Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:10

Мухтор Аблязов Францияда қўлга олинди


Қувғиндаги таниқли қозоқ мухолифатчиси ва миллиардер Мухтoр Аблязов чоршанба куни Франция ҳукумати томонидан мамлакат жанубида ҳибсга олинди. Аблязовнинг адвокати берган маълумотга қараганда, уни Ницца шаҳридаги уйидан “тиш-тирноғигача қуролланган” махсус хизмат ходимлари олиб кетган.


Қозоқ мухолифатчиси адвокатининг айтишича, Франция ҳукуматига Аблязовни экстрадиция қилиш юзасидан илтимоснома тақдим этилган. Бу илтимосноманинг айнан қайси мамлакат томонидан киритилгани номаълум. Айрим оммавий ахборот воситалари экстрадиция илтимоси Украина томонидан қилинганини, бошқа нашрлар эса бундай илтимос Россия ёки Қозоғистон томонидан бўлганини ёздилар.

Мухолифатчи ва собиқ банкир Мухтар Аблязов 2009 йилда Қозоғистонни тарк этиб, 2011 йилда Буюк Британияда қочқинлик мақомини олган эди.

Аблязов ватанида 5 миллиард доллар маблағни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланмоқда. У президент Нурсултон Назарбоев сиёсатининг ашаддий танқидчи ва мухолифларидан бир қаторида кўрилади.

Қозоғистондаги “Республика” мухолиф нашри ва К- Plus телеканалининг ҳам Мухтор Аблязов томонидан молиялаштириб келингани айтилади.

Қозоғистон мухолифати лидерларидан бири Жасарал Куанишалин Аблязовнинг Францияда қўлга олинишини “қозоқ мухолифатини заифлаштириш ҳаракати” сифатида баҳолади:

- Бу иш яхши бўлмапти. Европада сўнгги вақтда қозоқ мухолифатчиларига, айниқса¸ Аблязовга нисбатан қилинаётган ҳаракатлар афсусланарлидир. Бундай ҳаракатлар натижасида қозоқ мухолифати заифлаштирилмоқда.

Таниқли журналист Сергей Дуванов ҳам бу фикрга қўшилади:

- Агар Аблязов Остонага топширилса, қозоқ мухолифатига қаттиқ зарба урилган бўлади. Чунки Аблязов айни пайтда қозоқ мухолифати саҳнасидаги етакчи ўйинчилардан бири бўлиб ҳисобланади. У президент сиёсатига радикал тарзда қаршилик кўрсатаётганлардан биридир. Аблязовнинг эҳтимолий депортация қилиниши Қозоғистон демократик кучларига берилган зарбадир.

Сўнгги ойларда Мухтор Аблязовнинг бир қатор яқин сафдошлари ва оила аъзолари Остона сўрови билан Европа Иттифоқи ҳудудида қўлга олинган ва экстрадиция қилинган эди.

Мухолифатчининг рафиқаси Алма Шалабаева 6 ёшли қизи билан жорий йилнинг май ойи охирида Италия ҳукумати тарафидан Қозоғистонга депортация қилинган. Орадан икки ҳафта ўтгач, Италия ҳукумати мазкур депортацияни ноқонуний деб топган. Бунинг натижасида Италия ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг бир қатор раҳбарлари истеъфо беришга мажбур бўлган эди.

Аблязовнинг яқин сафдоши ва тансоқчиси Александр Павлов эса яқинда Мадридда қўлга олинди. У Қозоғистонда террорчилик ҳаракатларини содир этганликда айбланмоқда. Павловнинг ўзи бу айбловни сиёсий буюртма ва соҳталаштирилган деб ҳисоблайди.

Мухтор Аблязовнинг яқин сафдошларидан бири, таниқли мухолифатчи Муратбек Кетебаев июнь ойида Қозоғистон сўрови билан Польшада қисқа муддатга ҳибс қилинган. Польша ҳукумати вазиятни ўргангач, Кетебаевни Остонага топширишдан бош тортган эди.
XS
SM
MD
LG