Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:49

Эронликлар янги президентдан умидвор


Эронликларнинг кўпчилиги Ҳасан Руҳоний ғалабасини ўз ғалабаси, деб кўрмоқда.
Эронликларнинг кўпчилиги Ҳасан Руҳоний ғалабасини ўз ғалабаси, деб кўрмоқда.

Эрон президент сайловида мўътадил қарашлардаги диний арбоб ва ислоҳотчи деб кўрилган Ҳасан Руҳоний ғалаба қилгани маълум бўлгач, Теҳрон ва бошқа шаҳарларда эронликлар кўчага чиқиб, уни қутладилар. Таҳлилчилар фикрича, жума кунги сайловда Руҳонийнинг ғалаба қилгани Эронда мўътадил сиёсат жорий қилиниши тарафдорлари кўпайганидан дарак бўлиши мумкин.


Диний арбоб ва президент сайловида қатнашган ягона мўътадил номзод бўлган Ҳасан Руҳонийнинг ғалаба қилгани кўпчилик тарафидан эронликлар орасида ўзгаришлар истаги кучайганидан дарак, деб талқин қилинмоқда.

Эроннинг ядровий масалалар бўйича собиқ бош музокарачиси Руҳоний жума кунги сайловда қатнашган олти номзод орасида мўътадил сиёсат тарафдори бўлган ягона шахсдир.

У цензура ва одамларнинг шахсий ҳаётига давлат аралашувини танқид қилиб келгани билан танилган ҳамда давлат репрессияси ва халқаро ҳамжамият билан муносабатлардаги тарангликни юмшатишни ваъда қилган.

Сайловда қатнашган эронликларнинг 51 фоизи жума куни 64 ёшли Руҳонийга овоз бериб, уни шоҳсупага олиб чиқди.

Таҳлилчилар Руҳоний олдида жиддий муаммолар турганини айтмоқда. Кейинги йилларда Эронда репрессиялар янада кучайди ва ҳукумат бошқарувидаги камчиликлар натижасида иқтисоди жиддий муаммоларга юз тутган.

АҚШ етакчилигида жорий қилинган халқаро санкциялар мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига олиб келди. Исломий Республикада реал ҳокимият Олий руҳоний етакчи Оятуллоҳ Али Хоманаий ва унинг қўли остидаги Исломий инқилоб посбонлари корпусига тегишлидир.

Шунга қарамай, Карнеги жамғармаси эксперти Карим Саджадпур каби кузатувчилар Руҳоний чекланган бўлса-да, ўзгаришларни олиб келиши мумкин, деган фикрда.

Озодлик билан суҳбатда Саджадпур “саккиз йиллик зулматдан кейин экстремизм булутлари бироз ёйилишига умид пайдо бўлди”, деган фикрларни билдирди.

Эронлик журналист Акбар Ганжи Озодлик билан суҳбатда Руҳоний ўз сайловолди кампанияси давомида берган ваъдаларини бажара олиши, биринчи навбатда, унинг Хоманаий билан муносабатларига боғлиқ бўлади, дейди.

- Унга катта умид боғламаслигимиз лозим. Амалдаги тизимда у мамлакат иқтисодини яхшилай олиши учун Хоманаий билан ҳаракатларини мувофиқлаштириши керак, бошқа томондан парламент билан тил топишиши керак. Энг муҳим масала, ядровий мунозара бўйича келишув ва санкцияларни бекор қилишга эришиш учун Ғарб ҳукуматлари, хусусан АҚШ билан бевосита музокаралар учун йўл очиши керак. Чунки санкциялар жамиятимизни издан чиқариши мумкин,- дейди таҳлилчи.

Пойтахт Теҳрондаги овоз бериш участкасида овоз берган эронлик аёл, Озодлик билан суҳбатда, Руҳоний президент сифатида халқ турмушини яшилай олиши, Ғарб билан тарангликни юмшатишига умид билдирди.

Яна бир сайловчи Руҳонийнинг ғалабасини репрессив сиёсат тарафдори бўлган Оятуллоҳ Хоманаийнинг мағлубияти, дея таърифлади.

“Биз Хоманаий истамаган тарихни яратдик”, дейди Озодлик билан суҳбатда ўзини таништирмаган эронлик тадбиркор. “Биз ютдик, у ютқазди”, дея қўшимча қилди у.

Айни пайтда таҳлилчи Саджадпур мавжуд вазиятда Хоманаий ютқазди, деган фикрга қўшилмаслигини айтади. “Сайловчилар у олиб бораётган сиёсатни рад қилишди, лекин у сайловчиларга шундай имкони бериш орқали путури кетаёзган обрўсини кўтариб олишга эришди”, дейди таҳлилчи.

Ҳақиқатан, Хоманаий ва бошқа расмийлар жума кунги сайловни олқишлаб, 70 фоиз сайловчи қатнашган тадбирни “сиёсий ютуқ”, дея таърифлади.
XS
SM
MD
LG