Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:29

Бухоронинг сўнгги миниатюрачи рассоми чизган асар топилди


Садриддин Поччаев асари
Садриддин Поччаев асари

Ўзбек санъатшунослари энг сўнгги миниатюрачи рассом деб билган Садриддин Поччаевнинг ярим умри амир саройида, ярмиси эса совет Бухоросида ўтди. Эски даврнинг сўнгги рассомининг янги давр қуюшқонига кириши қийин бўлди.

Ўзбек санъатшунослари энг сўнгги миниатюрачи рассом деб билган Садриддин Поччаевнинг ярим умри амир саройида, ярмиси эса совет Бухоросида ўтди. Эски даврнинг сўнгги рассомининг янги давр қуюшқонига кириши қийин бўлди.



Ўзбек тасвирий санъат асарларини коллекция қиладиган москвалик санъатшунос Тимур Салахов Россия пойтахтидаги осори-атиқа дўконларидан сотиб олинган эски альбом ичидан чиққан бир расмни Бухоронинг сўнгги миниатюрачи рассоми Садриддин Поччаевга тегишли деб билади.

Москвадаги тасвирий санъат экспертизаси хулосасида ҳам расмнинг Садриддин Поччаевга (Садриддин бинни Почча) мўйқаламига оид экани айтилади.

Москвалик санъатшунос Тимур Салахов 19 асрга оид Бухоро қоғозига сув бўëқ билан чизилган расм ҳақида сўзлар экан, бу мўъжаз асарда “Юсуф ва Зулайҳо” тасвирланганини Озодликка билдирди.

Озодлик мухбири Москвада топилган асар Бухоронинг 1948 йили оламдан ўтган сўнгги миниатюрачи рассоми Садриддин Поччаевга оид эканлигини аниқ тасдиқлайдиган бошқа манбаларни топмади.

Шарқ минатюра санъати билимдонлари Поччаев номи билан танилган бухоролик рассомнинг сермаҳсул бўлгани ва унинг асарлари МДҲ ҳудудида кўплигини айтиш билан кифояланишди.

Ўзбекистонда кўпчилик санъат шинавандалари Ҳирот ва Табризда ижод қилган рассомлар Камолиддин Беҳзод ва Маҳмуд Музаҳҳиблар ижодини бир қадар билган ҳолда, Ўзбекистон ҳудудида 1948 йилга қадар истиқомат қилган миниатюра устаси Садриддин Поччаев ҳақида деярли ҳеч нарса билишмас экан.

Шу боис Бухоронинг сўнгги миниатюрачи рассоми дея айтилган Садриддин Поччаев (Садриддин бинни Почча) ижоди ҳақида Озодлик муштарийларига маълумот беришга қарор қилдик.

Сўнгги рассом

Садриддин бинни Почча 1870 йилда Бухоронинг Ромитан туманидаги Пайшанба қишлоғида туғилди.

10 ëшга тўлганида Садриддин отасидан айрилди. Онаси уни ўша пайтда донғи чиққан Миразим заргарга шогирликка берди.

Садриддин 20 йил мобайнида заргарлик устахонасида шогирд бўлиб ишлади. У яратган "Даққоқий" услубидаги исирғалар Бухоро амири Абдуллаҳадхон диққатини тортди.

Исирғаларда шу пайтгача Бухоро заргарлигида кўрилмаган тасвирлар мавжуд эди.

Садриддин Поччаев олтинга эмал билан нақш бериш санъатини Бухоро заргарлик мактабига олиб кирган эди.

Шу тариқа Ромитандан чиққан заргар амир хонадонидаги рассомлар гуруҳига қабул қилинди.

Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон Ҳиндистонда чоп қилинган эротик мазмундаги “Лаззатий нисо”("Аëлдан лаззатланиш") китобини безашни рассом Садриддинга топширди.

Рассом бу китоб мазмунини акс эттирган 50 дан зиëд миниатюра суратларини чизди.

Бу суратлар чизилган китобнинг асл нусхаси ҳозир Бухоро музейида сақланмоқда.

Музейда бу асарларни томоша қилиб илҳомланган бухоролик рассом Асад Барноевнинг Озодликка айтишича¸ Поччаев асарларида персонажлар алоҳида яққол тасвирланган:

- Бу расмларда миниатюра шартлилиги ва замонавий реализм уйғунлиги мавжуд. Булар ëнида эса киноя ҳам бор, - дейди бухоролик 66 яшар рассом Асад Барноев Озодлик билан суҳбатда.

Рассомнинг амир саройида яратган расмларида гўзал қиз қиëфасига кириб¸ аëллар куйлагини кийган ҳушбичим ўғил болалар, афсонавий қуш ҳамда ҳайвонлар тасвири мавжуд.

“Қўшиқчи ва шохнабот”¸”Тўтинома”¸ “Бургут овлаëтган шаҳзода” каби асарларида рассом Садриддин Поччевнинг алоҳида маҳорати акс этгани айтилади.

Рассомнинг “Бой аëллар арғимчоқ учмоқда” деган сурати Ислом мафкураси ҳукмрон бўлган амир Бухороси учун жасорат ўрнаги сифатида қаралади.

Бу расмда шарқ миниатюра санъати услуби ғарб тасвирий санъатидаги ҳикоя услуби билан уйғун акс эттирилган.

Расмда арғимчоқ учаëтган пайтда аëлларнинг ошиғич гўзаллиги акс этган.

Расм фонида акс этган кўлда ўрдак ва ғозлар оҳиста сузмоқда.

Қизил Бухорога миниатюра керак бўлмади

Амир саройида тинчгина ўтириб расм чизаëтган рассомлар оромини мамлакатни ишғол қилган рус большевикларининг замбаракдан отган ўқлари бузди.

Амир саройидаги рассом ва заргарлар ишсиз қолди.

Аввалига Совет Бухоросида зарб қилинган тангалар дизайни билан шуғулланган Поччаев коммунистик мавзудаги плакатлар чизиб кун кўчиришга мажбур бўлди.

Бухоро музейида Поччаевнинг “Пахта териш” ва “Сайловда овоз бериш” деган асарлари мавжуд.

Бу асарларда Камолиддин Беҳзод услубида расм чизган рассомнинг шўро мавзусида расм чизишга тиришгани кўрилади.

“Сайловда овоз бериш” расмининг сюжети оддий. Қизил байроқлар осилган сайлов хонаси.Ўртада овоз бериш қутиси. Қути рўпарасида эса кузатувчи комиссар хотин. Миллий кийим кийган ўзбек аëли қутига конверт ташламоқда.

Садриддин Поччаев Совет даврида яратган “Пахта териш” асари эса миниатюра жанрига яқин услубда яратилган.

Расм марказидаги пахта даласи иккига бўлинган. Бир томонда етти аëл яна бир томонда эса тўрт эркак эгилиб пахта термоқда.

"Эски замоннинг охирги ва янги даврнинг биринчи рассоми бўлган
Поччаев асарларида тугал бадиий образ ¸шартли услубда мукаммал ифодасини топади", дейди Озодлик билан суҳбатда расом Асад Барноев:

- Бухорода бугун миниатюра чизаëтган рассом кўп. Аммо улар чизган тасвирлар нусха холос. Шу маънода Садриддин Поччевни энг сўнгги минатюрачи рассом деб биламан,- дейди Асад Барноев.

Садриддин Поччев 1948 йилда 78 ëшида Бухоро шаҳрида оламдан ўтди.

Поччаевнинг асарлари Самарқанд¸ Тошкент Москва ва Санкт -Петербург музейларида сақланади.
XS
SM
MD
LG