Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:01

Ўзбек муҳожири болаларга ўқ узганликда айбланмоқда


Ўтган якшанба куни Санкт Петербургда болалар майдончасида ўйнаётган болаларни пневмантик қуролдан отганликда гумонланиб, 30 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳибс этилди. Бекзоджон Шукуров исмли ўзбекистонлик Санкт Петербургнинг бошқа кўчасида 7 ёшли қизчанинг яраланганига ҳам алоқадорликда гумон қилинмоқда.



Санкт-Петербургнинг Адмиралтейская туманида ўтган дам олиш кунлари болалар майдончаларида бирданига иккита нохуш ҳодиса рўй берди.

8 июн куни соат кечки 7:30 ларда Подолский кўчасидаги уйлардан биридаги деразадан номаълум шахс болалар майдончасида ўйнаётган болачаларга қарата ўқ узди.

Полиция тахминларига кўра, пневматик қуролдан отилган ўқдан елкасидан яраланган 7 яшар қизча Раухфус номидаги 19 шаҳар шифохонасига олиб кетилди: қизалоқни операция қилган врачлар унинг елкасига ҳақиқатан ўқ текканини тасдиқлашди.

Майдонча атрофида сайр қилиб юрган гувоҳлар болалар майдончасига 3-4 маротаба ўқ узилганини гапириб берди.

Бир кун ўтар-ўтмас – 9 июн куни, яна ўша Адмиралтейская туманидаги Катта Подяческая кўчасида кундузги соат 1:30 ларда болалар майдончасида ўйнаётган болаларга қарата ўқ узилгани тўғрисида хабар маҳаллий полиция бўлимига келиб тушди.

- Бахтли тасодиф туфайли, бу ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмади. Ўша жойга полиция оператив гуруҳи жўнатилди. Маҳаллий фуқаролар ёрдамида қаердан ўқ узилаётгани тезда аниқланди ва шу уйнинг квартираларидан бирида Марказий Осиё республикаларидан келган 30 яшар шахс ушланди,- деди Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Ички Ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Вячеслав Степченко.

Санкт-Петербург шаҳар прокуратураси Озодликка болаларга ўқ узганликда гумонланаётган шахс Ўзбекистон фуқароси бўлган Бекзоджон Шукуров эканини тасдиқлади ва уни ҳибсга олиш тўғрисида судга илтимоснома топширилганини билдирди.

Терговчиларнинг тарқатган дастлабки маълумотларга биноан, "Катта Подяческая 2-уйда яшаб келган Шукуров алкогол ичимлигини ичиб, ухлашга тараддуд кўра бошлаган. Бироқ, ташқарида ўйнаётган болалар шовқини мардикорга маданий ҳордиқ чиқаришга халақит берган".

Терговчининг “Нега болаларга ўқ отдингиз?”, деган саволига Бекзоджон:

- Улар қаттиқ бақираётган, шовқин қилаётган эди. Шу сабабли мен ўқ ўздим. Албатта, патронсиз отдим - унда ўқи йўқ эди. Мен болаларни эмас, қўшниларни тинчлантирмоқчи эдим. Улар ҳовлида бақираётган эди, дея тушунтириш берди аллқачон “петербурглик мерган” номига “сазовор” бўлган ўзбекистонлик Бекзоджон Шукуров.

Ўқ овозидан Подяческая кўчасида яшовчи 9 яшар Андрей Сурнаков ва 11 яшар Дилшод Расуловлар қўрқиб кетган.

Петербург шаҳар полицияси Озодликка иккала ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 213 моддаси 1 қисми асосида, яъни “безорилик” моддаси бўйича жиноий иш очилганини маълум қилди.

Бу ҳодисалар ортидан Россия оммавий ахборот воситалари ва миллатчилик сайтларида “Гастарбайтер болаларга қарата ўқ узди”, “Маст ҳолатдаги ўзбек болачаларни пистолетдан отди”, “Болаларни отиб кетган шахс ўзбекистонлик муҳожир экани аниқланди” сарлавҳалари остида мақола-лавҳалар пайдо бўлди.

Бу мақола ва репортажларда муҳожирнинг иккала отишмага алоқаси борлиги текширилаётгани хабар қилинди. Шу онда маҳаллий фуқаролар Санкт-Петербургда айниқса Ўзбекистон фуқаролари сони кескин кўпайиб кетгани, “маданий пойтахтда” криминоген вазият кескинлашиб бораётгани, мардикор ишчилар “ўзидан кетаётгани” ва “маҳаллий урф-одатларга риоя қилмаётгани”ни эсга тушира бошлади.

Шукуровдан “Cletcher PM” пневматик таппончаси мусодара қилингани айтилмоқда.

Ички Ишлар бошқармаси расмий вакили Вячеслав Степченко Озодликка Бекзоджон Шукуровнинг 8 июн куни 7 яшар қизалоқнинг отилишига алоқадорлиги текширилаётгани, ҳозирча буни исботловчи далиллар топилмаганини айтди.

- Бу иккала отишмага бир одамнинг алоқаси борлигида адашяпсиз. Биз унинг кимлигини аниқладик, ҳозирча у ҳибсда қолади. Унинг айби судда исботланса 5 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин, дея саволимизга жавоб берди жиноий иш қўзғатган полиция бошқармаси расмийси.
XS
SM
MD
LG