Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:15

Ўзбек футбол ишқибозларининг ҳафсаласи пир бўлди


Ўйин 5:1 ҳисобида ўзбек футболчилари фойдасига ҳал бўлгани билан Жанубий Кореянинг Эронга 0:1 ҳисобида ютқазгани эвазига Ўзбекистон жамоаси Жаҳон чемпионатига чиқиш имконидан маҳрум бўлди. Энди жамоа плей офф ўйинларида қатнашади.

“Барибир чиқа олмади”

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари доирасида Тошкентда Қатар терма жамоаси билан беллашди.

Пойтахтдаги "Бунёдкор" стадионида ўтган ўйинда Ўзбекистон 5-1 ҳисобида ғалаба қозонди. Лекин, бу ғалаба Ўзбекистон жамоасига жаҳон чемпионати эшикларини очмади.
Чунки, 18 июн куни Ўзбекистон беллашаётган "А" гуруҳида иккинчи жуфтлик учрашуви ҳам бўлиб ўтди.

Унда Жанубий Корея терма жамоаси Сеулда Эрон терма жамоасига 0-1 ҳисобига ютқазиб берди.

Энди Ўзбекистон терма жамоаси плей оффда "Б" гуруҳида 3 ўринни қўлга киритган жамоа билан ўйнайди. Ўзбекистон жамоаси рақиби 18 июн куни бўлиб ўтадиган Иордания-Уммон ўйинидан кейин маълум бўлади.

Агар Ўзбекистон терма жамоаси плей оффда икки ўйин натижасига кўра ғолиб чиқса, у ҳолда Жанубий Америка саралаш гуруҳида 5-ўринни қўлга киритган жамоа билан ўйин ўтказиш имконига эга бўлади.

Агар, у ўйинда ҳам ғалаба қозонса, у ҳолда Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиши мумкин.

1-таймнинг қаҳрамони- Аҳмад Суфиён

Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Миржалол Қосимов Озодликка билан суҳбатида Қатар жамоасининг имкониятлари камроқ бўлиши ҳақида гапирган.

Мураббий Қатар жамоасининг асосий дарвозабони ва 6-рақамли ҳимоячиси ўйнамаслиги натижасида уларнинг ҳимоя қатлами заиф бўлишига умид билдирган эди.

Лекин қатарликларнинг дарвозабони Аҳмад Суфиён ўйиннинг биринчи таймида ўзбек футболчиларининг кетма-кет ҳужумларини жуда эпчиллик билан қайтарди.

Ўйин тафсилотларини ижтимоий тармоқлар, жумладан, Твиттер орқали ўртоқлашаётган ўзбек ишқибозлари Аҳмад Суфиённи ўйиннинг қаҳрамони даражасида талқин қилишди.

1-таймда Суфиён ўз дарвозасига бирорта ҳам тўп киритмади. 1-тайм 0:1 ҳисобига қатарликлар ғалабаси билан якунланган бўлса, 2-таймда ўзбек футболчилари голлар сериясини намойиш қилишди. Кетма-кет Қатар дарвозасига 5 та гол йўлланди. Суфиён ҳам бутун кучини 1-таймда сарфлаб бўлган шекилли, ўзбек футболчиларининг ҳужумкор зарбаларини қайтаришда имконсиз қолди.

Ҳожибой Тожибоевнинг яна айтгани бўлди

Ўзбекистон жамоасининг Сеулдаги мағлубиятидан сўнг маҳрум қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг ўзбек футболчилари ҳақидаги ҳазили жуда кўп эсланди. Ҳатто қизиқчининг ушбу ҳазилидаги машҳур иборалари битилган футболкалар Чорсу бозорида савдога чиқарилгани айтилди.

CLONE-SECURITY ҳакерлар гуруҳи эса 12 июн куни Ўзбекистон Футбол федерациясининг 2 та расмий сайти ва Twitterдаги 4та саҳифасига ҳужум қилиб, сайтларни вақтинча ишдан чиқариб, у ерга Ҳожибой Тожибоевнинг ўша машҳур ҳазилидаги ибораларни жойладилар.

Қизиқчининг “Футболчиларимиз жаҳон чемпионатига бориб, музқаймоқ ялаб келса ҳам майли эди”, деган ибораси бугунги кунда Ўзбекистондаги ҳар бир даврада эсланаётган бўлса ажаб эмас.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:57 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон-Қатар ўйини билан боғлиқ барча тафсилотлар билан Озодликнинг бош саҳифасига жойлаштирилган Жонли блог орқали танишишингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG