Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:02

Атамбаев Тошкент билан муносабатларни яхшилай олмаётганини тан олди


Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон билан сиёсий-иқтисодий муносабатларни яхшилаш ҳаракатлари ҳозирча кутилганидай натижа бермаётганини айтди. Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбати давомида президент “Туркияда Атамбаевнинг фохишахоналар тармоғи бор” деган маълумотларни тухмат деб баҳолади.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 31 августда нишонланадиган мамлакат мустақиллиги куни арафасида Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида расмий Бишкек Ўзбекистондан ташқари барча қўшни давлатлар билан сиёсий ва иқтисодий алоқларни қониқарли даражада ривожлантира олганини айтди.

Атамбаев Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилай олмаётганини тан олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:06 0:00
Бевосита линк

Атамбаев суҳбат чоғида Қирғизистонда гидроэнергетик иншоотлар барпо этиш лоийҳасига қарши чиқиб келаётган Ўзбекистон билан муносабатларнинг яхшилаш учун қирғиз халқи манфаатларидан воз кеча олмаслигини шаъма қилиб ўтди.

-Албатта, Ўзбекистон билан муносабатларимиз кўнгилдаги даражада эмас. Буни мен бўйнимга оламан. Мен бир неча маротаба ҳурматли Ислом Абдуғаниевич билан учрашганман, Москвада ҳам, Пекинда ҳам. У кишини қаерда кўрсам, албатта, учрашишга ҳаракат қиламан. У киши, Худо хоҳласа Қирғизистонга келишини айтди. Келса, яна учрашамиз. Аммо, гапнинг очиғини айтадиган бўлсам, қўшни давлат билан муомилани яхшилайман деб, Қирғизистон манфаатларини унута олмайман. -деди Алмазбек Атамбаев .

Президентнинг айтишича, Қозоғистон, Тожикистон, Хитой ва Россия билан муносабатлар 2009 йилга нисбатан анча яхшиланган. Президент Бакиев даврида қўшни давлатлар ва айниқса Россия билан Қирғизистон муносабатлари ёмонлашган эди.

Айни пайтда Қирғизистон сиёсий доираларида Атамбаев ҳукумати мамлакатни Россияга қул қилиш сиёсатини олиб бораяпти, деган фикрлар ҳам мавжуд. Бундай фикрловчилар “Қирғизгаз” ширкати, “Достон” ҳарбий заводи каби бир қатор стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларнинг Россияга арзон гаровга берилганини, Норин ГЭС каскадлари ва Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши Россияга топшириб қўйилганини далил сифатида келтирадилар. Атамбаев эса Россия билан ҳамкорлик Қирғизистонга фақат фойда келтиради, деб ҳисоблайди.

-Россия “Қирғизгаз”ни қарзлари билан олди. “Қирғизгаз”нинг 40 миллион доллар қарзи бор. Бундан ташқари Россия Қирғизистон газ тармоғига 400 миллион доллар сармоя ётқизиш мажбуриятини олган. ГЭСлар барпо этилса Қирғизистон янада қудратлироқ бўлади. Бу биз учун фақат фойдали ҳамкорликдир, -деди президент.

Қирғизистон ҳукумати 2014 йилнинг июлигача Бишкекдаги АҚШ базасини мамлакатдан чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилган эди. Атамбаев бу қарорни шарҳлар экан, биргина АҚШ ҳарбийларининг Қирғизистондан чиқарилиши тўғрисидаги баёнот оритдан ўз мамлакати катта иқтисодий манфаат кўрганини билдирди:

-Биргина Россия 500 миллион доллар қарзидан воз кечди. Хитойдан ва Россиядан катта миқдорда грантлар кела бошлади, -деди Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон Давлат Кадр хизмати бир ҳафта муқаддам президент Атамбаев ва бошқа ҳукумат амалдорларининг солиқ декларацияларини жамоатчиликка ошкор қилган эди. Декларацияда Атамбаев ўз ширкатларини президентлик ваколати тугагунича бошқа шахсларнинг ишончли бошқарувига топшириб қўйгани, ўзи эса президент сифатида 2012 йилда 20 минг доллардан ортиқроқ ойлик олгани, унинг турмуш ўртоғи эса асосий иш жойидан ва қимматбаҳо қоғозлар савдосидан 130 минг доллар даромад топганини ёзган эди.

Қирғиз матбуоти декларация маълумотлари ошкор этилганидан сўнг президент Атамбаевни Туркиядаги мол-мулкини яширганликда айблаган. Бироқ президент суҳбат давомида бу маълумотларни инкор қилди.

-Мен Ақаев ҳукмронлиги даврида “иложсизликдан Туркияда ишлаяпман”, деб айтганман, бироқ “мол –мулкимни Қирғизистондан чиқардим”, деб айтган эмасман. Менинг барча мулким Қирғизистонда. Ўртача ҳисобда Қирғизистонда 10 миллион долларга яқин мулким бор. Бундан ҳам кўпроқ мулкимни Ақаев ўз вақтида тортиб олган. Худога шукур, қолган мулким ҳам ўзимга етарли. Ақаев даврида Туркияда уч ой ишлаб, қўшма корхона ташкил қилганман. Аммо кейин уни ёпиб, Қирғизистонга қайтганман. Айрим сайтларда “Атамбаевнинг Туркияда фохишахоналар тармоғи бор” деган ифлос сўзларни ёзишаяпти.Туркиянинг президенти мени қанчалик ҳурмат қилишини биласиз. Ҳақиқий мусулмон одам. Туркия Бош вазири қанчалик мени ҳурмат қилади. У ҳам беш маҳал намоз ўқийди. Агар мен мана шундай қабиҳ ишларни қиладиган одам бўлсам, шундай кишиларнинг ҳурматига сазовор бўлармидим?, -деди Алмазбек Атмабаев.
XS
SM
MD
LG