Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:16

Таълим кредитини қандай олиш мумкин?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида Ўзбекистон олийгоҳларида шартнома асосида ўқиётган талабалар учун бериладиган имтиёзли кредитнинг банкдан олиш тартиб-қоидалари борасида суҳбатлашамиз.


Сурхондарёлик Анвар исмли талаба йигит Тошкент Ахборот технологиялари университетининг иккинчи босқичида таълим олади.

Анвар OzodJavobга мурожаат қилиб, банкдан таълим кредити олиш тартиби борасида сўради.

"Ўтган йили ўқишим учун шартнома пулини тўлашга роса қийналдик. Уйдаги ҳўкизни сотдик. Кейин бобомнинг пенсия пулларини йиғиб тўладик. Бу йил таълим кредити олиш ҳақида ўйлаяпмиз. Лекин кредит олиш учун гаровга нарса қўйиш керак дейди. Машина қўйса бўлади дейишди. Лекин бизнинг машинамиз йўқ. Бошқа бирор нарсани гаровга қўйиш мумкинми? Кейин хоҳлаган банкдан олса бўладими? Қандай ҳужжатлар тайёрлаш керак? Олгач, пулни қачон қайтариш керак? Қанча фоиз тўлаш керак? Илтимос шулар ҳақида батафсил маълумот берсангиз" дея мурожаат қилди талаба йигит Озодликка.

Ўзбекистон олийгоҳларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 2001 йилнинг 26 июндаги қароридан кейин йўлга қўйилган.

Мазкур қарорга кўра, таълим кредити олийгоҳларнинг кундузги бўлимида шартнома асосида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган талабаларга берилади.

Таълим кредитини мамлакат банкларидан талабанинг ўзи ёки унинг ота-онаси ҳамда васийликка олган шахс номига олиш мумкин.

“Алоқабанк”нинг Андижондаги бўлимларидан бирининг ходимига кўра, талаба фақат ўзи доимий қайддан ўтган ҳудуддаги банклардангина таълим кредити олиши мумкин.

- Таълим кредити фуқаро яшайдиган ҳудуддаги банкларнинг филиалларида берилади. Масалан қайси туманнинг фуқароси бўлса, шу тумандаги филиалларда берилади. Минибанкларда таълим кредити ажратилмайди, дейди банк ходими.

Кредитни расмийлаштириш учун банкка қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

а) таълим кредити бериш тўғрисидаги ариза;
б) талаба ва олийгоҳ ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт);
в) яшаш жойидан маълумотнома;
г) кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат (Гаров);
д) паспорт;


“Халқ банки”нинг Сурхондарёдаги бўлимларидан бирининг ходимига кўра, агар талабада гаровга қўйиш учун бирор нарса бўлмаса, унга кредит берилмайди.

- Залог обязательно, залогсиз бўлмайди.

Озодлик: Қишлоқ жойда гаровга нима қўйиш мумкин?

- Учинчи шахс кафиллигини қўйиш мумкин.

Озодлик: Учинчи шахс кафиллиги деганингиз қанақа бўлади?

- Ўқитувчиларнинг иш ҳақини гаровга қўядида. Агар у тўламаса, мен тўлаб бераман деган кафолатнома беради. Қариндоши бўлиши мумкин, қўшниси бўлиши мумкин. Фарқи нима бизга? У нотариусдан ўтказиб беради.

Озодлик: Учинчи шахс кафолатидан бошқа қишлоқ жойда гаровга яна нима қўйиш мумкин?

- Машина қўйиши мумкин.

Озодлик: Машинаси бўлмасачи?

- Бошқа техника бўлиши мумкин, савдо дўконлари бўлиши мумкин.

Озодлик: Уйини қўя оладими?

- Йўқ.

Озодлик: Уйдаги мебел бўлса-чи?

- Йўқ, уларни қўя олмайди.

Озодлик: Катта суммадаги гарнитур бўлиши мумкин уйида.

- Йўқ, уларни ололмаймиз, дейди “Халқ банки” ходими.

Демак, амалдаги тартибга кўра, кредит таъминоти сифатида гаровга қуйидагилар қўйилиши мумкин:

a) мол-мулк;
б) қимматли қоғозлар;
в) банк ёки бошқа кредит муассасаларида чет эл валютасида ёки сўмдаги депозит кўринишидаги маблағ;
г) банк, суғурта компаниясининг кафолати- суғурта полиси;
д) учинчи шахс кафиллиги;


Кредит олиш учун талаб қилинадиган машина, турар жой бўлмаган бинолар ёки қимматбаҳо буюмларни топишнинг иложи бўлмагани боис аксар талабалар банкдан кредит олиш имконсиз эканидан гапиришади.

