Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:01

Ўзбек-қирғиз чегара музокараси сентябрда ўтказилади


Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги "Дўстлик" чегара бекати ёпиқлигича қолмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги "Дўстлик" чегара бекати ёпиқлигича қолмоқда.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Чегараларни аниқлаш бўлими бошлиғи Қурбанбай Искандеровнинг айтишича, Ўзбекистон томони чегара музокараларини 4 сентябрда бошлаш тўғрисида қирғиз томонига расмий нота жўнатаган.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Чегараларни аниқлаш бўлими бошлиғи Қурбанбай Искандеровнинг айтишича, Ўзбекистон томони чегараларни аниқлаш юзасидан ўтказиладиган музокараларда иштирок этишдан икки марта бош тортган.

- Ўзбекистон томони биринчи марта Қадамжойдаги Майдон қишлоқ округида содир бўлган воқеани баҳона қилиб музокаралардан бош тортди. Бу ерда 19 июн куни Ўзбекистон чегарачиси бир қирғизистонликни отиб қўйган эди. Иккинчи марта Жалолободда Қирғизистон чегарачилари томонидан Ўзбекистон чегарачилари отиб қўйилгач учрашув қолдирилди. Куни-кеча Тошкентдан расмий нота олдик. Унда Ўзбекистон томони чегарани аниқлаш юзасидан сўзлашувларни 4 сентябрдан давом эттиришга тайёр экани айтилади, -деди Қурбанбай Искандеров.

Унинг айтишича, бу галги учрашув чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара - ўтказиш пунктлари масаласини қайта кўриб чиқиб, бундай пунктларни мақсадга мувофиқ бўлган тарзда аҳолига зарур бўлган жойларга кўчириш масаласи кун тартибиги киритилган. Бундан ташқари Ўзбекистон ичкарисида бўлган Барак анклави масаласида ҳам махсус комиссия ташкил қилинган.

- Барак эксклавининг атрофи қазиб ташланган, фақат автомобил ўтиши учун бир чегара пункти мавжуд. Бироқ бу чегара-ўтказиш бекати ҳам ёпиб қўйилган. Барак аҳолиси Қирғизистон ичкариси билан борди-келди қила олмаяпти. Бу ерда вазият жуда таранг, -деди Қурбанбай Искандеров.

13 август куни Барак қишлоғининг 30 га яқин вакили Ўш вилоят ҳокимияти олдида митинг ўтказиб, Ўзбекистон томонидан чегарани очиб беришини талаб қилган. Барак қишлоғида мингдан ортиқ Қирғизистон фуқароси яшайди. Лекин улар Ўзбекистон чегарани бир томонлама ёпиб қўйгани туфайли касалхона, бозор ва олий ўқув юртларига бора олмаётган экан.

- Масалан, биз бугун Ўшга бир кило картошка олгани келсак, уйимизга қайтишимиз учун 15 кун керак бўлади. Чунки Ўзбекистон чегарасида ёзилиб навбат кутиш керак. Бир кило картошкани уйга 15 кунда олиб келамиз. Қишлоғимизда касалхона ҳам йўқ, бозор ҳам йўқ. Чорва молларимизни сўйиб еб бўлдик, қолганини пул керак бўлганда Ўзбекистонга сотиб тугатдик. Аҳволимиз оғир, -дейди митингга чиққан аёллардан бири.

Ўзбекистон томони ҳайит арафасида Ўш ва Андижон ўртасидаги “Дўстлик” чегара пунктини ёпиб қўйган эди. Қирғиз расмийлари Ўзбекистон томони чегара пункти 15 августда очилишини маълум қилганини билдирган.

"Дўстлик" чегара бекати икки давлатни бир бирига боғлаган энг катта ўтказиш пункти ҳисобланади. Қўшни мамлакатлардаги яқинларини кўргани, бозор-ўчар қилгани ва бошқа юмушлар билан қатнайдиган ўзбекистонлик ва қирғизистонликлар асосан шу ердан ўтишади.

Айни пайтда 2013 йилнинг бошидан бери Қирғизистон томони Ўзбекистоннинг Сўх экслави учун Фарғона ва Риштонга олиб борувчи чегара ҳудудини ёпиб қўйган. Бунинг натижасида сўхликлар Ўзбекистонга айланма йўллардан боришга мажбур бўлмоқда.

Бу айланма йўллар аввалги йўллардан камида 100 километрга узоқ ва бу ердан борди – келди қилиш учун аввалгига қараганда икки-уч маротаба кўп маблағ сарфланмоқда.
XS
SM
MD
LG