Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:59

Қирғизистондан хитойлар депортация қилинмоқда


Қирғизистон суди Хитой Ташқи ишлар вазирининг Бишкекка ташрифи арафасида мамлакатдан 35 нафар хитойликни депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Бишкек атрофида ноқонуний равишда ишлаб юрган хитойлар 10 кун ичида ватанига қайтиши шарт.

Мамлакатдан депортация қилиниши кутилаётган хитойликлар Қирғизистонга яхши иш ҳақи излаб келган экан. Улар Бишкек атрофидаги ғишт заводларидан бирида қора ишчи бўлиб меҳнат қилган.

-Бу ерга бизни бригадир олиб келган.Бу ерда бизга 5,5 минг юан (тақрибан 44 минг қирғиз сўми ёки 900 доллар- таҳр.) ойлик тўлашди. Хитойда ойлигимиз бундан оз эди. 3 минг юан олар эдик. Бу ерда ишласак 5-10 минг юан иш ҳақи оламиз, -деди депортация қилиниши кутилаётган хитойликлардан бири.

Хитойликлар Оламудин тумани Грозд қишлоғида ноқонуний ишлаётгани милиция ходимлари ўтказган рейд давомида аниқланган. Бундан олдинроқ Бишкек атрофида ўтказилган рейд давомида Қирғизистонда ноқонуний ишлаб юрган яна 70 га яқин хитойлик аниқланган эди.

Маълумотларда айтилишича, хитойлик ноқонуний меҳнат муҳожирлари Қирғизистонда асосан йўл қурилишлари ва ғишт заводларида меҳнат қилади. Бундан ташқари мамлакат бозорларида ҳам кўплаб хитойликлар расмий ҳужжатларсиз ишлаб келаётгани айтилади.

Бишкекда ишлаётган ноқонуний меҳнат муҳожирларини аниқлаш мақсадида ташкил қилинган “Қирғиз чўрўлўру” нодавлат ташкилоти раҳбари Замир Кўчўрбаевнинг айтишича, хитойликларнинг кўпи чегарадан ноқонуний ўтган.

-Корхоналарда ҳужжатсиз ишлаганлар кўп, уларни текшираяпмиз. “Дўрдўй”, “Қорасув”, “Таатан” бозорларида ноқонуний ишлаётган хитойликларни аниқлашга кучимиз етмаяпти. Хитойликлар Қирғизистонга олиб келинаётган контейнерлар, музлаткичларнинг ичига беркиниб олиб, чегарадан ўтишар экан,- деди Замир Кўчўрбаев.

Ноқонуний ишлаб юрган хитойликлар қўлга олиш жараёнида қирғиз милициясига қаршилик кўрсатгани ҳам айтилади. Масалан, Норин-Бишкек-Тўругарт йўл қурилишида ноқонуний равишда ишлаётган хитойликлар милиция ходимларини калтаклашган.

Қирғизистонда хитойлик ноқонуний меҳнат муҳожирларини аниқлаш ва уларни ватанларига депортация қилиш жараёни Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ининг Бишкекка келиши арафасида бошланди. Бундан ташқари Хитой Қирғизистонга яқиндан молиявий кўмак бериб келаётган ва Қирғизистон ҳудудида бир қатор лоийҳаларни амалга ошираёган донор давлат ҳисобланади.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатда ноқонуний яшаётган хитойликларни аниқлаш ва депортация қилиш қонун талаблари асосида амалга оширилмоқда. Шунинг учун ҳам бу жараён Хитой билан сиёсий ва иқтисодий алоқларга зарар етказмайди.
XS
SM
MD
LG