўша Акбар- сувни каттаси бўлса, ўшанга берамиз, дейишади. Ундан сув олиб келишар экан. У киши катта ариқнинг эгаси,- дейди ғузорлик аёл.

Суҳбатлашганимиз, ғузорлик эркак ҳам ўзини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, аҳоли сув сотилаётгани бўйича шикоят қилишга қўрқади.

- Акбар Пўлатов бепул сувни пуллик қилди. Ҳозир ҳар бир фуқаро ҳовлисини бир марта суғориш учун беш минг сўм пул тўлайди. Тўламаса сув берилмайди. Ҳеч ерга шикоят қила олмайди халқ. Тасаввур қилинг, ёз кунлари экинларни бир ойда 4-5 марта суғорилади. Ҳисоблаб чиқилганда ҳамма маҳалладан тушадиган пул бир ойда 85 миллион сўм бўлади,- дейди ғузорлик эркак.

Ғузорликлар "мироб"лардан сув нархини арзонлатиш бўйича қилган илтимосларига ҳам қониқарсиз жавоб олган.

- Бу йил ёғингарчилик кўп бўлди. Қўшниларимиз билан домкомга чиқдик. Домкомлар “2-3 минг сўм қилиб берсин, бориб айтинглар”, деди. Биз бориб миробларга айтгандик. Улар “Олсанглар шу, бўлмаса сув йўқ” деган жавобни қилишди,- дейди ғузорлик аёл.

Ғузор ҳокими: Ҳа, сув сотилаяпти!

Биз айни мавзу юзасидан Ғузор туман ҳокими Шомурод Донаев билан телефон орқали боғланганимизда у сув сотилаётганини инкор қилмади.

- Ўша мироблар бор, сувчилар бор. Улар бориб томорқасини суғориб беради-да. Хоҳловчиларни. Ўша жойига бориб суғориб берган хизмат ҳақига беш минг-ми, уч минг сўм пул олиши мумкин,- деди Ғузор туман ҳокими Шомурод Донаев Озодлик билан суҳбатда.

Ҳоким “Акбар Пўлатовнинг сув сотиши қонунийми?”, деган саволимизни жавобсиз қолдирди.

Бу саволга Ғузор туман ҳокимлигининг масъули Жўрабек Нориманов ойдинлик киритди.

Унинг айтишича, Акбар Пўлатов Ғузор туман ободонлаштириш бўлимининг раҳбари бўлиб, аҳоли ундан норози бўлиш ўрнига миннатдор бўлиши лозим.

- 15 йил давомида шу шаҳар марказига сув бормаган. Шу йигит олиб борди. Раҳмат айтмайдими булар наоборот. У шунча километр жойга труба ташлатиб, сув олиб келди. У жуда яхши иш қилган. Энди пул масаласига биз аралашмаймиз-у, лекин қилган ишлари таҳсинга лойиқ.

Озодлик: Демак, у кишининг қилаётган ишлари қонуний?

- Энди қонун томондан ноқонуний бўлиши мумкин. Лекин ишни кўзини билган киши яхшику. Майли ўшани қурби етмаса, ишчиларига бергандир пулни. Балки ариқ қазувчига бергандир.

Озодлик: Ўзи амалда оқар сувни сотиш қонунийми?

- Ҳеч қайси жойда сув сотилсин, деган жойи йўқ... Балки шунга... сотмагандир балки. Буни аниқлаш керак,- деди Ғузор туман ҳокимлиги масъули Жўрабек Нориманов.

Биз Ғузор туман ободонлаштириш бўлими раҳбари Акбар Пўлатовнинг мобил телефонига бир неча марта боғланишга ҳаракат қилдик. Лекин боғланиш имкони бўлмади. Ғузор туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Акбар Пўлатов махсус топшириқ билан Тошкентга кетган.

Ўзбекистоннинг “Сув ресурслари ва сувдан фойдаланиш” қонунида сувни пулга сотиш ёки пуллашни тақиқлаш борасида ҳеч нарса дейилмаган.
XS
SM
MD
LG