Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:54

Навальний Собянинга жиддий "зарба" берди


Москва шаҳар ҳокими лавозими учун сайловолди пойгасида номзодлар ўртасидаги ўзаро кураш давом этмоқда. Мэрликка номзод, мухолифат етакчиси Алексей Навальний сайловдаги асосий рақиби, ҳозирда вақтинчалик Москва шаҳар ҳокими вазифасидаги Сергей Собяниннинг молиявий даромадлари билан боғлиқ маълумотларни ошкор қилиб, рақибига жиддий "зарба" берди.

Москва шаҳар ҳокими лавозими учун сайловолди пойгасида номзодлар ўртасидаги ўзаро кураш давом этмоқда. Мэрликка номзод, мухолифат етакчиси Алексей Навальний сайловдаги асосий рақиби, ҳозирда вақтинчалик Москва шаҳар ҳокими вазифасидаги Сергей Собяниннинг молиявий даромадлари билан боғлиқ маълумотларни ошкор қилиб, рақибига жиддий "зарба" берди.

Алексей Навальний LiveJournal даги ўз саҳифасида Сергей Собяниннинг қизи Анна Собянина 2011 йилнинг октябр ойида Санкт-Петербург марказида 200 квадрат метрдан зиёд майдонга эга ҳашаматли уйни харид қилганига оид маълумотларни ошкор қилди.

Навальний "ушбу квартиранинг ҳашаматидан эмас, балки қандай қилиб, эндигина 25 ёшга кирган аёлнинг тақрибан 117 миллион рубл (3,5 млн. АҚШ доллари – таҳр.) турадиган иморатни сотиб олиш қурбига эга бўлганидан ҳайратлангани"ни ёзади.

"1986 йилда туғилган Анна Собянина бошқараётган “Форус-Групп” компанияси фақатгина маъмурий идора ва бинолар ички қисмини пардозлаш ҳамда мебел билан жиҳозлашга ихтисослашгани"ни ёзади яқинда судланганига қарамасдан Москва ҳокими лавозими учун курашга киришган Алексей Навальний.

“Биз Анна Собянина фирмаси ғолиб чиққан биргина тендерни топа олдик. У ҳам бўлса Ханти-Мансийск мухтор округи раҳбариятини элита мебели билан таъминлашдир. Қолган буюртмаларга “Форус-Групп” танловсиз эга бўлиб келган. Жимгина ва ораста: субпудрат орқали”, деб ёзади Алексей Навальний.

У Анна Собянина мебел жиҳозларини айнан отаси Сергей Собянин раҳбарлик қилган Москва, Санкт-Петербург ва Ханти-Мансийскдаги ташкилотларга етказиб бераётганини ҳам аниқлаганини очиқлади.

Навальний Москва ҳокимининг тўнғич фарзанди бўлган Аннанинг Петербургдаги квартирани отаси Собяниндан ўзининг 25 ёшига совға тарзида олганини тахмин қилади.

Ҳозирда рус мухолифатчилари Сергей Собяниннинг даромадлари тўғрисидаги декларация билан қизиқмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Сергей Собянин ўз декларациясида сўнгги 10 йил давомида умумий ҳисобда салкам 27 миллион рубл (800 минг АҚШ доллари.-таҳр) даромад олганини кўрсатган.

"Анна Собянина ўзининг 25 ёшида отасининг 10 йиллик даромадидан 3 баробар кўп маблағни қаердан топгани" ҳақида киноя билан ёзган Алексей Навальний, рақиби Сергей Собяниннинг 15 ёшли кенжа қизи борлигини ҳам эслатиб қўяди.

Маълум бўлишича, 7 йил олдин декларацияга туширилган Собяниннинг 308 метр квадрат майдонга эга Москвадаги яна бир квартираси кенжа қизи номига ўтказилган экан.

Риэлторлар тахминларига кўра, 173 миллион рубл (5,27 миллион АҚШ доллари- таҳр.) миқдоридаги бу мулк ўша пайтдаги Россия президенти Ишлари бошқаруви томонидан давлат мулки ҳисобида вақтинча эгаллаб туришга берилган.

Навальнийнинг айни “зарба"сига жавобан Москва ҳокимияти матбуот хизмати раҳбари Гулнора Пенкова Собяниннинг “турмушга чиққан қизининг квартирасига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги”ни маълум қилди.

Айни пайтда Сергей Собяниннинг куёви Александр Ершов “Эхо Москвы” радиосига “Мен ўн йил давомида тадбиркорлик билан фаол шуғулланиб келаман. Шунингдек, бироз йиғиб қўйган маблағларим бор эди. Шу квартирани сотиб олиш имконияти пайдо бўлиб қолди. Қолганига изоҳ беришни истамайман, чунки ўзимнинг шахсий ҳаётимга ҳеч кимни ошно қилиш ниятида эмасман”, деб ёзма маълумот берди.

Петербургдаги “Фонтанка” нашри бу масала юзасидан ўзининг мустақил текширувини олиб борди.

Собяниннинг ҳимоясига чиққан питерлик журналистлар “Форус-Групп” нафақат давлат шартномалари асосида, балки йирик тадбиркорлик ширкатлари ва шахсий буюртмачилар билан ҳам ҳамкорлик қилиб даромад олаётганини аниқлаганини билдирди.

Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) сўровига кўра, Москва мэри лавозимига ўтказиладиган сайловнинг биринчи босқичида Сергей Собянинга 67,4 фоиз, Алексей Навальнийга эса 13 фоиз сайловчилар овоз бериши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Сергей Собянин жорий йилнинг июн ойи бошларида ўз лавозимидан истеъфо беришини эълон қилганидан кейин, Москва мэри сайлови жорий йилнинг 8 сентябрига белгиланди. Президент Владимир Путин Собяниннинг истеъфосини қабул қилиб, уни мэр вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлади.

Собянин иқтидордаги “Единая Россия” партияси етакчиларидан биридир, лекин мэр лавозими учун мустақил номзод сифатида курашишини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG