Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:22

Деҳлида фоҳишаликка мажбурланган опа-сингил ночорликда қолмоқда


Деҳлига саёҳатга борган ўзбекистонлик икки опа-сингил беш ой давомида фоҳишалик қилишга мажбурланди. Ҳозирда тутқунликдан қочиб қутилган опа-сингиллар Ўзбекистонга қайта олмаяпти.

Ўзбекистонлик опа-сингиллар Ҳиндистонга сайëҳ сифатида келиб, жинсий эксплутация қурбонига айланди.

Опа-сингиллар вазиятини ўрганган The Indian Express журналисти Аналия Бҳарджайнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, икки аёл беш ой давомида Жанубий Деҳлида фоҳишалик қилишга мажбурланган. Кейинчалик улар бу ердан қочиб қутилган.

Ҳозирда икки аёл Деҳли ҳукуматига қарашли ётоқхоналардан бирида яшаяпти.

Озодлик мухбири ушбу ётоқхона билан боғланганида, опа-сингиллар шифохонага кетганини айтишди.

- Улардан бири ҳомиладор. Аҳволи яхши эмас. Бугун иккаласи ҳам шифохонага кетди, деди ётоқхона ходимларидан бири.

The Indian Express ёзишича, опа-сингилларнинг вазияти бўйича Ўзбекистон элчихонасидан ёрдам сўралган, бироқ элчихона масъуллари бу аёллар аҳволидан хабар олмаган.

Опа-сингиллар яшаётган ётоқхона ходимига кўра, иккала аёл ҳам на ҳиндча ва на инглизча гапира олади.

The Indian Express маълумотига кўра, аёллар фоҳишаликка мажбурланган пайти уларнинг паспортлари олиб қўйилган. Аёллар жинсий хизмат кўрсатишдан бош тортган пайти улар шафқатсиз калтакланган.

Ҳозирда аёлларнинг ҳужжатлари йўқлигидан ташқари улар пулсиз, озиқ-овқатсиз, кийим-кечаксиз қолган.

Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, аёлларни Ўзбекистонга қайтариш масаласи кўрилаяпти.

"Элчихона опа-сингиллар вазиятидан хабар олмади, деб хато маълумот беришган. Биз икки ҳафтадан буён бу иш билан шуғулланаяпмиз. Ҳиндинстон Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ишлаяпмиз. Балки ўн кунларда Ўзбекистонга қайтишар", деди элчихонанинг исмини очиқламасликни сўраган ходими микрофонсиз суҳбатда.

Айни пайтда элчихона ходими опа-сингилларнинг ҳозирда қаерда ва қай аҳволда эканидан бехабарлигини айтди.

Озодлик бу икки опа-сингил билан боғлиқ вазиятни ўрганишда давом этади.
XS
SM
MD
LG