Тошкентдаги “Турон банк” бўлимларидан бирининг ходимига кўра, бундай ҳолатда талаба учун кредит таъминотига гаров сифатида энг осони суғурта компаниясидан кафолат олишдир.

- Талабаларга энг яхшиси суғурта полис тақдим этиш.

Озодлик: Суғурта полисига қанча тўлаш керак бўлади, масалан 5 миллион сўм олмоқчи бўлса?

- 5 миллиондан энди суғурта компанияларининг фоизи бўлади ҳисоблаб берадиган, маълум бир процентдан ҳисоблаб беради. Масалан 0,2 бўлиши мумкин ëки 0,1дан ҳисоблаб бериши муккин. Буни суғурта компаниясининг ўзи нима қилади. Дейлик, 0,2дан бўладиган бўлса, 10 минг сўмдан тўлайди йилига, дейди “Турон банк” ходими.

Шунингдек, суҳбатдошимизнинг айтишича, талабанинг катта миқдорда пенсия пули оладиган пенсионер қариндоши бўлса, унинг кафиллиги ҳам ўтиши мумкин.

- Пенсионер бўлса, агар пенсияси етса, қабул қилса бўлади. Таълим учун контракт суммаси 5 миллион сўм бўлиши мумкин, 5,5 миллион бўлиши мумкин. Бизлар уни бўламиз, ойига қанчадан тўлайди ўрганамиз. Агар пенсионер пенсия ëшига етиб пенсия оладиган бўлса, у ҳақли тўлаб беришга. Чунки унинг невараси бўлса ëки ўғли бўлса. Бизнинг низомларда ҳам кўрсатиб ўтилган, ўзимизнинг ички сиëсатда кўрсатиб ўтилган. Бу ерда айтиладики, ота-онаси пенсия ëшида бўлса ëки нафақада бўлса ëки боқувчиси бўлса, ўшаларга берса бўлади деган жойи бор, дейди “Турон банк” ходими.

Таълим кредити бакалаврларга 10 йилгача, магистрларга эса 5 йилгача бўлган муддатларга берилади.

Таълим кредитининг фоизи Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда, яъни йиллик 14 фоиз қилиб белгиланган.

“Асака” банкнинг вилоят бўлимларидан бирининг ходимига кўра, кредит фоизларини ҳар ойда тўлай олмаган талаба маҳкамага тортилиши мумкин.

- Фоизи ҳар ойда қайтарилади. Асосий қарз ўқишни битиргандан кейин учинчи ойдан бошлаб қайтарилади.

Озодлик: Мабодо фоизини тўлай олмасачи?

- Чора кўрилади. Судга берилиб, гаровдаги мол-мулк ҳисобидан ундирилади. Судга, прокуратурага берилади. Институтга хабар берилади, дейди “Асака” банкнинг вилоят бўлимларидан бирининг ходими.

Қарз олувчи кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганда ваколатли банклар кредит беришни вақтинча ёки тўлиқ тўхтатиб қўйишлари мумкин.

Талаба олий ўқув юртини битирганидан 3 ой ўтгач кредитни қайтаришни бошлаши шарт.

Таълим кредити олган талаба ўқиш тугамасдан талабалар сафидан чиқарилса, 3 ой муддатда таълим кредити ва унга қўшилган фоизлар бўйича қарзларни тўлиқ қайтариши керак. Олийгоҳ раҳбарияти ҳам талабалар сафидан чиқариш ҳақидаги буйруқ чиққан кундан 10 иш куни мобайнида банкка хабар бериши талаб этилади. Акс ҳолда олийгоҳ маълум қилинмаган вақт учун фоизларни банкка тўлашга мажбур бўлади.

Ҳукумат қарорига кўра, чин етимлар ва меҳрибонлик уйида тарбияланган талабалар, болаликдан биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига таълим кредити фоизсиз берилади.

Шунингдек, кам таъминланган оилалардан чиққан талабалар учун кредит учун қўшилган фоизлар суммасининг 50 фоизини Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси тўлаб бериши кўзда тутилган.

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG