Франция ҳукумати ўтган ойда Дамашқда рўй берган кимёвий ҳужумни фақатгина Сурия ҳукумати амалга ошириши мумкин бўлган, дея баён қилди. Бу ҳақда душанба куни гапирган бош вазир Жан Марк Эйро Сурияга ҳарбий интервенцияда Фарнция фақат халқаро коалиция сафида иштирок этишини билдирди. Айни пайтда президент Барак Обама ҳукумати АҚШ Конгрессини Сурияга ҳарбий зарба бериш режасини маъқуллашга кўндиришга уринмоқда.
Франция разведкаси тайёрлаган ҳисоботда икки ҳафта аввал Дамашқ яқинида амалга оширилган кимёвий ҳужум ортида фақатгина Сурия ҳукумати тарафидаги кучлар турган бўлиши мумкин, деган хулоса берилган. Разведка ҳисоботида 21 август кунги ҳужум пайтида “кимёвий моддалардан кенг фойдаланилган”, дейилади. Ҳисоботда шунингдек ҳужум оқибатида камида 281 киши ҳалок бўлгани ҳам қайд этилган.
Франция ҳукуматидаги манбалар разведка хулосалари сунъий йўлдошдан олинган тасвирларга асосланганини айтмоқда. Бу тасвирларда ҳужум ҳукумат назоратидаги ҳудуддан туриб исёнчилар қўлидаги мавзеларни нишонга олган акс этган.
Разведка ҳисоботини душанба куни Франция Бош вазири Жан-Марк Эйро тақдим қилди. Лекин, деди у, Франция ҳарбий операцияда халқаро коалиция сафида иштирок этиши мумкин.
- Франциянинг ёлғиз ҳаракат қилиши масаласи кун тартибида йўқ. Республика президенти иложи борича тезроқ коалиция тузиш устида иш олиб бормоқда. Франция бу мақсадни амалга оширишда иштирок этиши керак, чунки Франция халқаро қонунларни ҳурмат қилиш принципини ҳимоя қилади,- деди Эйро.
Айни пайтда, Вашингтонда чиқиш қилган АҚШ Сенатори Жон МакКейн президент Барак Обама конгрессни Сурияга ҳарбий ҳужум уюштириш режаларига кўндириш учун қаттиқ ҳаракат қилишига тўғри келади, дея баён қилди.
МакКейн, шунингдек, АҚШ Конгресси Обаманинг Сурияга ҳарбий ҳужум қилиш режаларини маъқулламаса, бунинг ҳалокатли оқибатлари бўлади, дея огоҳлантирди.
- Агар АҚШ президенти ҳарбий ҳаракат бошлаш ҳақида қарор қабул қилганидан кейин, конгресс бундай резолюцияни рад қилса, бунинг ҳалокатли оқибатлари бўлади, чунки бу мамлакатнинг дўстлари ва ғанимлари олдида ишончлилигига путур етади ҳамда нафақат иқтидордаги президент, балки келажакдаги президентлар учун ҳам оқибатлари бўлади, деди МакКейн.
Обама Сурияда ҳарбий интервенция бошлашни 9 сентябр куни АҚШ Конгресси таътилдан қайтиб, бу масалани овозга қўйгунига қадар қолдирган.
Президент режасини маъқуллашга оид муҳокамаларнинг 3 сентябр куни бошланиши куктилмоқда. Сешанба куни АҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар бўйича қўмитасида уюштириладиган эшитувларда Мудофаа вазири Чак Ҳейгл ва Давлат котиби Жон Керрилар иштирок этади.
Сурия Президенти Башар ал-Ассад ўз ҳукуматига қўйилаётган айбловларни инкор қилишда давом этмоқда. Душанба куни Франциянинг “Le Figaro” газетасига берган интервьюсида Ассад Яқин Шарқдаги вазиятни порох бочкасига қиёслаб, ғарб давлатлари Сурияга ҳужум қиладиган бўлса, бутун минтақада вазият изидан чиқади, дея огоҳлантирди.
У Франция ҳарбий ҳаракатларда иштирок этадиган бўлса, бунинг оқибатлари бўлишидан алоҳида огоҳлантирди.
Айни пайтда душанба куни Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Сурияда кимёвий қурол ишлатилганига “кескин” жавоб қайтаришга чақирди.
Расмуссен ҳар қандай ҳарбий амалиёт “жуда қисқа, кескин ва яхши ўйланган бўлади”, дея қўшимча қилди.
- Агар бу вазиятда жавоб қайтармай четда қараб турсак, бу бутун дунёдаги диктаторларга, таъбир жоиз бўлса, хавфли мужда бўлади. Масала қандай ва қачон жавоб қайтаришдадир, демократик жамиятларда демократик жараёнларни ҳурмат қилишимиз ва уларни қабул қилишимиз керак. Лекин менинг қатъий позициям шуки, халқаро ҳамжамият бундай вазиятда жавоб қайтариши даркор, деди НАТО раҳбари.
1 сентябр куни давлат котиби Жон Керри Қўшма Штатлар ихтиёридаги маълумотлар Суриядаги ҳужумда зарин гази ишлатилганини кўрсатади, дея таъкидлаган эди. Керри бу далиллар Москвага юборилганини ҳам билдирди.
Лекин Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров душанба куни қилган чиқишида бу далиллар “жиддий шубҳалар” туғдиришини баён қилди.
- Бу ерда “қўшстандарт” ёндашуви борлигини аниқ кўришимиз мумкин. Гап шахсиятларда экани аниқ кўриниб турибди, яъни кимгадири бирорта авторитар ҳукмдорнинг ёқмаслиги уни ҳокимиятдан ағдариш керак деган хулосани келтириб чиқаради,- деди Лавров.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ҳам душанба куни АҚШ илгари сурган далиллар расмий Пекинга тақдим қилинганини эълон қилди. Лекин БМТ инспекторлари ўз хулосаларини бермагунга қадар “шошмашошарлик қилишдан” огоҳлантирди.
БМТ инспекторлари ҳозирда иддао қилинган кимёвий ҳужум жойидан олинган намуналарни таҳлил қилмоқда.