Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:17

Наманганда пахта учун аҳоли ва тадбиркорлардан пул ундирилмоқда


Ҳашарчилар пахта теримига олиб кетиляпти
Ҳашарчилар пахта теримига олиб кетиляпти
Наманган вилоятида пахта теримига умумий сафарбарлик эълон қилинди. Пахтага чиққан корхона ва ташкилотлар изидан маҳаллалардан теримга одам йиғиш бошланди. Пахтага одам топиб бермаган хонадонлар маҳаллага мардикор ёллаш учун пул йиғиб беришга мажбурланмоқда.

Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг маҳаллий нашрларга билдиришича, бу йилги пахта теримида вилоятда 180 минг нафар одам иштирок этади. Вилоятдаги учта олийгоҳ талабалари, барча корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари теримга жалб қилинади.

Вилоят ҳокимлигининг терим бошланиши ҳақидаги фармонидан сўнг, шаҳардаги барча маҳаллалар пахта теримига одам топиш ҳаракатини бошлаб юборди.

Наманган шаҳридаги маҳаллалардан бирида истиқомат қилувчи Назиржон исмли йигитнинг айтишича, ҳар бир оила ë пахтага одам юбориш¸ ëки ўз ўрнига мардикор ëллаш учун пул беришга мажбурланмоқда:

- Қайси бир хонадон 20-25 минг сўмдан пул берса, пахта теримига бормайди. Бу пулни маҳалла қўмиталари уйма-уй юриб йиғаяпти. Айтишларича, йиғилган пулга мардикор теримчи ёллаб маҳалла номидан жўнатишар экан. Тадбиркорлардан эса фаолият доирасига қараб 200 минг сўмдан 500 минг сўмгача олишаяпти, дейди наманганлик Назиржон.

13 сентябрдан бошлаб, шаҳардаги барча корхона ва ташкилотлар пахта теримига ётоғи билан теримчи ҳашарчилар гуруҳларини жўната бошлади.

Наманган вилоятининг Косонсой туман милиция бўлими бошлиғи маҳаллаларда мажлис ўтказиб, жамоатчиликни бошқа вилоятларга мардикорликка кетиб қолиш оқибатларидан огоҳлантирмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг Косонсойдаги манбаси хабар қилди:

- Ҳозир ҳар куни началник милиция маҳаллаларга юриб мажлис қилаяпти. Ўтган йили Жиззах, Сирдарё, Қозоғистондан одамлар келиб теримга мардикорликка олиб кетган. Шу одамлар бу йил яна чиқиб кетмасин¸ деб маҳаллақўмларга қаттиқ топшириқ бераяпти. Шунинг учун маҳалла уйма-уй юриб¸ "сен пахтага чиқасан" деб списка қилаяпти. Унинг хоҳиши борми, йўқми сўраб ҳам ўтиргани йўқ, ҳаммаси мажбурий, дейди Озодлик манбаси.

Озодлик ўз манбаларидан олинган бу хабарларга муносабат олиш учун Наманган вилояти ҳокимлиги билан боғланди. Ҳокимликнинг ўзини таништирмаган мулозими корхона ва ташкилотлар ходимлари пахтага сафарбар этилаётганини тасдиқлар экан, маҳаллаларда пахта терими учун пул йиғилаётганини инкор қилди.

Жорий йилда Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларига Ўзбекистондаги пахта теримини мониторинг қилишга рухсат берган.

Бироқ расмийлар пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланишни хаспўшлаш учун пахта теримига чиқадиган корхона ва ташкилотлар ходимларига бу “мажбурлов”ни “сотиб қўймаслик” ҳақида олдиндан огоҳлантираяпти.

Тошкент шаҳридаги корхоналардан бирида ишлаётган ишчи Озодлик радиосига ёзган мактубида бу ҳақда шундай дейди:

“Мани исмим Шоҳруҳ. Озодликда Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонга келгани ва кузатув олиб бориши ҳақида ўргандим. Бизни ҳам охирги уч йилдан бери Жиззахга пахтага олиб боришмоқда. Кимлар ва қачон бориши рўйхати тузилган. Халқаро ташкилотлар сўровнома олиб бориши ҳақида ҳам айтиб ўтишди. Ҳатто уларнинг саволларига қандай жавоб беришимиз ҳақидаям кўрсатма беришди. Яъни, биз, пахтага ўз хоҳишимиз билан, давлатимизга ёрдам бериш, иқтисодни кўтариш, ватан учун фидокорона меҳнат қилишимиз учун чиққанлигимизни айтишимиз лозим”, деб ёзади Тошкентдаги корхоналардан бирида ишлайдиган Шоҳруҳ.

Расмий идоралар ва Озодлик манбалари йўллаган хабарлар мазмунига кўра, Ўзбекистонда бу йилги пахта ҳосилининг ҳам, асосан, давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусий корхоналар ва айниқса, таълим муассасалари ходимлари, талабаларни мажбурлаб далага ҳайдаш орқали териб олиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG