Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:55

Москва мэрияси муҳожирни тиббий кўрикдан ўтишга мажбурламоқчи


Москва расмийлари меҳнат муҳожирлари учун яна бир тўсиқ яратиш ташаббуси билан чиқди.
Москва расмийлари меҳнат муҳожирлари учун яна бир тўсиқ яратиш ташаббуси билан чиқди.

Москва шаҳар ҳокимияти ишга рухсатнома олаётган муҳожирларни тиббий кўрикдан ўтишга мажбурламоқчи. Шаҳар мэрияси шу тариқа Россияга “турли оғир касалликларни олиб келаётган” мигрантларни аниқлаб, уларни ортга қайтариб юбориш ниятида.


Россия пойтахти мэри муовини Леонид Печатников “Коммерсантъ” нашрига берган интервюсида миграция қонунчилигини янада кескинлаштириш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини билдирди.

У янги қонунда тиббий кўрикдан ўтганини тасдиқловчи маълумотнома олиб келмаган муҳожирга Миграция идорасида ишга рухсатнома берилмаслиги белгиланганини маълум қилди.

Ҳозирда қабул қилинган қоидага кўра, Федерал миграция хизматидан ишга рухсатнома олган муҳожир бир ой ичида тиббий кўрикдан ўтгани тўғрисида ҳужжат олиб келиб топшириши зарур. Акс ҳолда ФМС берилган ишга рухсатномани автоматик тарзда бекор қилади.

Москва маъмурияти мигрантларга 30 кунлик муҳлат беришни бекор қилмоқчи эканини гапирган вице-мэр Леонид Печатников, рухсатнома олган муҳожирлар “балони ҳам олиб келишмаяпти ва ғойиб бўлишмоқда”, деди.

- Биз эса сил, сифилис ва, Худо кўрсатмасин, қора ўлат орттириб оляпмиз. Биз уларга шу 30 кунни ҳам бермоқчи эмасмиз! – деди журналистларга шаҳар маъмурияти раҳбари Леонид Печатников.

Россия Давлат Думасига киритилган янги қонун лойиҳасида иш излаб келган меҳнат муҳожири рухсатномани қўлга киритиш учун ариза, паспорт, миграция картаси ва давлат божи тўғрисида маълумотнома билан биргаликда тиббий қўрикдан ўтгани ҳақида маълумотномани ҳам миграция идорасига тақдим этиши керак.

Айрим кузатувчилар Россия пойтахти раҳбариятининг бу тартибни жорий қилиш истагига Қирғизистоннинг Ак-Суу туманида ўлат чиққани тўғрисидаги хабарлар таъсир қилганини айтмоқда.

Москва ҳукуматининг бу ташаббусидан хабар топган миграция масалалари бўйича “Тонг” ноҳукумат ташкилоти раҳбари Валентина Чупик Озодлик билан суҳбатда уни “сайловолди кўзбўямачилиги”, деб атади.

- Гап шундаки, Москва ҳукумати “миллий масалани” кўтариб, миграция қонунчилиги гўё кескинлаштирилаётганини кўз-кўз қилмоқчи. Аслини олиб қарасангиз, ишга рухсатномалар иш берувчи томонидан расмийлаштирилмоқда. Бунинг учун иш берувчи мигрантлардан ўзи белгилаган миқдорда пул олади. Лекин, бу иш берувчиларнинг аксари моҳиятан воситачи – у шунчаки муҳожирларни ишга ёллайди ва ишлатади. Шу сабабли, бундай даллоллар ишга рухсатномаларни олиш учун Миграция идорасига ҳужжатлар билан бирга тиббий маълумотномаларни ҳам топширади. Яъни, аслида ҳеч қайси бир ФМС бўлими тиббий маълумотномасиз ҳужжатларни қабул қилмайди,- дейди Валентина Чупик.

Мутахассиснинг фикрича, мигрантларга тиббий маълумотномалар расмийлаштириш ФМС ва бошқа қатор тиббий идора ходимларининг баъзилари учун қўшимча даромад манбаига айланиб қолган.

Валентина Чупик Москва шаҳар маъмуриятининг Думага киритган қонун лойиҳаси шунчаки қалбаки тиббий маълумотномалар тарқатилишини қонунийлаштиришини гапиради.

- Қизиғи, қонунда ҳақиқатан 30 кунлик муҳлат тўғрисида ёзилган. Аммо муҳожирлар ўзлари ишга рухсатнома олиш учун ҳужжат топширишдан маҳрум этилгани боис, бу билан унинг иш берувчиси шуғулланаяпти. Айтмоқчиманки, жаноб Печатников ташаббуси бу соҳада деярли ҳеч нарсани ўзгартирмайди, чунки бу қоида усиз ҳам жорий қилиб бўлинган,- дея кулади “Тонг” ташкилоти раиси Валентина Чупик.

Федерал миграция хизмати Москва мэрияси ташаббусини ҳозирча изоҳламаслиги билдирмоқда.

Леонид Печатников эса ишга жойлашаётган муҳожирлар эндиликда қалбаки тиббий ҳужжатларни сотиб ололмаслигини айтади. “Тиббий кўрикнинг асосий мақсадларидан бири – ОИТС касаллигига текширувдан ўтказишдир. Уни эса фақат давлат лабораторияларида амалга оширишади, улар саноқли, назорат остида, демак лицензиядан маҳрум бўлиш хавфи остида пулга маълумотнома сотмайди”, деди шаҳар ҳокими муовини.

Бундан олдинроқ Леонид Печатниковнинг ўзи Москвага ишга келаётган муҳожирлардан наркотик ва алкоголга анализлар олинмаслигини эълон қилган эди. Шу тариқа, 2013 йилнинг 1 февралида жорий қилинган бу текширувлар давомида Россия Соғлиқни сақлаш идоралари бирорта банги ёки пиёниста муҳожирни аниқлай олмаганини расман тан олди.

Россия Федерал миграция хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида мамлакатга қарийб 12 миллион хорижлик кириб келган, улардан 35 фоизи – Москва минтақасида жойлашиб олган.

ФМС бошқармасига кўра, бугунги кунда Россияда 2 миллион 730 минг Ўзбекистон фуқароси яшаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG